Линклар

Россия карвони кутилаётган Харьков чегара пунктида ҳарбийлар кўпайтирилди


Россия гуманитар ёрдами кутилаётган Харьков чегара ўтказиш пункти.

Россия гуманитар ёрдами кутилаётган Харьков чегара ўтказиш пункти.

Москвадан келаётган гуманитар ёрдам карвони Украина чегарасига яқинлашиб бормоқда. Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков Харьков вилоятидаги чегара пункти қаттиқ қўриқланаётгани, мамлакат ҳудудида "путинча агрессив провокацияга" йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Чоршанба куни Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков Facebook саҳифасида “Харков вилоятидан ҳеч қандай путинча ”гуманитар карвон” ўтказилмайди. Ҳудудимизда сурбет агрессор провокациясига йўл қўймаймиз”, деб ёзди.

Сўнгги маълумотларга кўра, чоршанба оқшом Россия-Украина чегарасига етиб бориши кутилаётган гуманитар ёрдам юкларини Шебекино-Плетнёвка чегара пункти орқали ўтказилиш режаланган.

Бунга қадар Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров юкларни қабул қилиб олиш масаласида Киев билан музокаралар олиб борилгани ва Россия Украина ҳукуматининг барча талаб-таклифларини инобатга олганини маълум қилди.

Лавров таъкидича, шартларга амал қилинган тақдирда Украина гуманитар ёрдамни қабул қилиб олишга тайёр экани тўғрисида Россия Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган.

Украина Миллий хавфсизлиги ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко карвон Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари томонидан сертификатланганидан кейингина чегарадан ўтказилишига розилик берилишини маълум қилган.

Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозо Россия ҳукуматини гуманитар ёрдам кўрсатиш баҳонасида Украинага интервенция қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирган.

Владимир Путин билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида Баррозо Европа Иттифоқи жанглар кетаётган ҳудудларда қолаётган одамларга гуманитар кўмак бўйича халқаро ҳамжамият, хусусан Россия сайъ-ҳаракатларини қувватлашини ҳам урғулади.

Путин эса бунга жавобан Россия ҳудудидан чиқиб Украина чегарасига яқинлаётган карвонда фақатгина гуманитар юклар борлигини яна бир бор таъкидлади.

Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Киевдаги вакили Андре Лерш чоршанба куни берган баёнотида Украинага Россиядан кетаётган КАМАЗлардаги юк тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, Қизил Хоч жамияти Россия тарафидан гуманитар карвонда олиб кетилаётган маҳсулотларнинг рўйхатинигина олган, бироқ уни текширишга имкон берилмаганини маълум қилди.

АҚШ раҳбарияти айни гуманитар ёрдамнинг Украина шарқидаги аҳолига ўта зарурлигини эътироф этган ҳолда машинадаги юклар Украина божхоначилари томонидан текширилиши шартлиги ва шундан сўнггина Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширилиши кераклигини таъкидламоқда.

Душанба куни Москва вилоятининг Наро-Фоминск полигонидан чиққан оқ рангдаги 280 та юк машинасида Украинанинг Донецк вилоятида қолаётган аҳолига гуманитар ёрдам маҳсулотлари олиб кетилаётгани айтилган.

Россия Ташқи ишлар вазири аниқлаштирган маълумотга кўра, КАМАЗларга 1,8 минг тонна оғирликдаги озиқ-овқат, болалар овқати, тиббий препаратлар, сув, кийим-кечак ва кўчма электрстанциялар юкланган.

Кремль расмийлари гуманитар ёрдам “Москва шаҳри ва Москва вилояти” аҳолиси томонидан йиғилганини таъкидлаётган бўлсада, айрим кузатувчилар юклар давлат бюджети ҳисобидан олинган, демоқда.

3 километрга чўзилиб кетган КАМАЗлар карвонинг чоршанба - 13 август куни кечки пайт чегарага етиб бориши режалаштирилган.

Сўнгги хабарларга кўра, жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган Луганск шаҳри аҳолиси 11 кундан бери сувсиз-электр қувватисиз қолмоқда. Донецк вилоятининг бошқа шаҳар-қишлоқларида ҳам магазин, аптека, мобил ва стационар алоқа воситалари ишламаётгани маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG