Линклар

Ислом университетида имтиҳон саволи: Аёлларга ҳижоб керакми?


Бу сурат Тошкент ислом университети расмий сайтидан олинди.

Бу сурат Тошкент ислом университети расмий сайтидан олинди.

Тошкент ислом университетига кириш учун ижодий имтиҳон топширган абитуриент саволларнинг ўта мураккаблиги ва Ислом динига зид сиёсатдан келиб чиққанидан арз қилди. Университет маъмурияти ижодий имтиҳонда "мураккаб ва нозик саволлар" бўлишини тан олди ва жавоб учун университет экспертлари ёзган китобларга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Бу йил Тошкент ислом университетига кириш учун топширилган ижодий имтиҳон жараёнини баён қилган абитуриент саволларни фавқулодда мураккаб ва диний ақидага зид, деб топгани ҳақида Озодликка мактуб йўллади:

"Islom unverga Ijodiy imtihondan 30 ball oldim. Savollar:

1-islomiy oqimlarni qaysilarini bilas?

2-Bugungi kundagi hijob ayol qizlarimizga kerakmi?

3-Imom Buhoriy haqida gapiring.

Shunaqa qiyin savollar. bilganimcha kuchim bn javob berdim. rosa qiyin savollar. deyarli mani tengqurlarim bunaqa savollarda qiynalishadi. shunaqa savollarni javobini bilish uchun o'qishga topshiryapmiz", деб ёзди абитуриент.

Озодликка мурожаат қилган абитуриент: "Ҳижоб керакмас, десам динга қарши гапирган бўламан; ҳижоб керак, десам сиёсатга қарши гапирган бўламан. Жуда ўйландим", деган истиҳолани билдирди.

Тошкент ислом университети қаблухонасида телефон гўшагини кўтарган ходим кириш имтиҳони доирасида бўладиган ижодий имтиҳонда шунақа кутилмаган "нозик саволлар" бўлиши ва улар Давлат тест маркази чиқарган ахборотномалардан ўрин олмаслигини тан олди.

Маъмурият вакилига кўра, ижодий имтиҳон учун ҳозирланадиган саволлар имтиҳонга 1 ой қолганда, эълон қилинади.

"Ҳар йили имтиҳонга бир ойча қолганда саволлар эълон қилинади. Энди бу саволларга жавоб олиш учун ўзи диний идора чиқарган китоблар бор ёки бизнинг тайёрлов курсларга қатнаш мумкин, ижодий имтиҳонга тайёрлайди", деди маъмурият вакили.

Университетнинг тайёрлов курсларига масъул, деб тақдим қилинган ва исмини ошкор қилмаётганимиз ходимга мактуб йўллаган абитуриентнинг яқини Озодлик сўрови билан боғланганида шундай жавоб олди:

"Саволлар университетимиздаги мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган. Уларнинг мазмунига мен ҳеч нарса дея олмайман. Лекин, 9 ойлик курсларимизда ўша саволларга тайёрлайди. Университет кутубхоналарида ҳам экспертларимиз ёзган китоблар бор ва ўшалардан жавоб топиш мумкин. Мактабда ёки ўша лицейларда ҳам "Маънавият асослари" дарсларида бунақа саволларга тайёрлашади", деган жавоб олинди Тошкент ислом университетининг тайёрлов курсларига масъул ходимидан.

Маълум бўлишича, бундай кутилмаган "нозик" саволлардан иборат ижодий имтиҳон Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом ал-Бухорий номли Тошкент ислом институтига кириш имтиҳонлари таркибида ҳам бор.

Бу саволларга "у дунёликни ҳам, бу дунёликни ҳам куйдирмайдиган" жавобларни эса фақат шу олий таълим муассасаларининг экспертлари ёзган китоблар ёки тайёрлов курсларидан топиш мумкинлиги ҳам айтилди.

"Бизнинг кафедраларимизда саволлар ва дарсликлар мажмуалари бор. Келишса, бемалол олиб ўқишлари мумкин. Тайёрлов курслари октябрдан бошланади, 9 ойлик. 4 та фандан, у ёқ-бу ёғи 1 ярим миллион сўм бўлади жами нархи. Ойларга бўлиб ташланса, унчалик қиммат тушмайди. Фақат одам сони чекланган, кўп одам ололмаймиз", дея огоҳлантириш берди Тошкент ислом университети масъули Озодлик манбасига.

Университет расмий сайтида берилишича, бакалавр босқичида очилган энг катта йўналишлардан бири ҳам айнан "Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими" йўналишидир. Бу йил бу йўналишга жами 24 талаба қабул қилиниши эълон қилинди.

Бу йўналишни якунлаган мутахассислар умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда бу йил ижодий имтиҳонда берилгани каби "нозик диний мавзуларда" таълим бериши айтилди.

Тошкент ислом институтига қабул қилинадиган талабалар жами сони 2014-2015 ўқув йили учун 134 нафардир.

Жами 6 йўналишдан қолган 5 таси "Ислом тарихи ва манбашунослик" (25 талаба), "Диншунослик" (25 талаба), "Дин социопсихологияси" (20 талаба), "Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар" (20 талаба), "Информатика ва ахборот технологиялари" (20 талаба) йўналишларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG