Линклар

Тоғли Бадахшондан ҳарбийлар чиқарилмоқда


Хоруғдаги норозилик намойишларидан бири.

Хоруғдаги норозилик намойишларидан бири.

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан тожик ҳарбийларининг олиб чиқилиши бошлангани, маҳаллий фаолларга кўра, давлат миллий телевиденияси орқали намойиш этилган. Ҳарбийларнинг мухтор вилоят пойтахти Хоруғдан чиқарилиши бадахшонликларнинг Душанбега қўйган талабларидан бири эди.

Тожикистон мухолифатидаги Социал-демократлар партияси Хоруғ бўлими раҳбари Олим Шерзамонов бу воқеани қуйидагича шарҳлади:

-Вазиятни барқарорлаштириш, низоларга йўл қўймаслик учун 2012-2014 йилларда Хоруғга киритилган қўшимча кучлар шаҳардан ташқарига, доимий дислокация жойига чиқарилиши талаб қилинган эди. Музокаралар пайтида ҳукумат Хоруғда қўшимча кучлар борлигини тан олган ҳам, рад этган ҳам эмас эди. Лекин оғзаки тарзда ваъда беришган. Хоруғдан қўшимча кучларнинг қанчаси чиқарилди, қанчаси қолдирилди, буни аниқ билмаймиз, -деди Олим Шерзамонов.

Хоруғда сўнгги кризис шу йилнинг майида кузатилган эди. Ўшанда милициянинг жиноятчиларни қидириш амалиёти пайтида ўқ узилган. Бундан норози бўлган аҳоли прокуратура, суд биноларига ва автомашиналарга ўт қўйган. Тартибсизликлар пайтида уч одам ҳалок бўлган.

Душанбелик таҳлилчи Саймудин Дустов Тоғли Бадахшонда душманлик кайфияти йўқлигини, марказий ҳукумат ва мухтор вилоят аҳолиси ўртасидаги келишмовчиликлар омили эса иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг ёмонлиги эканини такидлайди:

-Бадахшон вилояти Тожикистон учун муаммоли ҳудуд. Бу вилоятда ишсизлик даражаси жуда юқори. Республика миқёсида олинганда, Бадахшонда ҳукуматга ишончсизлик энг катта даражада. Жамиятнинг бир қисми ислоҳотларни, ўзгаришларни хоҳлайди. Ёшларга эса иш, ойлик,уй-жой керак. Бунинг устига Афғонистондаги вазиятга қараб, ташқи ўйинчилар, ташқи кучлар бу минтақадаги вазиятни мураккаблаштиришдан манфаатдор, -деди Саймуддин Дустов.

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Тожикистон ҳудудининг 45 фоизини ташкил этади, аммо мазкур ҳудудда Тожикистон аҳолисининг фақат 3 фоизи истиқомат қилади. Лекин шунга қарамай, Тоғли-Бадахшонда марказий ҳукуматга ишончисизлик оқибатида тез-тез низоли вазиятлар юз бермоқда.

Масалан, 2012 йил июлида Тожикистон махсус хизматининг Тоғли Бадахшондаги бошқармаси бошлиғи ўлдирилиб кетилганидан сўнг расмий Душанбе кўрсатмаси билан мазкур вилоятда махсус ҳарбий амалиёт ўтказилган эди. Амалиёт пайтида содир этилган отишувларда 70 киши ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG