Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:54

Украина Россиянинг гуманитар карвонини текширмоқда


Украина расмийлари Россия жўнатган 280та юк машинасидаги гуманитар ёрдам карвонини текширишга киришди. Россия бу ёрдам Украина шарқидаги муҳтож аҳолига жўнатилганини иддао қилмоқда. Бироқ Киев ва Ғарб давлатлари гуманитар ёрдам баҳона Россия Украинага бостириб кириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Россиянинг Украина шарқидаги аҳолига жўнатган гуманитар юклари ортилган машиналар карвонига 15 август куни Россиянинг ўнлаб зирҳли машиналари келиб қўшилгани хабар қилинди.

Украина ва Ғарб расмийлари Россия гуманитар юклар жўнатиш баҳонасида Украинага ҳарбий интервенция бошлаши мумкинлигидан хавотир билдирган. Кремл расмийлари эса бу иддаони рад қилган.

Украина Чегара хизмати матбуот котибига таяниб Рейтерс ахборот агентлигининг билдиришича, Украинанинг кўп сонли чегарачилари Россия ҳудудига ўтиб гуманитар юкларни текшириш ишларини бошлаган.

Россиянинг гуманитар юкларини олиб кетаётган юк машиналари карвони 14 август куни Украина чегарасидан тахминан 20 километр нарида жойлашган Россиянинг Каменск-Шахтинский шаҳри яқинида тўхтаган эди.

Украина расмийлари ҳам Москва томонидан Украина шарқида яшайдиган аҳолига гуманитар ёрдам деб айтилаётган юкларни текшириш бошланганини тасдиқлади.

Кузатувчилар 280та юк машинасининг текширувдан ўтказилиши Украина ва Россия ўртасидаги кескинликни юмшатиши мумкинлигини айтмоқда.

Бироқ Россиянинг зирҳли машиналари чегарани кесиб Украина ҳудудига ўтгани Россия гуманитар ёрдам баҳона Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақидаги Киев ва Ғарб давлатлари хавотирини кучайтирди.

Россия расмийлари 280та юк машинаси Шарқий Украина аҳолисига ичимлик суви, озиқ-овқат ва бошқа зарурий ёрдам юкларини олиб кетаётганини маълум қилган.

Украина шарқида жойлашган Донецк ва Луганск вилоятларидаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар жорий йил апрель ойидан бери Украина ҳукумати кучларига қарши жанглар олиб бормоқда.

Ўз навбатида ушбу қуролли можаро Россиянинг Ғарб давлатлари билан муносабатига салбий таъсир кўрсатди. Россия Украинадаги можарога алоқадор эмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Пайшанба куни Британиянинг The Guardian ва The Telegraph нашрлари Россиянинг 23та бронетранспортёри чегарани кесиб, Украина ҳудудига ўтганини билдирди.

Британия Ташқи ишлар вазири Филипп Хаммонд Россиянинг ҳарбий машиналари Украина ҳудудига ўтган бўлиши мумкинлигидан жиддий хавотирда эканини урғулади.

Литва Ташқи ишлар вазири Линас Линкевичус эса 15 августга ўтар кечаси Россиянинг 70та ҳарбий машинаси Украинага ўтгани ҳақидаги маълумотга эга эканини айтди.

Жума куни НАТО расмийси Россия ҳарбий машиналари Украина ҳудудига ўтгани ҳақидаги иддаолар текширилаётганини билдирди.

- Агар бу тасдиқланса, Россия айтган гапининг тескарисини қилаётганига далил бўлади. Россия можарога барҳам беришга чақириб, амалда тескарисини қилмоқда. Россия қўшинларини олиб чиқиши, Украинага қуроллар ва жанггарилар жўнатишни тўхтатиши, айирмачиларни дастаклашни тўхтатиши ҳамда Украина билан ҳақиқий ва ҳалол мулоқот бошлашга киришиши лозим, - деди НАТОнинг матбуот вакили Оана Лунгеску.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Чегара хизматининг минтақавий бўлими бошлиғи Россиянинг зирҳли машиналари Украина ҳудудига ўтганини инкор қилди.

Россия қуролли тўқнашувлар натижасида икки мингдан зиёд одам нобуд бўлган ва уйларини ташлаб хавфсиз жойларга қочишга мажбур бўлган Украина шарқидаги 250 минг аҳоли гуманитар ёрдамга муҳтож эканини таъкидламоқда.

Айирмачилар бош қароргоҳи ҳисобланган Донецк шаҳри маъмурияти расмийлари сўнгги 24 соат давомида уюштирилган ҳужумлар оқибатида тинч аҳолидан 11 киши ўлганини маълум қилди.

Украина Ташқи ишлар вазири Павло Климкин жума куни Блумберг телевидениеси мухбири билан телефон орқали суҳбатида агар ҳукумат талаблари бажарилса, ўт очишни тўхтатиш келишувига эришиш мумкинлигини айтди.

- Агар муҳим талабларнинг ҳаммаси бажарилса, биз икки томонлама ўт очишни тўхтатишга тайёрмиз. Биз террорчилар билан ҳеч қандай алоқага эга эмасмиз. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) миссияси улар назоратидаги ҳудудда кузатув олиб бориш имкониятига эга эмас. Гаровдаги одамларни озод қилишда бир оз муваффақиятга эришдик. Биз Россия- Украина чегарасини самарали назорат қилиш имкониятига эга эмасмиз. Агар ушбу жуда муҳим шартлар бажарилса, албатта икки томонлама оташкесим бўлади,- деди Украина Ташқи ишлар вазири Павло Климкин.

XS
SM
MD
LG