Линклар

Ҳафта: Алда мени, алдагани ўзим яхши


Тошкентда ўзбек автомобилига пул топширишга навбат.

Тошкентда ўзбек автомобилига пул топширишга навбат.

Давлатдан 20 йил олдин заём сотиб олиб, бугунги кунда ўзларини алданган ҳис қилаётган ўзбекистонликлар шикояти, сўмда автомашина сотиб олиш учун автосалонлар олдида юзага келган ур-тўполон ва бошқа воқеалар Озодлик мухбирлари назаридан четда қолмади.

4 август: Эски заëмга кам пул берилганидан норозилар банкларни ўраб олишди

Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги “Халқ банки” бўлимлари олдига 4 август куни тўпланган аҳоли 1992 йил чиқарилган 12 фоизли облигациялар қийматининг озлигидан норозилик билдирди. Заëм эвазига қайтариладиган пулнинг нақд берилмасдан пластик карточкага ўтказилиши ҳақидаги хабар ҳам облигация эгаларининг жаҳлини чиқарди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Нукуснинг Ғаразсизлик кўчасида жойлашган “Халқ банки” биноси олдига душанба куни аксарияти қариялардан иборат 500га яқин одам тўпланиб, эски заëм эвазига қайтадиган пул озлигидан норозилик билдирган.

Озодликка маълум бўлишича Тошкент¸ Самаранд¸ Бухоро¸ Фарғона ва Наманган вилоятларидаги банклар олдида ҳам эски заëм эвазига қайтадиган пул озлигидан норози бўлганлар тўпланган.

Озодликнинг Халқ банкидаги манбаларининг айтишича¸ 1994 йил июлидан 2014 йил июлигача энг кам ойлик иш ҳақи 1373 марта ошганини ҳисобга олиб, заём облигацияларига 1,373 сўм (1 рубль : 1,373 сўм) миқдорида индексация коэффициенти белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелда қабул қилинган 165-сонли қарорига асосан, аҳоли ўртасида тарқатиш учун 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли Ўзбекистон облигациялари чиқарилган.

Облигацияларнинг муддати 20 йил этиб белгиланган бўлиб, улар учун тўловларни 2014 йилнинг 1 июлигача талаб қилиш белгиланган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган нукуслик меҳнат ветерани Сарсенбой ота 1992 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг ваъдасига ишониб алданганини айтади:

"Кун иссиғида эрталабдан очередда турган эдим, заëм пулини қайтариб оламан деб. Кейин чиқиб пул йўқ¸ хозир пул келса, пластикка ўтказамиз, деб айтди. Постановлениеда 1373 баробар дейилган яъни 1373 раз. Бу дегани 1000 сўмга 1 миллион 373 минг сўм беради, деб ишонувдим.

Келсак 1992 йилдаги 1000 сўмга орадан 22 йил ўтгандан сўнг 1373 сўм берамиз, деб устимиздан кулиб турибди. 1992 йилда ўн минг сўмга битта машина берар эди. Энди бўлса, ярим кило гўштни пулини бериб турибди. У ҳам бўлса пластикка"¸ деб таъкидлади суҳбатдош.

Бу фикрни ўз исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик иқтисодчи Озодлик билан суҳбатда 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём юзасидан ўз мажбуриятини бажармаган Ўзбекистон Молия вазирлигини бемалол фирибгарликда айблаш мумкинлигини айтди:

"1992 йилда чиқарилган облигацияларнинг умумий суммаси 24 миллиард сўм эди. Бу эса ўша пайтдаги Ўзбекистон ички ялпи махсулот ҳажмининг 70 фоизини ташкил қилган. Мендаги маълумотларга кўра¸ 1992 йили Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 2000 сўмни ташкил қилган. 1992 йилда энг кам ойлик¸ яъни 2000 сўмга номинали 250 сўм бўлган саккизта облигация сотиб олиш мумкин эди. 1992 йил охирида бир буханка қора нон беш сўм бўлган. Бир дона минг сўмлик облигация эвазига 200 дона буханка нон олиш мумкин эди. Бугун бир буханка қора нон 600 сўм туриши ҳисобга олинса, 1992 йил чиқарилган ва номинали минг сўм бўлган облигациянинг қиймати 120000 сўм бўлиши керак"¸ деди суҳбатдош.

5 август: МТС Ўзбекистонга UMS номи билан қайтаётгани маълум бўлди

Ўзбекистонга қайтаётган Россиянинг МТС ширкати билан 15 августгача Universal Mobile Systems (UMS) номли қўшма корхона тузиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди. МТС ширкати матбуот хизмати Тошкентдаги корхонага Бош директор қилиб Россия фуқароси тайинлаганини ҳам маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Россиянинг энг йирик мобил алоқа оператори - МТС ширкати билан 15 августга қадар "Universal Mobile Systems" номи остида янги қўшма корхона тузиш ҳақидаги қарори маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

МТС вакиласи UMS Қўшма корхонаси Муроса битимида белгиланган режага мувофиқ мобиль тармоқнинг техник тайёргарлик ишларини 1 ноябргача, мижозларга хизмат кўрсатишга тайёргарликни эса 1 декабргача якунлаш режаланганини айтди.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган. Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилгани боис 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

31 июль куни имзоланган Муроса битимига биноан ўзаро даъволар бекор қилинадиган бўлган.

6 август: Ўзбекистонда қўлга олинган тожик чўпонлари ватанига қайтарилди

Ўзбекистон Тожикистонга давлат чегарасини бузганликда айбланиб қўлга олинган 5 тожик чўпони ҳамда 2975 бош чорва молини қайтариб берди.

Ўзбекистон чегара хизматининг билдиришича, тожикистонлик чўпонлар ўтган ҳафта қўлга олинган. Уларни ватанига қайтариш юзасидан 31 июль ва 1 август кунлари Тожикистон чегарачилари билан музокаралар ўтказилган.

Тожикистон томони бундан буён чегарани бузиб ўтиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида чегара олди ҳудудларида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ниятини билдирган.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 1100 километрни ташкил қилади.

7 август: Автосалонларда сўмда машина олиш учун ур-йиқит

Тошкентдаги йирик автосалонларда GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни ўзбек сўмида харид қилиш учун шартнома берилиши ҳақидаги эълондан сўнг Тошкентдаги аксарият автомобиль дўконлари олдида яна ур-йиқит, тўполонлар бошланди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси Учтепа тумани Алгоритм мавзесидаги автомобиль салони олдида юз берган ҳолатни суратга олиб жўнатар экан, милиция ходимлари одамларни тартибга чақиришга мажбур қолганини айтди:

- Бугун эрталаб автосалон олдидан ўтиб кетаётиб қарасам, ур-сур, тўполон. Одамлар навбатларини адаштириб қўйган шекилли, ҳамма дўконга киришга ҳаракат қилаётган экан. Беш-олти милиционер дўкон олдини тўсиб олган ва одамларни навбатга туришга чақирарди. Тахминан, 200 киши бор эди, - деди тошкентлик манба.

Тошкентдаги автомобиль савдоси ва машиналарга техник хизмат кўрсатиш маркази ходими Аҳрор Озодлик билан суҳбатда автосалонларда ҳозир фақат шартномалар берилаётгани, автомобилнинг ўзи эса келаси йилда берилишини айтди.

"Роҳат" автосалони ходимига кўра, автомобил олишни хоҳлаган мижозлар машина нархининг 85 фоизини аввалдан тўлаб, шартнома имзолаганидан кейин 6-8 ой давомида янги машина олади.

8 август: Пахта йиғим – теримига одам тўплаш бошланди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен шаҳарларидаги коллеж ва лицей ўқитувчиларини пайдар-пай пахта теримига жўнатиш ҳақида рўйхат тузила бошлади. Бундан ташқари меҳнат таътилида бўлган ўқитувчилар ҳокимнинг буйруғи билан уйма-уй юриб пахта теримига яроқли бўлган шахсларни рўйхатга олмоқда.

Оҳангарон шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, улар меҳнат таътили пайтида уйма-уй юриб, пахта теримига одам йиғишга мажбурланмоқда:

- Бизда ўқитувчиларнинг биринчи, иккинчи потокка ким бориши рўйхати аллақачон тайёр. Энди директоримиз, ҳар бир ўқитувчига ўзининг маҳалласидан пахтага ким чиқишини ёзиб келишни буюрди. Ҳар бир уйга кириб, пахтага ким боришини, паспортини ксерокопиясини олиб келишимиз керак. Мана ҳозир ёзиб келдим,- дейди ўқитувчи.

Оҳангарон тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозими пахта териш мавсумига тайёргарлик қизғин бораётганини Озодликка айтди:

- Ҳа, тайёргарлик қизғин. Ҳокимимиз буйруғи билан одамларни пахтага сафарбар қилиш чораларини кўряпмиз. Маҳаллаларда ишга яроқли бўлган одамлар рўйхатга олиняпти. Ўқитувчилар, ҳамширалар навбатма навбат пахтага чиқади. Ҳаммаси яхши бўляпти, - деди ҳокимлик мулозими.

Оҳангаронга қўшни бўлган Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида ҳам ўқитувчилар ва аҳолини пахтага сафарбарлик қилишга тайёргарлик қизғин боряпти.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиш ҳолатлари кўпаëтгани кузатилаяпти.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

9 август: "Эбола вирусининг Ўзбекистонга келиши эхтимоли борасида ортиқча хавотир йўқ"

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғарбий Африка мамлакатларида тарқалган Эбола вирусини халқаро аҳамиятга эга бўлган таҳдид дея эълон қилар экан Ўзбекистон ҳам бу вируснинг мамлакатга киришини олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтирган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Комил Муҳаммедов Озодлик билан суҳбатда касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиши эхтимоли борасида ортиқча хавотир йўқ эканини айтди.

Жаноб Муҳаммедов четдан ҳар қандай юқумли касаллик, жумладан, Эбола вирусининг ҳам кириб келишини олдини олиш учун аэропорт ва чегара масканларида назорат кучайтирилганини айтди. Лекин Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда алоҳида карантин ҳолати жорий этилмаган.

- Ҳозирги пайтда Африкада тарқалган ва кенг тарқалиш хавфи бор бўлган бу вирус назоратини олиб бориш учун бизда ҳар бир чегара масканида, жумладан, аэропорт, вокзал ва чегарадан автотранспорт ўтиш жойларида санитария –назорат пунктлари бор.

Ҳар бир гумон қилинган шахс ўша пунктдан ўтаётганда иситмаси текширилиб, агар нимадир гумон қилинса, дарров изоляция қилиниб, тегишли тадбирлар ўтказилади. Халқаро аэропортларимизда тепловизорлар ўрнатилган. Чегара масканларимизда ҳам масофадан иситмани ўлчайдиган мосламалар бор. Ҳозир бу касалликни мамлакатга киришини олиш учун барча чора тадбирлар кўрилган, - деди Муҳаммедов.

Ўзбекистоннинг кўпгина аэропортларида шубҳали кўринган йўловчилар ҳар доимгидек текширилмоқда. Ҳозирча аэропортда Эбола касаллиги берадиган аломатлар билан ҳеч ким қайд этилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, шу кунгача эбола вируси юққан қарийб 1000 киши ўлган. Эбола вируси бу йил биринчи марта март ойида Гвинеяда қайд этилган эди.

Бу касалликка қарши эмлаш воситалари йўқ. Касаллик илк бор 1976 йилда Судан ва Конго Демократик Республикасида қайд этилган эди. Ўшанда касалликка чалинган 600 бемордан 432 нафари нобуд бўлган эди.

Эбола вируси тери кўчиши, иситма ошиши ва қонаш аломатлари билан билинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG