Линклар

Ëш аëлларга четга чиқиш учун ҳокимдан изн олиш мажбурияти юкланди


Kazakhstan- Uzbek and Kyrgyz prostitutes in Almaty

Kazakhstan- Uzbek and Kyrgyz prostitutes in Almaty

Ўзбекистонда 35 ёшгача бўлган аëллар чиқиш визасини олиш учун маҳаллий ҳокимиятдан тавсиянома олишга мажбурланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалар биринчи августдан бошланган бу тартиб четга чиқувчи муҳожирлар оқимини бўғиш ва фоҳишаликнинг олдини олишга қаратилганини айтмоқда.

Аёлларнинг хорижга чиқиши янада чекланди

Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасидан олинган маълумотга кўра, 35 ëшгача бўлган аëлларга чиқиш визаси берилиши жараёнида илгаридан мавжуд бўлган чеклов 1 августдан бошлаб янада кучайтирилган:

“Аслида, одам савдоси ва фоҳишаликни олдини олиш мақсадида 35 ëшгача бўлган аëллар паспортига чиқиш визаси қўйиш учун унинг турмуш ўртоғидан нотариус тасдиқлаган рухсатнома талаб қилинади. Агар қизнинг боши очиқ бўлса, ота-онаси рухсатнома бериши шарт. Аëл ажрашган ëки эри ўлган бўлса, бу ҳақда махсус гувоҳноманинг нотариус тасдиқлаган нусхаси топширилади. Биринчи августдан бошлаб, туман ҳокимиятидан ҳам тавсиянома лозим қилиб қўйилди”, дейди Озодлик манбаси.

Озодлик манбасининг айтишича, аëлларнинг четга чиқиши икки ҳолатда назорат қилинади:

“МДҲ мамлакатларига чиқиш визаси бўлмаган ҳолда саëҳат қилиниши мумкинлиги эътиборга олиниб, 35 ëшгача бўлган аëлларнинг паспортига юмалоқ муҳр босишдан олдин улар жиддий текширилади. Асос топилса, юмалоқ муҳр урилмай турилади. Юмалоқ муҳр урилгандан кейин паспортига ОВИР стикери қўйдирмоқчи бўлганда яна текширилади ва албатта, туман ҳокимлиги тавсияси бўлиши шарт”, деди Озодлик манбаси.

Бу мулозим юмалоқ муҳр урилмаслиги учун мавжуд асослар нималардан иборат эканини очиқламади.

Аммо Озодликка маълум бўлишича, 35 ёшгача бўлган ўзбекистонлик аёл-қизлар аввал бирор хориж давлатидан депорт қилинган бўлса, Ўзбекистон ичкарисида жаримага тортилган бўлса ёки фоҳишабозликка оид бирор кўринишдаги маъмурий ёхуд жиноий ҳуқуқбузарлик билан айбланган, жазоланган бўлса, уларнинг паспортига юмалоқ муҳр урилмайди.

Паспорт столларига қатъий топшириқ берилган

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, ўтган ой охирида Тошкентда туман паспорт столлари ва ОВИР идораси мулозимлари махсус суҳбатдан ўтишган.

- МХХ ва прокуратура вакиллари иштирокидаги бу суҳбатда одам савдоси ва фуқароларнинг чет элларда турли экстремист гуруҳларга қўшилиб кетишини олдини олиш учун алоҳида ҳушëрлик зарурлиги уқтирилди. Хусусан, 18 ëшдан 35 ëшгача бўлган аëллар, 18 ëшдан 45 ëшгача бўлган эркакларнинг чет элга чиқиб кетиши эҳтимоли юқори бўлса, уларнинг паспортига юмалоқ муҳр қўйишни кечиктириб туриш топширилган, - дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Озодлик манбалари бу чеклов сабабларини Ўзбекистон шаҳар ва туманларидан хорижга чиққан меҳнат муҳожирларини ортга қайтаришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари билан боғлашди.

Асли фоҳишалар бемалол четга кетмоқда

Тошкентдаги нашрлардан бирида ишлайдиган ва исми сир қолишини истаган журналистнинг айтишича, фоҳишалик мақсадида мамлакатни тарк қилмоқчи бўлган аëллар аслида қийинчиликсиз чиқиш визасини олмоқда:

“Гап шундаки, фоҳишалик мақсадида чет элча чиқмоқчи бўлган аëллар таниш-билишларини ишга солиб тезда ОВИР визасини олишяпти. Уларга туман ҳокимлиги ҳам дарров тавсия ëзиб беряпти. Лекин оддий аëллар, талаба қизларга қийин бўляпти. Масалан қайинсинглим тавсия сўраб, туман ҳокимиятига борса улар маҳаллага запрос юборишяпти. Маҳалла эса коммунал тўлов тўламаган, маҳалла хайрия ишларида фаол эмас деб пайсалга солмоқда”, дейди тошкентлик журналист.

Суҳбатдош айни пайтда Ўзбекистон ичкарисида ҳам фоҳишабозлик фаоллашганига эътибор қаратди:

“Қўйлиқдаги кўприк тагида аëллар мардикор бозори бор, ўша ерга вилоятдан келган қош-кўзи келишган қизларни тошкентлик мама розалар (қўшмачи аёллар) ойна ювдираман, деб олиб кетиб фоҳишаликка ўргатмоқда. Керак бўлса, ўша мама розалар бу қизларга биометрик паспорт ва чиқиш визасини тезда олиб бериб, чет элга жўнатади, унгача улар маҳаллий исловотхоналарда ишлаб туришади”, деб ҳисоблайди суҳбатдош.

Тошкентдан муаммосиз Россияга кетган Ф. исмли қиз ҳикояси

Озодлик мухбири айни шу йўл билан Санкт-Петрбургга олиб борилган Ф. исмли қиз (исми сир сақланмоқда - Таҳр.) билан гаплашди.

21 ëшдаги бу қиз иш излаб Хоразмдан Тошкентга борган ва Қўйликдаги мардикор бозорида Р. исмли қўшмачи аёл (исми сир сақланмоқда - Таҳр.) қўлига тушганини ҳикоя қилиб берди.

Бу қиз аввалига Тошкент ва Бўстонлиқдаги фоҳишахоналарда ишлашга мажбурланган.

Кейин эса Санкт-Петрбургдаги ўзбек мама розаларига топширилган. Озодлик билан суҳбатда бу қиз биометрик паспорт олиш билан боғлиқ барча ишларни фоҳишахона бекалари ҳал қилиб берганини айтди:

- Хоразмда юрганимда ўзим паспортни тўғирлай олмаган эдим. Лекин Тошкентдаги мама розалар бир пасда тўғирлаб берди. Уларни ОВИРда танишлари бор, - деди мардикорлик қилиб пул топишни мўлжаллаган, аммо фоҳишага айланиб қолган Ф.

Бу суҳбатдош ҳикояси Ўзбекистон ҳукуматининг фоҳишабозликни чеклаш тадбирлари самарасиз қолаëтгани ва пировардида, бу чеклов билан ҳукумат минглаб ёш аёлларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини топтаётганига далил бўлувчи юзлаб ҳикоялардан биридир.

Озодлик тез орада Ф. ҳикоясини тўлиқ чоп этишга ҳозирланмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG