Линклар

logo-print

АҚШ Россияни Украинадаги "хатарли амаллари"ни тўхтатишга чақирди


Қўшма Штатлар Россия ҳукуматини Украинада нобарқарорликларга сабаб бўлувчи “ўта хатарли ва провокатив” уринишларни бас қилишга чақирди.

Оқ уй мулозими Кэйтлин Ҳайден 15 август куни қилган баёнотида Россия Украинага Киев ҳукуматининг руҳсатисиз транспорт воситаларини киритишга ҳаққи йўқлиги, бунақа уринишлар босқин сифатида қаралиши мумкинлиги ҳақида таъкидлади.

Аввалроқ, Украина Президенти Петро Порошенко Украина кучлари чегарани кесиб ўтган Россиянинг бир нечта зирҳли машинасини яксон қилганини айтган эди.

Украина президентининг матбуот хизматига кўра, Порошенко Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан телефон сўзлашуви чоғида Украина артиллерияси ҳарбий машиналарнинг бир қисмини яксон қилганини билдирган.

14 август куни Британияда чиқадиган иккита газетанинг мухбирлари Россиянинг 23та бронетранспортёри чегарани кесиб Украина ҳудудига ўтганини хабар қилганди. Ундан олдин зирҳли машиналар Россия Украинага жўнатган гуманитар ёрдамни олиб кетаётган юк машиналари карвонига қўшилган эди.

Украина ҳарбийлари матбуот котибига кўра, Россиянинг зирҳли машиналари чегарани кесиб ўтган заҳоти уларни Украина кучлари кузатган.

Россия ўз ҳарбий техникаси Украинага киритилгани ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

XS
SM
MD
LG