Линклар

13 август куни сотувга чиқарилган бензин вилоятда камида бир ҳафтадан бери кузатилаётган ёнилғи тақчиллигини бироз юмшатиши мумкин, лекин хоразмлик истеъмолчиларнинг бензинга эҳтиёжи қачон тўла қондирилиши номаълум қолмоқда.

Хоразм вилоятида бензин бир ҳафтадан бери йўқлиги тўғрисида Озодлик тингловчиларидан келган бир неча хабарни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш Давлат инспекциясининг Хоразм вилоятидаги ҳудудий бошқармасидаги манба тасдиқлади.

- Хоразмда чиндан ҳам бензин тақчил эди. Лекин сабаби нимада эканлигини айта олмайман. Нефть базаларига бензин келмаяпти. Лекин бугун бензин чиқарилди. 70 тонна бензин тарқатилди, деди манба.

Унинг айтишича, "сотувга чиқарилган 70 тонналик бензин бутун вилоят учун, албатта, оздир, чунки бир кунлик эҳтиёж - 200 тонна".

Инспекциядаги Озодлик манбаси кунига 200 тонналик меъёрга қачон етилиши мумкинлигини айта олмади.

"Сўнгги бор қачон бу меъёрда бензин сотилган Хоразмда?" деган саволга жавобан манба, “Анча бўлди, ўтган йиллари”, деб жавоб берди.

Озодлик Хоразм Нефть базаси билан ҳам боғланди, лекин у ердан вазиятни тушунтириб бериши мумкин бўлган мутасадди топилмади.

Озодликнинг Хоразм вилоятидаги тингловчиларининг хабар қилишича, камида бир ҳафтадан бери вилоятдаги ёнилғи қўйиш шаҳобчаларида бензин йўқ.

Масалан, Тўрткўл туманидан келган хабарда айтилишича, тумандаги АЁҚШлар ёпиқ, лекин бензинни қўлдан топиш мумкин: 1 литри 5000 сўм.

Бу хабарни текшириш учун бошқа бир тўрткўллик билан боғландик. Унинг айтишича, бензиннинг бир ҳафтадан бери йўқ эканлиги - бор гап гап, лекин қўлдаги нархлар ҳали 5000 сўмга кўтарилгани йўқ.

- Роппа-роса 6 кундан бери заправкаларда бензин йўқ. Қўлда бор. Нархи ҳар-хил: 3500 сўмлиги бор, 3200 дан ҳам олса бўлади. Ҳар жойда ҳар-хил. Бир ҳафта олдин заправкаларда бензин бор эди, шунинг учун қўлдагиси нархи қандай бўлганини билмайман, деди тўрткўллик.

Жорий йил бошидан Ўзбекистонда бензин нархи ошган, натижада Аи-80 маркали бир литр бензиннинг янги нархи 1670 сўм, Аи-91 ники 1835 сўм, Аи-95 ники эса 2020 сўм қилиб белгилаб қўйилган эди.

Хоразмда кузатилаётган ёнилғи тақчиллиги кейинги йилларда бутун мамлакатда кузатилаётган ҳолатдир.

Қуйида муаммо манзараси акс этган бир неча материалимизнинг сарлавҳаларинигина келтирамиз: "Бензин тақчиллиги давом этмоқда", "Ўзбекистонда ёқилғи бўҳрони давом этмоқда", "Ўзбекистонда яна ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда", “Ўзнефтмаҳсулот” бензин тақчиллигида “нопок кимсалар”ни айблади"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG