Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Муҳожирлар учун тарихдан тест саволлари эълон қилинди


Россия Таълим вазирлиги ва Федерал миграция хизмати меҳнат муҳожирлари учун тарих фанидан тест саволлари рўйхатини тасдиқлади. Жорий йилнинг 1 сентябридан муҳожирлар ўз хоҳишларига биноан тест топширишлари мумкин. 2015 йилнинг 1 январидан эса ишга рухсатнома олиш учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигидан мажбурий равишда имтиҳон топшириши зарур.

Москвада меҳнат муҳожирларидан тарих фанидан олинажак тест саволларининг якуний рўйхати эълон қилинди. Шу тариқа, Россияга меҳнат қилгани келган муҳожирлар 2014 йилнинг 1 сентябридан тарих ва Россия қонунчилигидан имтиҳон топшириши мумкин.

Имтиҳон саволлари Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) тест маркази томонидан тузилиб, Россия Таълим вазирлиги ва Федерал миграция хизмати тасдиғидан ўтди.

Россия тест консорциуми расмий сайтига чиқарилган саволномалардан бирида 20 саволдан иборат тест синови варианти берилган. Ҳар бир саволга учтадан жавоб бор.

Москвадаги “Альянс-Сервис” маркази раҳбари ва Москва шаҳар ўзбеклар жамоаси фаоли Тимур Муҳамедов Озодлик билан суҳбатда куни-кеча ФМС йиғилишида мигрантларга тузилаётган саволлар иложи борича осонлаштирилган кўринишда бўлиши кераклиги муҳокама этилганини гапиради.

- Мен куни-кеча ҳуқуқ, тарих ва рус тилидан имтиҳонлар масаласига доир йиғилишда бўлдим. Ҳукумат томонидан тест ва ўқув марказлари учун тахминий имтиҳонлар нархи белгиланди. Масалан, ишга рухсатнома сертификати учун нарх 3 минг, фуқаролик олишга 5 минг 300 рубль қилиб белгиланди. Саволларни кўрдим, жуда содда. Спикер Матвиенконинг йиғилишда иштирок этган вакиласи саволлар максимал тарзда енгиллаштирилган бўлиши кераклигини талаб қилди. Биз тайёргарликка эътибор қаратяпмиз. Масалан, марказимиз қошида фаолият юритаётган “Сўзана” таълим курсларида 20 яқин мигрант бепул таҳсил олмоқда, - деди меҳнат муҳожирлари учун Москвада ташкил этилган ўқув маркази раҳбари Тимур Муҳамедов.

Жамоатчилик фаоли Тест консорциуми тарих фанидан 100 савол тузгани, бу саволлар беш вариантга бўлинганини маълум қилди. Маълум бўлишича, барча саволлар сентябрь бошларида Россия тест консорциуми сайтида пайдо бўлади. Тест саволлари тузувчилари тез орада жавоблар ҳам эълон қилинишини айтмоқда.

Тимур Муҳамедов биринчи маротаба топшира олмаганларга иккинчи маротаба имтиҳондан ўтиш имкони берилишини ҳам қўшимча қилди.

Тест саволлари билан танишиб чиққан Озодлик мухбири саволлар дарҳақиқат мураккаб эмаслигига ишонч ҳосил қилди.

Жумладан, саволлар орасида “Россия байроғини топиб, белгиланг!”, “Россия кириб келаётган муҳожир қандай ҳужжатни тўлдириши зарур?”, “Россия миллий валютасини кўрсатинг!” каби саволлар билан бирга патентни расмийлаштириш, хорижликларнинг Россиядаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда Россия тарихига оид саволлар ҳам мавжуд.

Айни пайтда, ФМС ва РУДН мутахассислари МДҲ давлатларида тестларга тайёрлаш курсларини ташкил этаётгани тўғрисида хабар қилинди.

Бу ҳақда журналистларга гапирган РУДН проректори Анжела Должикова имтиҳонлар “муҳожирларнинг Россия жамиятига интеграциялашувига” имкон яратишини гапирди.

- Илгари Россияга кириб келаётган хориж фуқаролари фақат рус тилидан имтиҳон топширарди. Эндиликда улардан Россия тарихи ва қонунчилиги асосларидан ҳам имтиҳон олинади. Улар осонлик билан бу имтиҳонлардан ўтиши учун биз махсус дастур тайёрладик. Унга биноан улар нафақат Россия Федерацияси, балки ўз юртларида тайёргарлик кўриб келишлари мумкин. Бунинг учун РУДН МДҲнинг 10 мамлакатида сайёр семинарлар ташкил этади. Бу семинарлар айнан шу имтиҳонларга мутахассислашган ўқитувчилар учун ўтказилмоқда, - деди РУДН проректори Анжела Довжикова.

Мутассади маълумотига биноан, семинарлар аллақачон Тожикистон, Арманистон ва Грузияда ўтказилмоқда. 2014 йил охирига қадар машғулотлар Ўзбекистон, Молдавия, Озарбайжон, Қирғизистон, Абхазия, Жанубий Осетия ва Украинада ташкил этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, меҳнат муҳожирларини имтиҳон қилиш тўғрисидаги қонун жорий йилнинг 21 апрелида президент Владимир Путин томонидан имзоланди. Қонунга мувофиқ, Россияда ишлаш, патент олиш, вақтинчалик яшаш рухсатини берувчи сертификатга эга бўлиш учун мигрант рус тили, тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича оғзаки ва ёзма шаклда имтиҳондан ўтиши лозим.

Сертификатнинг амал қилиш муддати 5 йил. Қонуннинг ўзи эса 2015 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Айни пайтда, Россия Федерал миграция хизмати келаси йил мамлакатга 2 миллиондан 5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири расман қабул қилинишини тахмин қилмоқда. Бу эса шу йилдаги кўрсаткичдан катта фарқ қилмайди.

XS
SM
MD
LG