Линклар

Россия Украинанинг бир қисмини ишғол қилиб¸ яна бир қисмида тартибсизлик ташкил қилаëтганидан хавотирлар тўхтамаётган бир вазиятда МДҲдаги бошқа давлатлар, хусусан, Марказий Осиë Россия таҳдидига чап бера оладими¸ деган савол жавобини Қурултойда изладик.

Россиянинг РИА Новости агентлиги шу кунларда туркий тилда гаплашадиган мамлакатларни бирлаштириш ғояси билан чиққан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббусини муҳокамага чиқарди.

“Етти мамлакат- бир ҳаракат” деган бу шиор билан Нурсултон Назарбоев туркий тилда гаплашувчи Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Туркманистон¸ Озарбайжон¸ Туркия ва Қиприс мамлакатларини маънавий бирлашишга чорлаган эди.

Айни пайтда Назарбоевнинг бу гапи Россия ва Қозоғистоннинг русийзабон аҳолиси тарафидан “пантуркчилик” дея салбий қаршиланди.

Озодликнинг Қурултой эшиттиришида қатнашган қозоқ ва ўзбек фаоллари туркий тилда гаплашадиган мамлакатларни бирлаштириш ғояси билан чиққан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббусини таҳлил қилишди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев аввал ҳам Марказий Осиë бирлашуви ҳақида бот –бот гапириб келган:

- Албатта, Марказий Осиё давлатлари иттифоқи бўлиши энг маъқули бўлар эди. Зеро, оддийгина қилиб айтганда, бутун дунёда бирлашув жараёни бормоқда... Худонинг ўзи бу ерни шундай яратганки, унда 55 миллион аҳоли яшайди, тил борасида тўсиқлар йўқ, бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиёт мавжуд, ҳудудлар яхлит, транспорт алоқалари ўрнатилган. Бу минтақа ташқарига чиқмай ўз-ўзини озиқ-овқат билан тўла таъмин этиши, энергетика билан тўлиқ таъминлаши мумкин ва ҳ.к. Қўйингчи, балиқ ҳам етиб ортади. Модомики, шундай экан, яна нима керак? Биз бир-биримизни ҳурмат қилмаймиз, баъзан бир-биримизга халақит берамиз. Ҳолбуки аҳоли бундан (бирлашишдан- таҳр.) фақатгина ютади. Нега иқтисодий бирлашувга ҳам эришиб бўлмаётир? – ҳанузгача ҳеч тушунолмайман. Бу ҳақда бизнинг, қўшниларимизнинг сиёсатчилари, оммавий ахборот воситалари гапиришлари, тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз яқинлигини айтишлари керак. Боринг-чи, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шундай қилишимиз лозим¸ - деб таъкидлаган эди Назарбоев қозоқ журналистлари билан Қозоғистон телеканалидаги мулоқот чоғида.

Назарбоевдан анча олдин минтақанинг иқтисодий интеграция ҳақида илк бора жадидлар гапирган эди.

Туркистон ойдинларидан бири Мустафо Чўқай 1918 йилдаёқ минтақа аҳолисини бирлашишга даъват этиб¸ “қонимиз – бир, жонимиз – бир у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам” дея ëзган эди.

Озодликнинг Қурултой эшиттириши иштирокчилари Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон зиёлилари ва тарихчиларини ушбу масалани кўтариб чиқишга чорлашди.

Эшиттиришда қозоқ журналисти Олимжон Бўқаш¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад¸ ҳозирда Туркияда яшаëтган ўзбек журналисти Нарзулла Охунжонов ва тошкентлик сиëсий таҳлилчи Комрон Алиев иштирок этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG