Линклар

Таниқли киноижодкор Робин Уильямс ўлимига муносабат билдирган ўзбек санъаткорлари марҳум актер ўйнаган фильмлар ўзбек томошабинлари учун ҳам ардоқли бўлганини айтмоқда. Америкалик комедия қироли, таниқли Ҳолливуд актёри Робин Уильямс Калифорниядаги уйида ўлик ҳолда топилди. Полиция актёр ўзини осганини тахмин қилмоқда.

"Уильямс қайғули клоун эди"

АҚШдаги ахборот воситалари душанба куни уйида ўлиқ ҳолда топилган Робин Уильямс сўнгги пайтларда чуқур тушкунлик ҳолатида бўлганини ёзмоқда.

Робин Уильямс аввал ароқхўрликдан даволанган ва шу йил ёзида реабилитация марказида муолажа олган эди.

63 ёшда бўлган Уильямс ўзбек томошабинларига “Жуманжи”, “Менинг севимли энагам” каби фильмлар орқали яхши таниш.

Айни пайтда ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам Озодлик воситасида марҳумнинг яқинларига таъзия билдиришди.

Ўзбекистонлик адабиëтшунос Рифат Гумеров таъкидича, Уильямс яратган аксар асарларни ўзбек томошабинлари яхши билади:

- Исмини эшитиб билмайман, деганларга расмини кўрсатсангиз: “Э, бу фалон кинодаги анави артистку!” деб дарров эслайди. Бу одам дунë миқëсидаги комедия қироли эди. Айни пайтда Уильямс қайғули клоун эди. Ҳаракатлари кулгили бўлгани билан кўзлари қайғули эди. Кичкина одамнинг катта дардини томошабинга етказишда Чарли Чаплин бошлаган йўлдан борган санъаткор эди. Робин Уильямс йўлидан бораëтган ўзбек санъаткорлари ҳам бор, шулардан бири Обид Асомовдир. Асомов ҳам кичкина одамнинг катта дардини тараннум қилади, - дейди ўзбекистонлик адабиëтшунос Рифат Гумеров.

Ўзбекистонлик академик рассом, профессор Рауф Қўзиев ҳам ўз кузатувларидан келиб чиқиб, Робин Уильямс ўзбеклар орасида танилгани, деган хулосасини тилга олди:

- Робин Уильямснинг фожеали ҳалок бўлганини эшитиб, жуда афсусландим. Уильямс аллақачонлар "ўзбек" актерига айланиб кетган эди. Илк бора унинг комик ролларини ҳали СССРда видеода кино кўрадиганлар кетидан КГБ пойлаб юрадиган даврларда, 80-йилларда кўрганмиз. Бу актёрни халқимиз орасида севимли бўлиб кетишининг сабаби роллари комик бўлсада, менимча психологик таъсири кучлилиги билан томошабинга дубляж, таржимасиз ҳам тушунарли бўлгани бўлса керак. Унинг образлари овозлари, масалан "Аловуддин"лари орқали ҳам болалар учун севимли бўлган эди¸ - дея таъкидлайди Рауф Қўзиев.

Сурхондарëлик Роббин Ўлмас

Таниқли рассом Рауф Қўзиевнинг айтишича, Сурхондарëнинг олис қишлоғида яшайдиган бир одамнинг шакли шамойили Робин Уильямсга менгзагани боис, унга Ўлмас Роббин деб лақаб тақишганини эслайди:

- Сурхондарëда бир киши яшайди. Уни тунги хуфëна видеолар кўриб юрилган ўша пайтлардан бери қишлоқдагилар "Роббин Ўлмас" деб чақиришади ҳозир ҳам. Қишлоқ аҳолиси Уильямсни ўзбекчалаштириб "Ўлмас" деб олишган. Албатта , "Жуманжи" ҳам жуда машҳур "ўзбек фильмлари"дан. Ҳатто, Низомий университети биқинидаги энг гавжум ресторан ҳам "Жуманжи" номида, Робин Уильямснинг санъати билан боғлиқ экан, - дейди суҳбатдош.

Кўзда ëши билан кулдирган санъаткор

Асли ўзбекистонлик, Москвадаги “Чарли” киностудияси раҳбари, рассом ва киночи 44 яшар Худойберган Юсупов Робин Уильямс ўлимидан қаттиқ қайғурганини билдирди.

- Робин Уильямс мен жуда яхши кўрган ва менга илҳом берган санъаткор эди. Бу санъаткорни кўзларига қарасам, дунëнинг ғами борга ўхшайди. Айни пайтда бу ғамгин одам бизни кулдиради, бизни авраб ўз дунëсига олиб кетади. У киши 300 дан зиëд роль ўйнади, ҳатто ўлганидан кейин ҳам унинг иштирокидаги тўртта фильм катта экранга чиқиши кутилмоқда. Бундан келиб чиқсак, Робин Уильямс умрининг сўнгги дақиқасигача ижод билан шуғулланган дейиш мумкин, - дейди Худойберган Юсупов.

Ўлмас санъаткор

Ўзбекистонлик академик рассом, профессор Рауф Қўзиев таъкидича, Робин Уильямс ижоди ҳали охиригача тадқиқ қилинмаган:

- Менга "Хайрли тонг, Вьетнам", "Ўлик шоирлар жамияти", "Иккиюзли одам" фильмлари ëқади. "Балиқчи қирол" фильмидаги девона роли унинг кўпроқ психологик жиҳатини кўрсатади, чамамда. Уильямсни касал бўлган даврида бир марта ўлганга чиқаришган, эсингизда бўлса. Шундан кейин у касалликдан даволаниб чиққанида беш-ўн йил умри қолганини сезган шекилли, жуда жиддий психологик ролларга киришди. "Тунги шинаванда", "Ғилдиракли уй" фильмларидаги бош роллари унинг юрагидаги оғриқ-дард билан боғлиқ бўлса-да, Уильямс ўз жамияти,замонасининг бедаво дардга йўлиққан бебахтларининг муаммоларига, уларнинг аҳволига замондошлар эътиборини ўз кечинмалари орқали қаратишга уринди. Бироқ, Робин Уильямс ўлими нафақат америкаликлар ëки жаҳон кинематографи, балки ўзбек киномухлислари учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Начора! - дея таъкидлаган суҳбатдош америкалик санъаткорнинг ижодий мероси ўзбек актерлари учун жиддий маҳорат мактаби эканини ҳам таъкидлади.

- Албатта, ўзбек киносида юмористик саҳналарсиз кино йўқ, умуман! Шунинг учун барча киноларимизда ҳазилкашлик, юмористик саҳналарга албатта ўрин берилади. Ана шу ўринда ëш санъаткорлар ҳинд сериалларидаги саëз, бачканачиликка тақлид қилиш ўрнига кўпроқ Робин Уильямс яратган мактабни ўрганиб, унга эргашса маъқул бўлар эди, - дейди суҳбатдош.

Робин Уильямс вафоти муносабати билан АҚШ Президенти Барак Обама Уильямснинг дўсти, таниқли конорежиссёр Стивен Спильберг ва бошқа кўплаб арбоблар марҳумнинг оила аъзоларига таъзия йўллади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG