Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:47

OzodlikOnline: Сиз ҳам қўрқмайман, деб айта оласизми?


12 августда ўзбек журналистлари бошлаган “Қўрқмайман” флешмобига бугунга келиб Марказий Осиëдаги бошқа миллат вакиллари ҳам қўшилаяпти. Айни пайтда Facebookдаги ”қўрқмаслар” ҳақида танқидий фикрлар ҳам тўхтамаяпти. Душанба, 25 август куни Тошкент вақти билан соат 19:05даги жонли мулоқотда ”қўрқмаслар” ҳақида суҳбатлашдик!

12 август куни пешиндан кейин интернетдаги иккита ижтимоий тармоқда “Қўрқмайман” деган флешмоб бошланди. Тўртта журналист ташаббуси тадбир бошланганидан 15 соат ўтиб, 31 киши қўлида ”Қўрқмайман” деган ëзув билан тушган суратини Facebookдаги саҳифасига илди.

Facebook ижтимоий тармоғида бораётган “Қўрқмайман” номли флешмобга Ўзбекистон ичкарисидан қўшилаётганлар кўп ҳолларда юзини кўрсатмасдан,бир парча қоғозга “Мен қўрқмайман” деб ëзиб, интернетда эълон қилмоқда.

OzodlikOnline: Сиз ҳам қўрқмайман, деб айта оласизми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:53:58 0:00
Бевосита линк

Ўз расмини қўйганлардан бири ҳозир Кандада муҳожирликда яшаëтган андижонлик журналист Ғафуржон Йўлдошев нега қўрқмаслигини шеърий сатрларда ифодалади:

Қўрқмайман мен диктаторингдан,

Буни ана, билганлар айтсин.

Халқимни оч-яланғоч қилган,

Ўша диктатор мендан қўрқсин.

Одамларга ёруғлик бермай,

Газни еган, олтинни еган,

Ўша мечкай, еб тўймас, юҳо –

Ислом Карим бизлардан қўрқсин!

Бу мисралар тагига изоҳ қўйган Мистер Қалампир исмли юзер Ғафуржон акани олқишлади:

“Гап бўлиши мумкин эмас. Мана бор эканку, ҳақиқий қўрқмайдиганлар. Кимдан қўрқмагани ва нима учун қўрқмаётганини аниқ равшан ёзган. Браво!”

Термизлик 31 яшар мухандис йигит Умид Соатов эса ўз жасурлигини “Агар доимо қўрқсак¸ унда яшашдан нима маъно бор?!” деб изоҳлади.

Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиëсий фаол Дилобар Эркинозода Facebook ижтимоий тармоғида “Қўрқмайман” деган саҳифани очди.

- Ўйчи ўйлангунча, таваккалчи иш битиради! Кўп ўйланмасдан қўрқмаслигимизни изҳор қилайлик, - дейди блоггер билан суҳбатда флешмоб фаолларидан бири Дилобар Эркинзода.

Дилобар Эркинзода
Дилобар Эркинзода

Тадбирни АҚШдан туриб қўллаб-қувватлаëтган Аҳмаджон бундай флешмобларнинг самарасига ишонишини ўз саҳифасида ëзди.

Аҳмаджоннинг фикрича, бундан икки йил аввал Беларусда шундай тадбир ўтказилган ва анча шов-шувга сабаб бўлган. Бу тадбирда беларусликлар ҳуштак чалиб, диктаторга эътироз билдирган эди.

Айни пайтда 10 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Беларусда ўтказилган флешмобда ўн минглаб киши қатнашгани айтилади.

31 миллион киши истиқомат қиладиган Ўзбекистондан эса ҳозирча 31 киши қўрқмас эканини ижтимоий тармоқда изҳор қилди. Яъни, 1 миллиондан 1 киши ҳозирча “қўрқмайман”, деб айта олди.

Тадбирни Украинадан туриб қўллаëтган Дўстаназар бу рақамни оз деб билишини айтаркан, айни пайтда бу аҳволни табиий, деб баҳолайди.

“Найзанинг учи доимо нозик бўлади, бу 31 киши улкан найзанинг учи, холос” дейди Дўстназар.

Айни пайтда кўпчилик бу тадбирга беписандлик билан ҳам қарамоқда.

Тадбир иштирокчиларидан бири бўлган америкалик талаба қиз Тинч океани соҳилидаги қумлоққа “Қўрқмайман” деб ëзиб қўйди.

Бир пасдан кейин келган одатий тўлқин бу ëзувни ювиб кетди ва кичиккина ҳодиса, гўёки айни флешмоб тақдирига битилган рамзий башорат ўлароқ кўринди.

Ва, 31 миллионнинг оғзидан тушмай келаётган савол яна тилга кўчди:

Хўш, нима фойда бундай тадбирдан?!

Сиз ҳам қўрқмайман деб айта оласизми?

Оддий ўзбек кимдан қўрқади?

Ўзбек миллатининг қўрқув илдизлари қаерда?

Ушбу саволлар жавобини навбатдаги OzodlikOnline жонли мулоқотимизда излаймиз.

Душанба¸ 25 август куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 га қадар шу ҳақда суҳбатлашамиз. OzodSkype, OzodOvoz ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали жонли суҳбатда фикр билдиринг!

P.S. "Facebookдаги ўттиз бир “қўрқмас” ҳақида бадиҳа" блоги журналист Шуҳрат Бобожон қаламига мансуб.

XS
SM
MD
LG