Линклар

logo-print

ТерДУ маъмурияти магистратурага қабул "пулланганини" рад қилди

  • Садриддин Ашур

Термиз Давлат университети биноси.

Термиз Давлат университети биноси.

Термиз Давлат университетининг магистратура босқичига имтиҳон топширган талабалар тест синови натижасидан шикоят қилмоқда. Уларнинг иддаосича, бу босқичга кириш имтиҳонини мустақил назорат қиладиган университет ўқтувчилари қабул жараёнини ноқонуний пул ундириш мавсумига айлантирган.

Термиз Давлат университети магистратура босқичининг Биология йўналишига имтиҳон топширган бир гуруҳ талабанинг Озодликка ёзишича, тест синовида “таниш-билиш механизми” қўлланган:

“ТерДУда магистрликка имтиҳон топширишда адолатсизлик бўлди. Имтиҳонда МХХ ходимлари қатнашмади. Домлалар ўзларининг таниш талабаларига ҳар томонлама ёрдам берди. Натижада билими бор талабаларнинг тест натижалари жуда паст чиқди. Билими йўқлар эса кириб кетди”, деб ёзди бир гуруҳ талаба.

Озодлик мактубда номи зикр этилган талабалар билан боғланди. Улардан бирининг айтишича, қабул имтиҳонидан олдин бўладиган суҳбатдан ўтолмаганлар ҳам тест синовига киритилган:

- Беш кун ичида имтиҳон бўлди. Биринчи ва иккинчи кун асосий йўналишлар бўйича суҳбат бўлди. Биз ўтдик, лекин ўтолмаган бир қиз бор эди. У суҳбатдан ўтмаган бўлса ҳам тестга қўйилди. Билсак, қайсидир бир факультет деканининг келини экан. Кеча мандат бўлди ва билсак, ўша қиз ҳаммадан кўп балл олиб, ўтибди. Бундан ҳамма студент норозилик билдирди. Бу йил имтиҳон пайтида ректоримиз ҳам бўлмади, СНБ ҳам бўлмади, домлалар истаган ишларини қилишди, - дейди суҳбатдош.

Имтиҳон натижаларидан қониқмаган бошқа бир талабанинг айтишича, бу босқич учун тест саволларининг Давлат тест маркази эмас, университет домлалари томонидан тузилиши ва назорат қилиниши қабул чоғидаги қонунбузарликка кенг йўл очиб берган:

- Тест саволларини домлалар ўзлари тузади. Демак, бутун имтиҳон жараёни ўзларининг қўлида. Улар жавобларни сотадими ёки олдиндан таниш студентларга берадими - ҳаммасини ўзи билади. Кейин жавобларни ҳам ўзлари текширади. Агар магистрликка ўқишга кириш учун тестлар ҳам тест марказидан келганда эди, балки адолатлироқ бўлармиди, - дейди талаба.

Озодлик талабаларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида имтиҳонга масъул бўлган муозимлар билан боғланди.

Ўзини магистратура босқичига ҳужжат қабул қилган Абдукарим домла, деб таништирган ўқитувчи талабаларнинг иддаоларини рад этди:

- Мен талабаларнинг ҳужжатини қабул қилишда қатнашганман. Лекин имтиҳонлар пайтида ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган, - деб телефон гўшагини қўйди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган университет ўқитувчиларидан яна бири мухбир билан микрофонсиз суҳбатда олийгоҳда қонунбузарлик авж олганини таъкидларкан, магистратурага кириш имтиҳонидаги коррупцияга оид талабалар иддаосида жон бор, деб билишини айтди:

“Уч йилдан буён магистратура бардак бўлиб кетган. Хоҳлаган одамни олади, хоҳлаганча иш қилишади. Агар талабалар арз қилган бўлса бу янгилик эмас, ҳар йили аҳвол шу", деди суҳбатдош.

Ўқитувчига кўра, айни пайтда давлат пулини ўзлаштиргани учун университетнинг бир неча раҳбари устидан жиноят иши қўзғатилган:

“Уч ой олдин университетни Миллий хавфсизлик хизмати босган эди. Уч миллиард сўмга яқин камомад аниқланган. Ректор ва проректор ўқитувчиларга мукофот, қўшимча иш соатлари ёзиб, пулларни ўзлаштирган экан. Ҳозирча фақат бош бухгалтер қамоқда, қолганлари ўғирланган пулларни давлатга қайтариш ҳаракатида. Қонун бўйича 350 миллион сўмдан кўп пул ўғирлаган одам ҳибсда сақланиши керак, лекин ректор очиқда ва ишлаб юрибди. Айтишларича, республика миллий хавфсизлигида унинг божаси генерал лавозимида ишлар экан”, деб иддао қилди ТерДУнинг исмини сир сақлган ўқитувчиси.

2012 йилнинг июль ойида худди шу Термиз Давлат университетининг бир гуруҳ ўқитувчиси олийгоҳда таниш-билишчилик урчиганидан даъво қилган эди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида эса университет талабаси олийгоҳнинг ўқув ишлари бўйича проректори пахта нормасини бажармаган талабаларга куч ишлатиб, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилаётганидан Озодликка шикоят қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG