Линклар

logo-print

Киев Россия гуманитар юклари мамлакатга киритилмаслигидан огоҳлантирди


Киев раҳбарияти Россия жўнатган гуманитар ёрдам мамлакат шарқига киритилмаслигини билдирди. Россиянинг 300 га яқин юк машинага ортилган юклари ҳақида халқаро ташкилотларга маълумот бермагани расмий Киевни шу ҳаракатга ундади. Айни пайтда Ғарбда гуманитар ёрдам баҳона Россия Украина шарқига қўшин киритмоқда, деган хавотир кучаймоқда.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко Халқаро Қизил Хоч ташкилоти маъқулламагунича гуманитар ёрдам мамлакатга киритилмаслигини таъкидлади.

Украина президенти маъмурияти бошлиғи ўринбосари Валерий Чалий агар гуманитар ёрдам Россия ҳарбийлари ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аъзолари кузатувида келса, Украина ҳудудига киритилмаслигини айтди.

12 август куни Киевда ўтказилган матбуот конференциясида Чалий:

- Ҳозир биз Россиянинг юк машиналарини Украина ҳудудига киритиш эҳтимолини муҳокама қилаётганимиз йўқ, - деди.

Украинага халқаро гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида келишувга эришилганидан бир кун ўтиб - 12 август куни Россия Украинага 300га яқин юк машинасида ёрдам жўнатди.

Россия томони 2 минг тонна ёрдам юклари, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий дорилар ва ускуналар, кўрпа-тўшак, электр ишлаб чиқарадиган кичик ҳажмдаги генераторлардан иборат эканини билдирган.

Бироқ Халқаро қизил хоч ташкилоти юк машиналарида нима борлиги ҳақида расман маълумот берилмаганини айтмоқда.

Айни пайтда, Киев расмийлари Россия гуманитар ёрдам етказиш баҳонасида Украина ҳукумати кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида уруш бораётган шарқий ҳудудга қўшин киритиши эҳтимолидан хавотир билдирди.

Валерий Чалий Россиянинг машиналари гуманитар юкларни тушириши кераклиги ва уни Халқаро қизил хоч ташкилоти машиналарига ортиб, манзилга етказиш кераклигини урғулади.

Шунингдек, Киев расмийлари Россиянинг гуманитар ёрдами Украина ҳукумати назорат қилаётган чегара постидан ўтиши кераклигини айтмоқда.

Ҳозир Украина-Россия чегарасининг 100 километрлик қисмини россияпараст айирмачилар назорат қилмоқда.

Украинага гуманитар ёрдамни мувофиқлаштираётган Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёрдам юкларини Украина чегарасининг қайси қисмига етказиш режаланганини маълум қилмади.

Украина шарқида уруш ҳаракатларига чек қўйиш учун Россия элчиси билан бирга уч томонлама музокараларда қатнашаётган Украина собиқ Президенти Леонид Кучма Россиянинг ёрдам юклари Харьков вилоятининг отишма бўлмаётган чегара қисмидан ўтишини айтган.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни айирмачиларга қурол-аслаҳалар етказиб бераётганликда айблаб келади.

Украина шарқида ҳукумат кучлари апрель ойидан бери Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бораётгани сабабли минглаб аҳоли ичимлик суви, тиббий дори-дармон ва электрсиз қолди.

11 август куни НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам Россия гуманитар ёрдам кўрсатиш баҳонасида Украинага бостириб киришга уриниши эҳтимоли юқори эканидан огоҳлантирди.

Шунингдек, Расмуссен Россия раҳбарияти Украина чегараси яқинига жойлаштирган 20 минг қўшинини ортга қайтаришни бошлагани белгилари ҳануз кўрмаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG