Линклар

Саакашвилига $5 миллионни ўзлаштирганлик айби қўйилди


Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили

Грузия прокуратураси мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилига 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат мулкини шахсий эҳтиёжлари учун ўзлаштирганлик айбловини қўйди.

Саакашвилига қўйилган ушбу янги айблов Грузия қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Тимур Сажайнинг ҳибсга олиниши ортида эълон қилинди.

Агар Саакашвилига қўйилган айбловлар исботини топса, у 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Тергов идораси маълумотларига кўра, 2009 йилда Саакашвили "Давлат қўриқлаш махсус хизмати" номи билан яширин жамғарма тузиб, унга бир неча миллион лари (Лари- Грузия миллий пул бирлиги -таҳр.) ўтказган.

Жамғарма пуллари Саакашвилининг массажчилари, хорижлик ошпазлари учун, қимматбаҳо совға-саломлар, авангард рассомларнинг картиналарини харид қилиш, яхта ва спорт автомобилларини ижарага олиш ва энг нуфузли курортларда дам олиши учун сарфлангани қайд қилинади тергов ҳужжатларида.

Прокуратура маълумотига кўра, Саакашвили ушбу жамғарма пулидан жами 5,1 миллион долларлик маблағ сарфлаган ва бу пуллар "ҳукумат ҳаражатлари"га тааллуқли эмас.

Бундан ташқари Саакашвили тўрт йил давомида давлат бюджетидан 11 миллион долларлик пулни президент сифатида қонунан сарфлагани аниқланган.

Айни пайтда Саакашвилига нисбатан илгари сурилган ваколатни суиистеъмол қилганлик айбловлари ҳам бўлиб, булар 2007 йил ноябрь ойида Тбилисида аксилҳукумат намойишларини куч билан бостиргани, ҳамда Имеди телеканалига “бостириб” киргани билан боғлиқдир.

2007 йилда Грузия ҳокимиятида юқори лавозимларни эгаллаган Саакашвили сафдошларига нисбатан ҳам шу каби айбловлар илгари сурилган.

Собиқ президент ўтган йили иккинчи муддати тугаши ортидан Грузияни тарк этган эди.

XS
SM
MD
LG