Линклар

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров юкларни қабул қилиб олиш масаласида Киев билан музокаралар олиб борилгани ва Россия Украина ҳукуматининг барча талаб-таклифларини инобатга олганини маълум қилди.

Лавров таъкидича, шартларга амал қилинган тақдирда Украина гуманитар ёрдамни қабул қилиб олишга тайёр экани тўғрисида Россия Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган.

Украина Миллий хавфсизлиги ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко карвон Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари томонидан сертификатланганидан кейингина чегарадан ўтказилишига розилик берилишини маълум қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, гуманитар юклар карвони Украина чегарасига 3-4 соат ичида етиб боради.

Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозо Россия ҳукуматини гуманитар ёрдам кўрсатиш баҳонасида Украинага интервенция қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирган.

Владимир Путин билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида Баррозо Европа Иттифоқи жанглар кетаётган ҳудудларда қолаётган одамларга гуманитар кўмак бўйича халқаро ҳамжамият, хусусан Россия сайъ-ҳаракатларини қувватлашини ҳам урғулади.

Путин эса бунга жавобан Россия ҳудудидан чиқиб Украина чегарасига яқинлаётган карвонда фақатгина гуманитар юклар борлигини яна бир бор таъкидлади.

АҚШ раҳбарияти айни гуманитар ёрдамнинг Украина шарқидаги аҳолига ўта зарурлигини эътироф этган ҳолда машинадаги юклар Украина божхоначилари томонидан текширилиши шартлиги ва шундан сўнггина Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширилиши кераклигини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG