Линклар

Комиссия Уфимцевнинг 60 та асари музейдан ғойиб бўлганини аниқлади


Уфимцевнинг Нукус музейидаги "Батум" номли асари.

Уфимцевнинг Нукус музейидаги "Батум" номли асари.

Норасмий манбалар махсус комиссия тафтиши натижасида таниқли футурист рассом Виктор Уфимцев мўйқаламига оид 60 та асар Ўзбекистон давлат музейларидан ғойиб бўлгани тасдиқлангани ҳақида ёзмоқда. Бир-биридан мустақил 3 манба иддаосича, 4 ой тафтиш ўтказган экспертлар улкан камомадни фош қилган.

"Тафтиш натижаси экспертларни ҳам танг қолдирди"

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги манба замонавий техник ускуналар билан қуролланган 42 кишилик экспертлар гуруҳи Ўзбекистон давлат музейларидаги тафтишини ўтган ҳафта якунига етказгани ҳақида Озодликка мактуб ёзди.

Мактубда иддао қилинишича, экспертлар 4 ойлик тафтиш натижасида таниқли футурист рассом Виктор Уфимцев мўйқаламига оид 60 та асар Ўзбекистон давлат музейларидан ғойиб бўлган, деган хулосага келган ва бу ҳақдаги ҳисоботни Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигига тақдим қилган.

Ҳисобот билан танишиб чиққан Озодлик манбаси Уфимцев асарларидан баъзилари таг-туги билан ғойиб бўлгани, 6 та графика асари сохтасига алмаштирлгани аниқланганини даъво қилмоқда.

Манба 4 ойлик тафтиш натижасида аниқланган бу камомад кўлами тафтишчиларни ҳам танг қолдирганини айтмоқда:

“Мамлакат музейларида сақланаëтган авангард рассом Уфимцевга оид 1 минг 100 асардан 60 таси йўқ. Улардан энг камида 6 таси қалбакига алмаштириб қўйилган. Энг камида деганим шуки, ҳозир Уфимцев асарлари жиддий экспертизадан ўтказилмоқда. Бу экспертиза мобайнида яна қалбаки асарлар чиқиб қолиш эҳтимоли юксак”, деб ёзди Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги манбаси.

Озодлик вазирлик мулозими сиздирган бу иддаони аниқлаштириш учун Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигига боғланди. Вазирликнинг Тасвирий санъат бўлимида телефон гўшагини кўтарган мулозим бу масалада изоҳ беришни истамади.

"Уфимцев асарлари аввал ҳам ўғирланган"

Ўзбекистон давлат музейлари устидан назорат соҳасида узоқ йиллар ишлаган собиқ мулозим экспертлар гуруҳи хулосасидан хабардор эканини айтди.

Исмини ошкор қилмасликни истаган собиқ амалдорнинг айтишича, таниқли рассом асарларининг асосий фонди аввалига Ангрен галереяси – Уфимцев уй музейида сақланган. 2005 йилда эса бу коллекция Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондига топширилган.

Собиқ мулозим собиқ совет замонида машҳур бўлган Уфимцев асарлари 1991 йил - Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги 20 йиллик муддат давомида оз-оздан ўмарилган, деб даъво қилмоқда.

Аммо, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбаси 2005 йилда Ангрендан келтирилган картиналар Уфимцев асарларининг асл нусхалари экани ҳақидаги ҳужжатлар Давлат санъат музейи фондида сақланаётганини айтади.

Ҳозирча бир-биридан мустақил 3 манба Озодлик мухбири билан суҳбатда Уфимцев картиналари ғойиб бўлганига оид экспертлар хулосаси вазирликка топширилганини тасдиқлар экан, тафтиш натижасида улкан ўғирликни фош бўлди, деб таъкидламоқда.

"Ўғирлик излари Москвагача борди"

Уфимцев картиналари Ўзбекистон Давлат санъат музейидан ўғирланиганига оид иддаолар шу йилнинг март ойида пайдо бўлган.

Совет даврига оид тасвирий санъат асарлари савдоси билан шуғулланадиган Москвадаги “СОВКОМ” аукциони Ўзбекистон давлат музейидан ўғирлангани даъво қилинаëтган 6 та картинани шу йилнинг март ойида сотувга қўйди.

Бу расмлар 1964 йили оламдан ўтган ва "Туркистон авангарди" деган санъат йўналишини тамсил қилган арбоб Виктор Уфимцев қаламига мансуб, деб эълон қилинди.

Озодлик 2013 йилда айнан шу 6 картина Ўзбекистон давлат музейидан ўғирлангани ҳақида ўз манбаларига таяниб, маълумот тарқатган эди. Ўшанда Озодлик манбалари ўғирланган расмларнинг оригинали ва қалбакиси акс этган фотосуратларни ҳам Озодликка тақдим қилган эди.

Бу расмларнинг очиқ савдога қўйилганини кўрган Озодлик мухбири “СОВКОМ” аукциони мулозими билан боғланган, аукцион вакили бу асарлар Россия фуқаролари тарафидан аукционга топширилгани, уларнинг ўғирланган ёки ўғирланмаганини текширишнинг имкони йўқлигини билдирган эди.

Ўшанда Озодлик Уфимцев картиналари тадирига оид аниқланган маълумотларни Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиевага тақдим қилган ва директор Озодликка интервью бермаган бўлса-да, Озодлик мухбири келтирган фактларни ахборот сифатида инобатга олишини билдирган эди.

Ўғрилар нишонида қолаëтган Уфимцев

Бу Уфимцев асарлари Ўзбекистон давлат музейларидан ўғирланганига оид илк шов-шув эмас.

Ангрен галереяси аҳволидан хабардор маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихонов иддаосича, Уфимцев асарларининг мамлакат галереяларидан “ғойиб бўлиши" 1990 йилдан 2004 йилгача мунтазам тарзда кузатилган.

​- Ангрен галереясида 1986 йили Виктор Уфимцевга оид 2 мингдан зиëд асар бўлган. Ҳозир шулардан қанчаси қолгани ҳам номаълум, - деб даъво қилади ҳуқуқ фаоли.

Уфимцев асарлари бўйича тафтишдан хабардор бўлган ва исми ошкор қилинмаслигини истаган тошкентлик санъатшуноснинг айтишича, Ангрендаги тафтишга галерея жамламасининг асосий ҳужжати бўлган Кирим дафтари (книга поступлений) йўқ бўлиб қолгани туртки бўлган.

"Ана шундан кейин галерея жиддий текширилганида Уфимцев ижодининг илк даврига оид бир неча сурат етишмагани аниқланди", дейди суҳбатдош.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихонов иддаосича, галерея раҳбарияти расмларни сақлашга шароит йўқ деган “афсонани яратиб" йўқолган асарларни "ертўлада намдан чириб кетди", деган важ билан ҳисобдан чиқаришга ҳам уринган.

Гулнора Каримова ҳам Уфимцевга ишқибоз

Ўтган йили Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни изнсиз ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирган эди.

​Сафар Бекжон эълон қилган картиналарнинг фотосуратларини кўрган санъатшунослар булар орасида 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари борлигини аниқлади. Бу картиналарнинг асл ёхуд қалбаки экани ҳақида Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозимига кўра, Виктор Уфимцев асарларини мамлакатдан олиб чиқишга изн берилмайди:

- Мавжуд қонунга кўра,1964 йилгача чизилган расмларнинг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиқарилишига изн берилмайди. Сиз расмнинг эгаси бўлсангиз ҳам уни олиб чиқа олмайсиз. Виктор Уфимцев каби таниқли рассомларнинг асари бўлган ҳолатда бу тақиқ янада қатъийлашади. Яъни бу таниқли рассомларнинг асарлари 1964 йилдан кейин яратилган бўлса ҳам, бу асарлар дурдона экани боис мамлакатдан чиқарилишига изн берилмайди, - деди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлими мулозими.

Бозори чаққон Уфимцев

Виктор Уфимцев дохил бўлган "Туркистон авангарди" рассомлари асарларининг шу кунларда бозори чаққон.

Виктор Уфимцев асарларини расм тижоратига оид Kupitkartinu.ru порталида ҳам кўрдик.

Уфимцевга оид икки қарич катталикдаги сурат ярим миллион рус рублига сотилмоқда, дейди санъатшунос, Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда:

- Уфимцевга талаб катта. Умуман 30-йилларда Туркистонда ижод қилган рассомларга қизиқиш кучайган, - дейди Наталия Малинина.

Сиз сотаëтган асарларнинг Ўзбекистон музейларидан ўғирланмаганига кафолат борми, деб савол бердик суҳбатдошга:

- Биз буни синчиклаб текширамиз. Иложи борича муаммосиз асарларни сотувга қўйишга ҳаракат қиламиз. Лекин сиз ҳам харидор сифатида текширсангиз, зиëн қилмайди, - деди Kupitkartinu.ru тужжори Наталия Малинина Озодлик билан суҳбатда.

1899 йили Россиянинг Жанубий Уралида туғилган Виктор Уфимцев "афсона излаб" Самарқандга келган ва тарихга "Туркистон авангарди" рассомлари деб кирган мусаввирлардан бири.

1923 йилда илк бора Самарқандга келган рассом Виктор Уфимцев асарларида ëрқин ранг ва шарқона унсурлар акс эта бошлайди.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG