Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Тошкентда Пахтакор - 79 хотирланди


Пахтакор- 79 хотирасига ўрнатилган ëдгорлик
Пахтакор- 79 хотирасига ўрнатилган ëдгорлик

11 август куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бундан роппа-роса 35 йил аввалги авиаҳалокатда нобуд бўлган пахтакорчиларни хотирлаш маросими ўтказилди. 1979 йилнинг 11 августида “Пахтакор” жамоаси Минскка учаëтиб ҳалокатга учраган эди.

Бундан 35 йил аввал Минскда терма жамоалар кубогининг финал ўйини бўлиши керак эди. Бу ўйинга кетаëтган пахтакорчилар учун осмон қабрга айланди.

Украинанинг Днепродзержинск шаҳри осмонида - 10 минг метр баландликда иккита Ту-134 самолëти тўқнашди. Тўқнашув чоғида 178 киши нобуд бўлди, улар орасида "Пахтакор” жамоасининг 17 аъзоси бор эди.

“Пахтакор” жамоаси мутасаддиларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, 11 август куни Тошкентда ўзбекистонлик футбол ишқибозлари 35 йил олдин авиаҳалокатда қурбон бўлган 17 пахтакорчини хотирлаш маросими ўтказилиб, ош берилди.

Суҳбатдошга кўра¸ 11 август куни эрталаб “Пахтакор” клуби мутасаддилари¸ футболчилари Боткин қабристонига бориб¸ футболчилар қабрига гулчамбар қўйиб келишган.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров эътирофича, бундан 35 йил олдин юз берган машъум ҳодиса ўзбеклар шуурида миллий фожеа каби из қолдирди.

- Қанақадир миллий фожеага ўхшаган ҳолат бўлган эди. Эсимда бор¸ дейди Фаррух Зокиров.

Бундан 35 йил аввал Украина осмонида учоқлар тўқнашган пайтда мулозимлар бу хабарни сир тутишга тиришган. Аммо миллионлаб ишқибозларнинг футболчилар тақдирига оид саволлари жавобсиз қолмади.

Пахтакорчиларнинг авиаҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар қанорни ичидаги бигиздай бир жойдан тешиб чиқди.

Жамоа маъмурининг беваси Юлдуз Толибжонова Оздлик билан олдинги суҳбатларимизда 35 йил олдинги авиаҳалокат ҳақидаги хабарни кимдан эшитганини яхши эслашини айтган:

- Мен ишдан қайтаëтиб¸ танишимни учратиб қолдим. У: “Турмуш ўртоғинг қачон учиб кетди?” деб сўраб қолди. Мен: “кеча”, дедим. У бўлса: “Самолëт ҳалокатга учраганидан хабаринг йўқми?” деди. Мен “Ким айтди?” десам¸ “Озодликдан хабар қилишди” деди¸ дейди Юлдуз Толибжонова.

"Пахтакор" жамоасининг 17 ўйинчиси авиаҳалокатга учраганидан бир ҳафта ўтгачгина бу ҳақда Совет Иттифоқи телеграф агентлиги хабар тарқатди. Унгача ахборотсиз қолган мухлислар орасида турли миш-мишлар урчиди. Шундай мухлислардан бири Абдулла ака хотирлайди.

- 1979 йилда мен Тошкентда эдим. Ўша вақтларда бирдан шов-шув гап бўлиб кетди. "Пахтакор командаси учаëтган учоқ Қрим осмонида кетаëтган пайтда тасодифан Леонид Брежнев ўтирган учоқнинг яқинидан ўтадиган бўлиб қолган. Яқини ҳам жуда узоқ масофа¸ бемалол ўтса бўлади. Ўша вақтда давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлаш учун осмонда узоқдан кўринадиган тарзда бўлса ҳам бирорта учоқ бўлмаслиги шарт экан. Шунинг учун Пахтакор командаси ўтирган учоқ уриб туширилган"¸ деган миш-мишни мен икки-уч жойдан эшитдим. Мен бу гапни анча зиëли одамлардан эшитдим¸ дея эслайди Абдулла ака.

Воқеадан саккиз кун ўтиб, “Советский спорт” газетаси “Пахтакор” жамоасининг 17 ўйинчиси ҳамда мураббий ва врачининг дафн қилингани ҳақида кичик бир хабарни эълон қилди, холос.

Жамоа мураббийи¸ марҳум Игдал Тазитдиновнинг беваси Алла Тазитдинова тасарруфидаги кинотасмаларда “Пахтакор” жамоасининг дафн қилиниши акс этган.

Тасмада тобут кўтарган одамларнинг узун карвони аксланган. Тобут ичида эса жасад эмас¸ балки ҳалокат содир бўлган ҳудуддан олинган тупроқ бор эди, холос.

Ўзбек футболининг 17 ëрқин юлдузи осмону фалакда мажақланиб йўқ бўлиб кетган эди.

Афсонавий футболчи Михаил Ан
Афсонавий футболчи Михаил Ан

Футбол мухлиси Абдулла аканинг эслашича, бу ўзбек футболи энг баланд чўққига чиққан палла эди.

- Футболга ишқибоз эдим. Бориб турардим. Айниқса¸ Красницкий давридаги жамоа илгариги жамоадан баланд бўлиб¸ Совет Иттифоқи миқëсида биринчи ўринга чиққан вақтлари ҳам бўлган. Ўша пайтларда "Пахтакор" стадиони тўла бўлиб¸ зиналаригача одамлар билан тўлиб¸ “60-70 минг одам келибди” деган гаплар бўларди. Ўзи 50 минг одамга ўрин бор. Ўша вақтда жуда гўзал футболлар бўларди¸ дея эслайди Абдулла ака.

Пахтакорнинг ўша пайтдаги обрў-эътиборини марҳум санъаткор Эргаш Каримов ижросидаги “Учрашув” фильмидан ҳам билса бўлади.

Тошкентлик футбол ишқибози Темур назарида¸ “Пахтакор” жамоаси ўшандан буён 35 йил бурунги мавқеига кўтарила олмади.

Пахтакор бугун ҳам олқишда
Пахтакор бугун ҳам олқишда

Орадан 35 йил ўтиб, осмони фалакда ҳалок бўлган ўзбек футболининнг юлдузларини номма-ном эслаймиз.

Идгай Борисович ТАЗЕТДИНОВ, 13.01.1933, мураббий, спорт устаси;

Михаил Иванович АН, 19.11.1952, халқаро тоифадаги спорт устаси, олий лигада 138 ўйинда 30 гол урган;

Владимир Иванович ФЕДОРОВ, 5.01.1956, ҳужумчи;

Олим Масалиевич АШИРОВ, 25.01.1955, ҳимоячи;

Равиль Рустамович АГИШЕВ, 14.03.1959, ҳимоячи;

Константин Александрович БАКАНОВ, 25.05.1954, ярим ҳимоячи;

Юрий Тимофеевич ЗАГУМЕННИХ, 7.06.1947, спорт устаси, ҳимоячи;

Александр Иванович КОРЧЕНОВ, 4.05.1949, ярим ҳимоячи;

Николай Борисович КУЛИКОВ, 25.04.1953, ҳимоячи;

Владимир Васильевич МАКАРОВ, 9.03.1947, ярим ҳимоячи;

Сергей Константинович ПОКАТИЛОВ, 20.12.1950, дарвозабон;

Виктор Николаевич ЧУРКИН, 25.01.1952;

Сирожиддин Ахмедович БОЗОРОВ, 1.01.1961, ҳужумчи;

Шуҳрат Мусинович ЭШБЎТАЕВ, 8.02.1959, ҳужумчи;

Владимир Валиевич СОБИРОВ, 14.01.1958, ҳужумчи;

Владимир Васильевич ЧУМАКОВ, 8.12.1932 жамоа врачи;

Мансур ТОЛИБЖОНОВ, 4.04.1944, жамоа маъмури.

Марҳум футболчилар номлари бундан 5 йил бурун Украинада ўрнатилган ëдгорлик тошига ҳам ўйиб ëзилди.

Фожеа параллеллари

Спорт жамоаларининг учоқ ҳалокати боис нобуд бўлганига мисоллар кўп.

1949 йили Италия осмонида “Торино” футбол жамоасининг 18 футболчиси ҳалок бўлди.

1958 йили Мюнхен осмонида "Манчестер Юнайтед"нинг 8 футболчиси ҳаёт билан видолашди.

1960 йили Дания осмонидаги авиаҳалокат 8 футболчи ҳаëтига нуқта қўйди.

1961 йили Чилида халокатга учраган учоқ ичида “Грин кросс” футбол жамоасининг барча аъзолари бор эди.

1969 йили Боливияда портлаган учоқ ичидаги Стронгтест футбол жамоасининг 27 аъзоси ҳалок бўлди.

1993 йили Замбия футбол жамоасининг 18 ўйинчиси учоқ ҳалокатида нобуд бўлди.

1970 йилда Эйр ликвид футбол жамоасининг барча ўйинчилари Жазоир осмонида ëниб, кулга айланишди.

"Бир одамнинг ўлими фожеа¸ минг одамнинг ўлими статистика" деган гап бор. Хўш, спорт жамоасининг ўлимини қандай тасниф қиламиз?

"Ҳамма тухумларни бир саватда сақламанг" деган инглиз мақоли бор. Лекин тақдирдан қочиб қутула оламизми?

XS
SM
MD
LG