Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:51

Мураббий ва шифокорлар масжидлардан болаларни ҳайдади


15 август куни Тошкент шаҳар мактаблари мураббийлари ва поликлиника шифокорлари жума намозига балоғатга етмаган шахсларни қўймасликка сафарбар қилинди. Пойтахтдаги жомъе масжидларидаги оммавий ибодатлар даврида ўқитувчилар ва шифокорлар милиция ходимларига ибодатга кириши мумкин бўлган болаларни тутиб қолишга кўмаклашди.

Маълум бўлишча, мустақиллик байрами олдидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари махсус кучайтирилган ҳолатга ўтказилгани туфайли ходимлар етишмовчилиги кузатилгани. Ҳукумат ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида мазкур ҳафтада бюджет ташкилотлари ходимлари хизматидан фойдаланишга қарор қилди.

— МХХ ходимлари етакчилигида Чилонзордаги “Катта Қаъни” ва Ҳамза туманидаги “Жўрабек” масжидларида болаларни тутиб қолишда иштирок этдик. Раҳбарларимизнинг айтишича, милиция ва МХХ усилинний режимга ўтгани боис ходимлар тақчиллиги рўй берган. Шу боисдан масжидларга болаларнинг кириб кетишининг олдини олишга ёрдам бердик. Тушунишимизча, бу ҳол байрамга қадар давом этаркан, — дейди “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда пойтахтнинг Миробод туманидаги оилавий поликлиника шифокорларидан бири.

Пойтахтдаги “Новза” масжидида ўтган жума ибодатларида болаларни тутиб қолиш ишига кўмаклашган Шайхонтоҳур туманидаги мактаб ўқитувчиларидан бири бу кампания бошида МХХ кураторлари тургани, буйруқ айнан туман халқ таълими бўлимлари томонидан мактаб директорларига юборилганини таъкидлайди:

“Албатта, бу борада ёзма кўрсатма йўқ. Мактабларда эркак ўқитувчилар кам бўлишига қарамай, уларга шу каби нагрузкалар қўйилмоқда. Ҳадемай пахта терими бошланади, пойтахтдаги мактаблар ўқитувчилари пул йиғиб бериб, бу ишдан қутулар. Аммо болаларнинг масжидга киришининг олдини олиш ишидан бўйин товлаб бўлмаяпти. Рамазон ойида ҳам айрим ҳамкасбларимиз милиция ходимларига бу ишда ёрдамлашганди”, дейди мобиль мухбирларимизга пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли мактаб ўқитувчиси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни 3-моддаси 3-хатбошисида балоғатга етмаган шахсларнинг оммавий ибодатларга жалб қилиш чекланиши қайд этилган.

XS
SM
MD
LG