Линклар

Ҳужжати йўқ 2 ўзбекнинг жасади Хабаровск аэропортидан чиқарилмаяпти


Ukraine -- aeroport Simferopol, 1Apr2014

Ukraine -- aeroport Simferopol, 1Apr2014

Россиядаги Яҳудийлар мухтор вилоятида автоҳалокатда нобуд бўлган ўзбекистонлик 2 муҳожир жасади ҳужжат йўқлиги боис аэропортдан чиқарилмаяпти. Маҳаллий ўзбеклардан йиғилган пул билан марҳумларни Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлган фаоллар муаммони ҳал қилолмай қийналмоқда.

“Чита-Хабаровск” йўлининг Яҳудийлар мухтор вилоятидан ўтувчи қисмида 11 август куни содир бўлган автоҳалокатда ўлган 5 нафар меҳнат муҳожири жасадини Ўзбекистонга жўнатишда муаммо пайдо бўлди.

Наманган вилоятининг Чуст туманидан экани аниқланган марҳумлардан 2 нафари 8 йилдан буён ҳужжатсиз Россияда яшаб келгани аниқланган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Адҳамжоннинг Озодликка айтишича, марҳум муҳожирларнинг ҳаммаси Хабаровск ўлкасидаги қурилишларда даллоллик қилган.

- Исмларини билмадиму, ўлганлар ичида битта ўзбек хотин ҳам бўлган. Кеча расм чиқартиришибди яқинлари. Ҳаво кирмаслиги учун клей қилиб ёпиладиган тобут бор экан. Нечта одам бўлса шуларни таниб олиш учун ҳаммасига ёпиштириш керак экан. Таниб бўлмайдиган бўлиб кетган: қўл-оёқлари, беллари узилиб кетганлари бор экан. Урилган машинада ўрислардан иккитаси ўлган. Ҳозир ўликлар аэропортда, эрталаб соат 9да Ўзбекистонга жўнатворишар экан, - дейди Адҳамжон.

Ўзбекистонлик бу йигит маҳаллий ўзбек жамоаси ўлганларни ўликхонадан олиб чиқиш ва жўнатишга қисман пул йиғиб берган.

Муҳожирнинг айтишича, ўликларни жўнатишда аэропортда муаммо вужудга келган. Жўнатилаётган икки шахснинг мутлақо ҳужжати йўқлиги боис аэропортнинг божхона хизмати Ўзбекистондан уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат келтиришни сўраган.

- Иккитасининг мутлақо документи бўлмаган экан: 8 йилдан бери шу ерда экан ҳужжатсиз. Документсиз умуман жўнатмас экан. Паспортларини қаергадир яширган бўлса, ҳеч ким топа олмаяпти. Мана мен ҳам бу ерга келганимга 3 йил бўлди – без документ юрибман, паспортни цейфга солиб қўйганман. Ўликларнинг иккитасини умуман ҳозир самолётга чиқармаяпти, "Ҳужжати йўқ", деб. Аэропорт музлатгичида сақлаш учун ҳам 3 минг рубл кунига сўраяпти, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик муҳожирнинг гувоҳлик беришича, Биробиджанга кетаверишдаги трассада нобуд бўлганлар асли Наманган вилоятининг Чуст шаҳридан бўлган. Улар Хабаровск ўлкасида қурилиш объектларини пудратга олиб, Шимолий кореялик ноқонуний меҳнат муҳожирларини ишлатиб келиш ҳисобига яшаган.

Адҳамжон ўлган чустликлар Бирабиджанга пудратга олмоқчи бўлган иш объектини кўргани борган ва қайтаётганда автоҳалокатга учраган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Яҳудийлар мухтор вилоятидан ўтувчи “Чита-Хабаровск” йўлининг 2133 километрида 11 август куни содир бўлган автомобил ҳалокатида нобуд бўлган етти кишидан беш нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди.

Полициянинг аниқлашича, машиналардан бири катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетгани боис ҳалокат юз берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG