Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:40

“Фақат “шапка” берганлар мошинага шартнома олди”


Бу йил ҳам ҳаммага ўз пулига машина сотиб олиш насиб қилмади.
Бу йил ҳам ҳаммага ўз пулига машина сотиб олиш насиб қилмади.

Қарши шаҳридаги автосалондан келаси йил машина олиш учун фақат пора берганлар шартнома олди. Қўқонда эса катта рўмол ўраган аёл маъмурий жавобгарликка тортилиб, жарима солинди. Бу ҳақда ОзодМикрофонга қўнғироқ қилган тингловчилар гапириб берди.

Қарши шаҳрида тадбиркорлик қиладиган Баҳодир Нусуров уч йилдан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Nexia автомобилини ололмаётгани айтар экан, бу йил ҳам фақат пора берганлар шартнома олганлигини иддао қилди:

- Уч йилдан буён Қарши шаҳридаги автосалонга қатнайман. Ҳеч йўқки шартнома ололсам. Ахийри июнь ойида GMнинг Тошкентдаги идорасига арз қилиб борган эдим. Менга бу йил шартнома оласиз деган хат берган эди. Лекин бу йил ҳам қуруқ қолдим.

Уч кун давомида Қаршидаги автосалон олдида ур-тўполон бўлди. Бу автосалон порахўрлар уюшмаси бўлиб қолган экан. Ўзларининг танишлари ва кимки 1000-2000 доллар пора берган бўлса ўшалар шартнома олди. Бошқа одамларни эса қувиб чиқарди. Тўқсондан ошган бир отахонни у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа суришди, бечора у ҳам шартнома ололмади.

Хуллас, оддий одамлар яна қуруқ қолди. Бизлар билан итдай гаплашди. Президентимиз бу заводни халқ учун қурганку, бу порахўрлар эса бундан ўзларига катта пул қиляпти,- деди Баҳодир Нусуров.

“Катта рўмол ўраганим учун суд қилишди”

Исми сир қолишини сўраган қўқонлик тингловчи катта рўмол ўрагани учун судга тортилиб, унга катта миқдорда жарима солинганидан шикоят қилди:

- Рўмол ҳақида Шайх Абдулазиз Мансур билан радиода қилган суҳбатларингни эшитгандим. Шайх узун кўйлак ва рўмол бизнинг миллий либосимиз деган эдилар. Лекин каттароқ рўмол ўраганим учун мен беш юз минг сўм жарима билан жазоландим.

Гап шундаки, мен ҳижобда эмасман. Кўк штампил кўйлак ва катта оқ жигар рангли рўмолда юрардим. Кейин мени маҳаллага участковойимиз чақириб, тушунтириш хати ёздириб, тушунтириш хати олишди. Мени кийимим улар учун ибодат либоси экан. Бунақа юришим мумкин эмас экан. Кейин судга чақириб, менга 500 минг сўм жарима солишди, шуни 10 кунда тўлашим керак экан.

Шайх рўмол ва узун кўйлак миллий либосимиз деганига, мен бу ҳижоб эмаску ёки қора рангда эмаску деб ўрагандим, охир-оқибат эса менга жарима солишди,- деди қўқонлик намозхон аёл.

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG