Линклар

logo-print

OzodlikOnline: Ўзбекистонда нима бору, нима йўқ?


Машинага йиққан бир қоп пулингиз бўлиши мумкин, лекин навбат келмагунча машина йўқ.

Машинага йиққан бир қоп пулингиз бўлиши мумкин, лекин навбат келмагунча машина йўқ.

Ўзбекистонда бир ой давом этган шакар танқислиги ортидан яна бензин муаммоси бошланди.

Пойтахтда гўшт, Қашқадарёда сув, Хоразмда солярка тақчил. Интернетга тезлик, ОВИРга стикер, банкларга пул етишмаяпти.

Қишлоқ аҳли газ, электр йўқлигига аллақачон кўниккан.

Сизнингча, Ўзбекистонда нима бору, нима йўқ?

Душанба, 18 август куни Тошкент вақти билан соат 19:05даги жонли мулоқотда шу ҳақда суҳбатлашдик:

Қуйида журналист Шуҳрат Бобожон қаламига мансуб ушбу мавзудаги блогни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Автобусда кетяпмиз. Одамларни энсасини қотириб, FM радиодан суҳандон бидирлаб ëтибди. Шўпир радиони ўчиргани он маршруткадаги одамлар тилга кирди:

- Уйда машина турибди, бир эмас, иккита¸ аммо бензин йўқлиги учун шу иссиқда йўл кўликда юрибман.

- Менда тўрт қоп пул бор, аммо машина ололмаяпман. Навбатим келмади.

- Бензин бор, аммо октани кам¸ мошинани пачоқ қилади. Салонда мошина бор, лекин қиммат мошина¸ лекин сиз айтган тўрт қоп пулга эмас, долларга.

- Доллар ўзбекистонда ишланмайди¸ уни ишлаш учун Россия ëки Кореяга бориш керак.

- У ëқққа бориш учун биометрик паспорт керак¸ ОВИР визаси керак. Паспорт бланкаси етишмайди. Паспорт бланкаси топилса¸ унга ëпиштирадиган стикер йўқ. Стикер бўлса, паспорт столни принтерида сиëҳ йўқ.

- Паспорт олиб¸ юмалоқ муҳрни ҳам ëпиштириб¸ чиқиш визасини ҳам олсанг, пойиз ëки самолëтга билет йўқ.

- Билет чўнтагингизда бўлса ҳам четга ишга кетишга изн йўқ. СНБ келиб, сиз нима асосда чет элга суряпсиз¸ меҳнат вазирлигидан рухсат олдингизми, деса нима дейсиз.

- Бир амаллаб чет элга бориб¸ ишлаб уйга пул юборсангиз, Ўзбекистон банкларида наличний доллар йўқ. Таниш билиш қилиб, бу долларни олиб кўчада алмаштирсангиз жиноят. Конвертация йўқ.

Шу пайт маршрутка бирдан силкиниб тўхтади. Шўпир бола мошинани тўхтатган мелисага ойнадан пул узатди.

- Кам бу пулингиз. Началникка ҳам беришим керак¸ яқинда форма олувдим складчидан ҳам қарзман¸ топиш- тутишда барака йўқ .

Маршрутка пулини баракаси йўқ мелисани ортда қолдириб, йўлда давом этди. Маршрутка аҳли ҳам суҳбатни келган жойидан давом эттирди:

- Мелисаларда ҳам инсоф йўқ.

- У бечоралар ҳам нима қилсин.

- Зато тинчлик бор. Минг марта шукур!

Бу гапни эшитган маршруткалардагиларни ҳаммаси “Минг марта шукур”, деб такрорлашди.

- Тинчлик яхшику, аммо уйда свет йўқ. Холодильник ишламай оқиб ëтибди.

- Холодильник ишлаган билан гўшт йўқ.

- Гўшт бор¸ фақат икки кун олдин қассобга буюртма бериш керак.

- Шакар йўқ.

- Шакар кеча йўқ эди бугун эса бор¸ фақат сал қиммат.

- Қизимни бўйи етиб қолди¸тузукроқ куëв йўқ.

- Ўзи эркаклар ҳам қолмади. Кўпи қамоқда ë чет элда.

Бу гапни эшитган йўловчилардан бири ўз гапини яна такрорлади:

- Зато тинчлик бор. Минг марта шукур!

Бу гапни эшитган маршруткалардагиларнинг ҳаммаси “Минг марта шукур”, деб такрорлашди.

Маршруткани ичи исиб кетган эди.

- Маршруткада конденционер йўқ¸ деди йўловчилардан бири.

- Шукр қилинг, ҳали қиш келса, бу иссиқни соғинасиз. Газ бўлмаслиги тайин.

- Газ бўлмаса, ўтин бор, кўмир бор¸ таппи бор.

- Ҳали қишга анча бор. Юртбошимиз бизни мамлакатимизда бор қилиб қўйган тинчликка шукр қилайлик.

Маршруткадагилар “Минг марта шукур” деб яна такрорлашди.

Ҳамма нарса йўқ деб зорланганларнинг суҳбати жонига теккан шўпир бола радиони ëқди. Қўшиқ янгради.

“Барибир мен учун борсааааааан! Ҳаëтимда борсааааааан!”

Аммо қўшиқчи айнан нима борлигини айтмади. Балким сиз биларсиз: Ўзбекистонда нима бору, нима йўқ?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG