Линклар

Ироқ президенти Фуад Маъсум мамлакатда янги ҳукумат тузиш вазифасини бош вазир лавозимини эгаллаб келаётган Нурий ал-Маликийнинг ўринбосари, шиа сиёсатчи Ҳайдар ал-Абодийга топширди. Хабарларга кўра, парламентда кўпчилик овозга эга шиа блоки Нурий ал-Маликий ўрнига Абодийни бош вазирликка номзод қилиб кўрсатган.

Ироқдан олинаётган хабарларга кўра, мамлакат президенти янги ҳукумат тузиш вазифасини шиа сиёсатчи Ҳайдар ал-Абодийга топширган.

11 август куни Ироқ парламентида кўпчилик овозга эга бўлган шиа гуруҳи бош вазир лавозимини 2006 йилдан бери эгаллаб келаётган Нурий ал-Маликийдан олиб, унинг биринчи ўринбосари бўлган Ҳайдар ал-Абодийга беришга қарор қилган.

Маликий шу кунларда Ироқ шимолида давом этаётган мазҳаблараро можароларнинг қўзғалишига сабабчи сифатида кўп бор танқид қилинди. Айни кунларда мамлакат қўшинлари шимолдаги каттагина ҳудудни эгаллаб олган сунний исломий жанггариларга қарши курашни давом эттирмоқда.

Шунингдек, Нурий ал-Маликий бу инқироздан чиқиш йўли ўлароқ таклиф қилинган муроса - сунний, шиа ва курд гуруҳлари ўртасида миллий бирлик ҳукуматини тузиш таклифини ҳам рад этгани учун танқид қилинди.

Шу кунга қадар Маликий ўз сафдошлари ва рақиб сиёсий гуруҳларнинг истеъфо бериш чақириғини ҳам инобатга олмади.

У 2006 йилдан буён Ироқ бош вазири лавозимида қолмоқда ва мамлакатда мазҳаблараро можароларнинг келиб чиқиши учун масъул кўрилиб, кўп бор танқид қилинган.

Маликий бош вазир лавозимида учинчи муддат ҳам қолиш истагида эканини айтган ва президент Фуад Маъсумни унинг номзодини рад этиш орқали конституцион тартиб-қоидаларни бузаётганликда айблаган эди.

11 август куни эрталаб Ироқ Олий суди Бош вазир Нурий ал-Маликий бошчилик қилаётган блок парламентдаги энг йирик сиёсий блок экани ва шу боис, Маликий бош вазир лавозимида қолиши мумкинлиги ҳақида ҳукм чиқарди.

Нурий ал-Маликий етакчилигдаги шиа гуруҳининг парламентдаги блоки энг йирик блок ҳисобланади.

11 август кунги баёнотида АҚШ Давлат котиби Жон Керри Ироқда кузатилаётган бугунги вазиятни "қалтис" деб баҳолаб, Нурий ал-Маликийни муаммолар туғдирмасликка чақирди.

- Ишончимиз комилки, ҳукумат тузиш жараёни Ироқда барқарорлик ҳамда тинчлик ўрнатиш йўлида жуда муҳим аҳамият касб этади ва умид қиламизки, жаноб Маликий бу уринишларни издан чиқармайди, - деди Жон Керри.

Айни пайтда шиа жангчилари ва Маликийга мойил ҳарбий кучлар 11 август куни Бағдод шаҳри теграсини қуршаб олгани хабар қилинди.

Айни пайтда Ироқ ҳарбийларнинг мамлакат шимолидаги "Исломий давлат" (собиқ "Ироқ ва Шом исломий давлати") жангчиларига қарши ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда.

АҚШ ҳарбийлари Ироқ шимолида жанггариларга қарши ҳаводан яна тўрт марта ҳужум қилди.

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги берган маълумотга кўра, Америка дрон ва ҳарбий учқичлари 9 август куни Синжар шаҳри яқинида Язидий жамоаси аъзоларини ўққа тутаётган зирҳли юк машиналарини нишонга олган.

АҚШ ҳарбийлари 11 август кунидан бошлаб курд ҳарбийларига қурол етказишни бошлагани расман маълум қилди.

Аммо 11 август куни олинган хабарларга кўра, "Исломий давлат" жангчилари Жалавла шаҳрини ҳам ўз назоратига олган. Бу шаҳар Бағдоддан 115 километр шимолда жойлашган.

АҚШ президенти Барак Обама бу минтақада Америка манфаатлари ва ҳарбийлари ҳимояси учун ҳаво ҳужумларини амалга ошириш ҳақидаги буйруққа имзо чеккан.

XS
SM
MD
LG