Линклар

“Одно” ва “Фейсбук”дан севги излаб чув тушаётганлар кўпаймоқда. Ўқув йили бошида мактаб формаси баҳоси ошиб кетди. “Миллион” гуруҳи бешармликда айбланди. Жорий ҳафта Ўзбекистонда матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Олий ўқув юртларида йиллик шартнома пули 8 миллион сўмдан ошди”

2014 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида ўқиш учун бир йиллик шартнома пули қиймати ўзгаради (“Адолат кўзгуси”, 14 август).

Молия вазирлиги тасдиқлаган янги тартибга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича контракт миқдори 5 050 000 сўмдан 7 450 000 сўмгача этиб белгиланди.

Олий ўқув юртларида иккинчи таълим ва магистратура бўйича шартнома миқдори 5 480 000 сўмдан 8 190 000 сўмгача этиб белгиланган.

“Фарғонада қотил компьютернинг IP рақами орқали топилди”

Фарғона вилояти Қиргули туманидаги 24-умумтаълим мактаби қоровулини ўлдириб кетган босқинчи замонавий технологиялар ёрдамида топилди (“Ҳуқуқ”, 14 август).

Фарғона шаҳрида яшовчи 25 ёшли Виталий Медведев қоровулни ўлдириб, мактабга қарашли компютер процессорини ўғрилаб кетган. Ўғирланган процессор Германияда ишлаб чиқарилган бўлиб, мактабга Осиё тараққиёт банки томонидан совға қилинган.

Шундан кейин тергов органи процессорнинг хос рақами – IP рақамини аниқлаб, бу борада маҳаллий провайдерларга маълумот юборган.

Медведев ушбу процессор орқали интернетга улангач, IP рақам орқали унинг манзили аниқланган ва қотиллик фош этилган.

“Одно” ва “Фейсбук”дан севги излаб чув тушаётганлар кўпаймоқда”

Ўзбекистонда “Одноклассики”, “Фейсбук” каби ижтимоий тармоқлар орқали ўз севгисини излаб, охир-оқибат талончи ва қаллоблар қўлига тушиб қолаётган фуқаролар кўпаймоқда (“Даракчи”, 14 август).

Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Гулнора Ҳамроевага кўра, Тошкентда яшовчи исми ошкор этилмаган қиз “Одноклассики” тармоғида жиззахлик оилали эркак билан танишади. Қизнинг онаси Тошкент ва Жиззахда ресторанларга эга бадавлат аёл эканини билиб олган эркак уни ширин сўзлар билан алдаб ўзига ром этади.

Пировардида эркак қизни алдаб 31 миллион сўмдан ошиқ пул ва тилла тақинчоқларини тортиб олади. Жиззах шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Г.Ҳамроева виртуал ошиқлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.

“Ўқув йили бошида мактаб формаси баҳоси ошиб кетди”

Ота-оналар ўқувчи фарзандларини янги ўқув йилига тайёрлаётган шу кунларда Тошкент бозорларида мактаб формаси баҳоси ошиб кетди (“Новий век”, 14 август).

Масалан, Ўрикзор бозорида камтарона мактаб формалари қизлар учун 70 минг, болалар учун 140 минг сўмгача сотилмоқда. Миробод туманидаги “Puledro” дўконида эса мактаб формалари 600 минг сўмгача, оёқ кийимлар эса 500 минг сўмдан қимматга пулланмоқда.

Ўқув йили арафасида ўқув қуроллари баҳоси ҳам кўтарилан. Масалан, 48 варақли дафтарлар 600-1000 cўм, 98 варақли дафтарлар эса 4-6 минг сўм атрофида баҳоланмоқда.

Газета ҳисоб-китобига кўра, битта ўқувчини камтарона тарзда мактабга ҳозирлаш 500 минг сўмга тушади.

“Сирдарёда 9 киши куйдиргига чалинган аниқланди”

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кўтарилгани туфайли куйдирги касаллиги ўчоқлари фаоллашди (“Оила даврасида”, 14 август).

Оқибатда Сирдарё вилоятида аҳоли орасида куйдиргининг тери шакли билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Айтилишича, Ховос туманида 9 нафар фуқарога куйдирга ташхиси қўйилган.

Бу асосан ветеринар кўригисиз уй ҳайвонларини сўйиш туфайли юзага келган. Юзага келган вазият туфайли санитария-эпидемиология назорати кучайтирилган, қорамоллар куйдиргига қарши эмланган.

Аниқлик киритилишича, куйдирги, одатда, касалланган ҳайвон гўштини нимталашда вирус тананинг тирналган, кесилган жойларига тушиши оқибатида юқади.

“100 дан ошиқ шикоятчи фуқаро туҳмат учун жазоланди”

Жорий йилнинг олти ойида прокуратура органларига шикоят ёзган ва даъволари исботланмаган 85 нафар фуқаро туҳмат қилишда айбланиб маъмурий жазога тортилди (“Диёнат”, 14 август).

Бош прокуратура Фуқаролар мурожаатлари ва хатлар бўлими прокурори Миршод Бобоевга кўра, шикоят ёзиб, бировларнинг устидан туҳмат қилишни касб қилиб олган 21 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Масалан, фуқаро Г.Абдураҳимованинг Поп туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи пора олаётгани ҳақидаги мурожаати текширув чоғи тасдиқланмагани сабабли аризачига нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси бўйича иш қўзғатилган.

“Миллион” гуруҳи “Истиқлол” саройини “масскультура”нинг бемаза аталаси билан булғади ”

Ёшлар орасида тобора машҳур бўлиб бораётган “Миллион” гуруҳининг “Истиқлол” санъат саройидаги концерти кескин танқидга учради (“Ҳуррият”, 13 август).

Ҳаққул Бек дея имзо чеккан муаллиф “Миллион” гуруҳи аъзоларининг бешарм қочиримлари, улар нутқидаги шева унсурларини, шунингдек, томошаларда бир жинслик жуфтликнинг чиққанини кескин қоралайди.

“Муқаддас даргоҳни “масскультура”нинг суюқ ва бемаза аталаси билан булғашлари учун уларга ким изн берди?! Бу айниган томошаларнинг сценарийси қайси бадиий кенгаш кўригидан ўтиб тасдиқланди экан?! Бу ҳам майли, “Истиқлол” кошонасининг эшигини уларга ким очиб берди?!” деб ёзади Ҳаққул Бек.

Муаллиф, шунингдек, ушбу томошада эл суйган, баъзи устоз санъаткорлар ҳам турмуш ўртоқлари билан бешарм қизиқчиларга жўр бўлиб, ишшайиб ўтирганини афсус билан қайд этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG