Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:19

Тошкент "қора бозор"ларида доллар арзонлаб кетди


Тошкентдаги валюта қора бозорларида АҚШ доллари 3 минг 100 сўмдан 2 минг 900 сўмга тушди. Сўнгги бир йил ичида нархи тушмай келаётган хорижий валюта курсининг ўзбек сўмига нисбатан пасайиши GM ширкати автомобилларига миллий валютада шартнома таклиф қилинаётгани билан изоҳланмоқда.

Тошкентнинг Фарҳод бозоридаги хорижий валюта бозорида АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати 2 минг 900 сўмга тушди.

Ўтган ҳафта бозор саррофлари бир АҚШ доллари учун 3 минг 100 сўм таклиф қилаётган эди.

- Бизда олиш 2 минг 900, сотиш 2 минг 950 сўмдан бўляпти, - деди Фарҳод бозоридаги исми сир қолишини истаган сарроф.

Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги автомобил салонлари тўсатдан машина олувчилар билан шартномаларни сўмда имзолай бошлаши ортидан салонлар олдида навбат кўпайиб кетди.

Кузатувчилар айни шу ҳолни доллар нархи тушишига асосий омил сифатида кўрмоқда.

Машина бизнеси билан шуғулланувчи тошкентлик тадбиркор Дилмурод ҳам “қора бозор”да АҚШ доллари нархи тушиши айнан автомобил бозоридаги аҳвол билан боғлиқ эканини айтади.

- Ҳар сафар автосалонлар харидорлар билан сўмда шартномани имзолай бошлаши билан ҳамма долларини сотгани “қора бозор”га югуради. Ҳамма қоп-қоп сўм сотиб олади. Чунки шартнома имзолангандан кейин xаридорлар машина нархини 80 фоизини олдиндан тўлаши керак, - дейди тошкенлик иқтисодчи Дилмурод Расулов.

Ўтган ҳафта автомобил харидорлари халта-халта миллий валютани кўтариб, автосалонларга ёпирилди. Лекин, бу ҳол узоққа чўзилмади. Ўзбекистондаги автосалонлар таклиф қилган шартномалар узоғи билан 4 кун ичида сотиб бўлинди.

Ўзбекистон машина бозоридаги аҳвол билан яхши таниш иқтисодчи Тоҳирнинг хулосасича, ҳукумат ғазнасига нақд пул керак бўлган пайтда аҳолидан миллий валютани йиғиб олиш мақсадида GM-Uzbekistan автомобил ишлаб чиқариш заводининг автосалонларини ишга солади.

- Автомобилларни ўзи зарур пайтда булар хориж валютасида ҳам, ўзбек сўмида ҳам сотишади. Қачон ҳукуматга сўм керак бўлиб қолса, сўмга ўтишади. Керакли миқдордаги нақд пул жамланганидан сўнг, яна аввалги ҳолига қайтади, - дейди Тоҳир.

Ўзбекистон Марказий банкининг долларга нисбатан курси ҳозир 2 минг 340 сўм ва АҚШ долларининг “қора бозор” ҳамда расмий курси ўртасидаги фарқ 600-650 сўмни ташкил этмоқда.

Кузатувчилар тахминича, ўзбек сўмининг Марказий банк ҳамда "қора бозор" курси мавжудлигидан катта манфаат кўрадиган гуруҳлар бор.

XS
SM
MD
LG