Линклар

Чақимчи-имомликдан қочган замонавий дарвеш - Фахриддин Розий


Фахриддин Розий дунёнинг энг ривожланган давлати - Малайзия пойтахтидаги дарвешона бошпанасида Skype орқали Озодлик билан суҳбатда.

Фахриддин Розий дунёнинг энг ривожланган давлати - Малайзия пойтахтидаги дарвешона бошпанасида Skype орқали Озодлик билан суҳбатда.

Чақимчига айланиб қолишдан қўрқиб, Ўзбекистонда имомлик таклифини рад этган ва айни кунларда Малайзияда бугунидан эртасига заҳира сақламай ҳаёт кечираётган ургутлик Фахриддин Розий "Ўзбек имомлари" рукни қаҳрамонидир.

Фахриддин Розийни таниганлар кўп

44 яшар суҳбатдошимиз - Фахриддин Розийни туғилган юрти Ургут тумани ва Самарқанд вилоятида таниган-билганлар ака-ука Аъзам ва Баҳромхон эшоннинг авлоди, деб билади.

Тошкентда уни таниган-билганлар эса Чорсу бозори яқинидаги собиқ диний китоб расталарида бир неча йил диний китоб ва мушки анбарлар сотган, шу аснода харидорларга тинимсиз Жалолиддин Румий, Баҳовуддин Нақшбандий, имом Бухорий каби аҳли илмлар меросидан шингиллар улашган шинаванда сотувчи, деб эслайди.

Шунингдек, 1980 – 1990 йиллар орасида Ўзбекистон мустақиллиги ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашганлар бу кишини дилидаги гапи тилида бўлган ва ҳақ гапдан қайтмайдиган, ҳақ гап учун курашдан ҳайиқмаган, ургутлик жайдаритабиат фаол, деб хотирлайди.

Шу кунларда Малайзияда бу кишини таниган-билганлар эса эртаси учун бир-икки сўм пулини заҳира қилмаган, қарийб дарвешона ҳаёт кечираётган, шу ҳолида ҳам унга иши тушган одамларга ёрдам бериб юрган аҳли илмлардан бири, деб билади.

Бу киши 6 йил муқаддам бир шогирди совға қилган — гаплашиш ва смс-хабар ёзишдан бошқа функцияси бўлмаган эскигина Nokia телефони билан Озодлик радиосига боғланди.

Бунга қадар ҳам Озодликка айрим мавзуларда фикр-муносабатларини қисқача билдириб келган бу тингловчини ўтмиши ва бугунги куни ҳақида суҳбатга тортганимизда, шу кунларда хорижда юрган минглаб ўзбекистонлик мусулмонларни қизиқтириши мумкин бўлган тарихи борлигидан хабар топдик.

"Бизнинг авлод "Нақшбандийлик" тариқатига мансуб"

Фахриддин Розийнинг айтишича, бу киши "Ҳанафийлик" мазҳабига мансуб ва тақвосида бир йўл ўлароқ буюк ислом олими Баҳовуддин Нақшбандийдан мерос кўрилган "Нақшбандийлик" тариқатига амал қилади.

Бунинг илк сабаби Розийнинг пайғамбарлар авлодига бориб тақалиши ҳикоя қилинган ота-бобоси шу йўлни тутгани бўлса, иккинчи сабаб бир неча йил муқаддам оламдан ўтган яна бир йирик аҳли илм – Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида истиқомат қилган," Нақшбандийлик" тарқатининг Ўзбекистондаги энг йирик намоёндаси Иброҳим эшонга ихлоси бўлган.

- Ота-боболаримиз аслида "Нақшбандийлик" тариқатига мансуб бўлган. 1990-йилдан бери соқол қўяман. 2001 йил ўзим байъат берганман Иброҳим эшон ҳазратларига, Оллоҳ раҳмат қилсин у киши ўтиб кетдилар. Ёшлигимдан ҳужрада ўқиганман. Аввалига отамиз ўқитганлар, кейин Ургутда. Онамиз ҳам ўзига яраша илмли аёл бўлганлар, деб хотирлайди Фахриддин Розий.

"Ўзбекистонда имомлик чақимчиликсиз бўлмайди"

1996-1997 йилларда Тошкентнинг "Эски шаҳар"идаги диний китоблар сотиладиган растада китоб сотиб юрган ёшгина йигит Фахриддин Розийни - ўша пайтда аксар ёш диндорларга нисбатан бўлгани каби - Ўзбекистон махсус хизматлари сиқувга ола бошлади.

Унга 25 ёшлигида вилоятлардан бирида имомлик таклиф қилинди ва шу кунларда Ўзбекистонда имомлик қилиб юрган айрим аҳли илмлар каби бирозгина муросасоз бўлганида, балки бу киши ҳам шу кунда бирор туман ёки вилоят имом-хатиби рутбасига қадар чиққан бўлар эди.

Аммо айтишича, бу киши Ўзбекистон махфий хизматлари чақимчисига айланиб қолишдан қўрқиб, имомлик таклифини рад этган ва оқибатда, 4 йил қамоқда ҳам ўтириб чиқди.

- Тўғрисини айтаман, алҳамдулиллоҳ озгина диний илмим бор - имом бўлинг, дейишди. Отини айтмай қўя қолай, бир вилоятга имом бўлинг, дейишди. Ҳажга борасиз, ҳужжатларингизни қилиб берамиз, деб ваъдалар беришди. Хўп, деб ўшанда имом ҳам бўлдим, дейлик - унда мен охиратда нима, деб жавоб бераман, деб ўйланиб-қийналиб бошладим. Чунки, имом бўлсанг - бизга ишлайсан, дейишди. Йўқ ишламайман, дедим. Охири, Жаслиққа юборишди ўзлари, - дейди Фахриддин Розий.

"Мени қамаганларни кечирганман"

Фахриддин Розий Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги қамоқхоналарда жами 4 йил жазо ўтади.

Унга Ўзбекистон Жиноят Кодекси 159-, 244-моддалари асосида айб қўйилди.

Аммо, 2001 йилда АҚШ ҳукумати билан муносабатлар яхшилангач, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг авфи билан, ҳатто "Жаслиқ" қамоқхонасидан чиқарилган диндорлар орасида Фахриддин Розий ҳам озод бўлди.

Қамоқдан чиққач бу киши Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида номи чиққан аҳли илм – Иброҳим эшон ҳузурига йўл олди ва "Нақшбандийлик" тариқатининг Ўзбекистондаги етакчиси этагини тутди.

Яқинда қамоқдан чиққан диндорнинг бу ҳаракати 1990 йиллардан буён уни кузатиб юрган ҳуқуқ-тартибот идоралари назаридан четда қолмади.

Кунлардан бирида у кишини лавозими анча юқори поғонада бўлган милиционер сўроққа чақирди.

- Тошкентда бир катта мелиса эди. "Президентимиз ҳақида нима дейсиз?" деб сўради аввал. Мен айтдим: "Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишини билмоқчи бўлсанг, у киши билан сафар қил, бирга чой ич, деган. Мен президентимиз билан сафар қилмаганман, чой ичмаганман. У киши ҳақида билмайман", дедим. У киши раҳмат қори ака, дедида: "Бу ердан кетинг, сизни яна бир марта кўрсам қамашга мажбур бўламан, соқолли кишиларни қамашга буйруқ бўлган, кетинг, биз ҳам мусулмонмиз", деди. Шу киши сабаб мен Малайзияга келдим, - дейди Фахриддин Розий.

"Милиционерларни кўп даъват қилганман"

Марҳум пири Иброҳим эшон каби - кимлиги, амали, лавозими ва обрў-эътиборидан қатъий назар - ҳаммага бирдек яхши муносабатда бўлган ва бирдек хатоларини кечиришни одат қилган Фахриддин Розий Ўзбекистонда пайтида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларини Ислом дини йўлида ибодат ва тақвога даъват қилганини айтади.

- Бир куни мени яна олиб бориб, суд қилишди Самарқандда. Шунда судяга қарата: "Сиз ҳам бир кун ўлсангиз, сизга имомлар жаноза ўқийди, мусулмонлар сизни дафн қилади", дедим. Судя гапимга парво қилмади, 5 сутка берворди. Қарангки, вақти-соати етиб қолган экан, 7 кундан кейин судя вафот этди. Ишонсангиз, бир неча мелиса келиб: "Қори ака, бизни кечиринг, тасбеҳингизни синдирган эдим" деб тасбеҳларни қайтаришди. Энди бунинг ҳаммасига даъво қилаётганим йўқ. Шунчаки, мен мелисаларни ҳам кўп даъват қилганман, - дейди Фахриддин Розий.

"Мен таниган баъзи мелисалар мундирни ечиб, четга кетди"

Бу кишининг ўзи таниган-билган, у кишини қамаган, сўроққа тутган, қамоқхоналарда калтаклаган милиция ходимлари ҳақидаги фикрлари, умумиятла, шундай:

- Ҳатто, Жаслиқ қамоқхонасида маҳбуслар уларга зулм қилган қамоқхона нозирларини дуибад қилганида ҳам мен уларни дуоибанд қилмаганман, аксинча Оллоҳдан уларга инсоф тилаганман, - деди бу киши суҳбат орасида.

Унинг айтишича, бунинг ортидан у кишига қулоқ тутиб, кейинчалик ихлос қилиб, намоз ҳам ўқиб юборган милиционерлар сони ўнлаб. Муҳими, бундай милиционерларнинг айримлари кейинчалик мундирини ечиб, Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетган.

- Ҳозир уларнинг айримлари Франция, айримлари Америка яна бошқалари Европанинг бошқа давлатларида юришибди, ҳол-аҳвол сўраб туришади, деган Фаҳриддин Розий уни қисти-басти қилишдан чекинмаган ИИВ ва МХХ ходимларидан айримларининг зуғуми, айримларининг эса марҳамати остида 2009 йилларда Ўзбекистондан чиқиб кетганини айтади.

"Оллоҳга шукр, Малайзиядаман"

Тақдир тақозоси билан бу киши Малайзияга бориб қолди. Ҳозир пойтахтдаги 60 қаватли бинолардан бирининг 17-қаватида юзга яқин илм толибига ислом илми ва одобидан дарс бермоқда.

- Бу ерда ҳам мен дарс бераман. Ҳиндистондан, Покистондан, Бангладешдан шогирдларим бор. Биринчидан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Менинг йўлим - одобдур" деган эканлар. Булар жуда европалашиб кетган, таҳорат олиш, овқатланиш, муомалада Ислом одобидан чиқиб кетган. Ислом дини одоби ҳақида қўлимдан келганича дарс бераман. Кейин эса секин-секин "Қуръон"га тушамиз, - дейди суҳбатдош.

Фахриддин Розий билан биз у кишининг шогирдлари янги очиб берган Sype манзили орқали боғландик. У киши суҳбат орасида телефонини ҳам кўрсатди. Азбаройи кўп ишлатилганидан ранглари униқиб кетган кичкинагина телефон экан.

Шу телефони билан дунёнинг энг ривожланган исломий мамлакати бўлмиш Малайзия пойтахти Кула-лумпурда яшаётган Фахриддин Розий бу давлатга тушиб қолгани учун Оллоҳга минг бор шукр айтишини ҳам қўшимча қилади.

"Аслида бор нарса — йўқ, аслида йўқ нарса — бордир"

Озгина ишлаб, кўпгина пул топиш мумкин бўлган ёки исталган масжидда илм бериб, катта пул ишлаш мумкин бўлган шароитда эртаси учун пул ва овқат ғамлашни эътиқодига зид кўрган, қайриб дарвешона ҳаёт кечираётган ургутлик аҳли илм Фахриддин Розийнинг шиори шундай:

- Тўғри бу дунёни тўлиқ тарк қилиб бўлмайди. Аммо унутмайликки, бу дунё ўткинчи... Аслида бор нарса — йўқ нарса, аслида йўқ нарса — бор нарса, тушунаяпсизми?! Яъни, у дунё бор - Жаннат бор! - дейди Малайзияда юрган ургутлик диндор Фахриддин Розий.

Ислом оламининг буюк файласуфи, сўфийлик тариқати етакчиси Нақшбандий ғоясига эргашган – кўпроқ у дунё ғами билан яшаб, бу дуённи қисман тарк қилган ўзбекистонлик 44 яшар Фахриддин Розийнинг бошқаларга ўхшамаган ҳаётини сизга қиёс учун ҳикоя қилдик.

Зеро, бу Исломга эътиқоднинг баҳсларга сабаб бўлган юзлаб, эҳтимол минглаб йўлларидан биридир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG