Линклар

logo-print

17 август куни Украина ҳарбийлари Луганск шаҳридаги милиция идораси ҳукумат кучлари томонидан ишғол қилганини билдирди. Россия чегарасига яқин жойлашган Луганск шаҳрини Россия тарафдори бўлган айирмачилар апрел ойидан бери назорат қилаётган эди. Якшанба куни айирмачилар Луганск вилоятида армияга қарашли МИГ-29 учқичини уриб туширди.

17 август куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко ҳукумат кучлари мамлакат шарқида олиб борган амалиётлар ҳақида журналистларга қуйидагиларни маълум қилди.

- Кеча, Луганскдаги Велика Верхункада шиддатли жанглар бўлиб ўтганидан сўнг, Украинанинг аксилтеррор кучлари Жовтневий туманидаги милиция идорасини ўз назоратига олди ва бино устига Украина давлат байроғи тикилди. Шунингдек, Донецк вилоятидаги Ждановка шаҳри ҳам озод қилинди. У ерда ҳам мамлакат миллий байроғи кўтарилди, - дея баёнот берди Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби.

Андрей Лисекно сўнгги 24 соат давомида Россиядан Украинага янги ҳарбий қурилмалар, жумладан, учқичларга қарши ишлатиладиган учта “Град” тизими кириб келаётгани кузатилганини маълум қилди.

17 август куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Украинадаги айирмачиларга ҳарбий техника жўнатгани ҳақидаги айирмачилар иддаосини инкор қилди.

Песковнинг раддияси ўзини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган Республиканинг Бош вазири Александр Заҳарченко 16 август кунги чиқишида Россиядан 150та зирҳли машина, жумладан, 30та танк ҳамда сўнгги тўрт ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган 1200 киши айирмачиларга келиб қўшилганини иддао қилганидан кейин янгради.

Якшанба куни Украина расмийлари Россия тарафдори бўлган айирмачилар Луганск вилоятида армияга қарашли МИГ-29 русумидаги учқични уриб туширганини маълум қилган эди.

Расмийларга кўра, парашютда сакраган учувчини Украина ҳарбийлари қутқарган.

Айни пайтда Россия ва Украинанинг чегара ва божхона расмийлари Россия 280та юк машинасида жўнатган 1856 тонна гуманитар ёрдам юкларини тўлиқ текшириш борасида келишувга эришди. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти келишув қандай бажарилаётганини кузатишини билдирди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, якшанба куни 16та юк машинаси гуманитар карвондан ажралиб, Россия томонидан чегара пунктига қараб кетган.

Ундан олдин Москвадаги Халқаро Қизил Хоч расмийлари гуманитар ёрдам юклари ортилган машиналар карвони тўхтаб қолган жойга ташкилот инспекторлари етиб боргани ва текширув 17 август куни бошланиши эҳтимолдан йироқ эканини маълум қилган.

Киев расмийлари халқаро ташкилот рухсат бермаганини баҳона қилиб, машиналар карвони Украина ҳудудига киришига қаршилик қилиб келаётган эди.

Айрим украиналиклар Россияни, гуманитар ёрдам баҳонасида, айирмачиларга қуроллар етказиб беришга уринаётганликда айблаган.

Россия расмийлари ушбу айбловларни кескин рад қилган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти расмийлари гуманитар ёрдам ортилган машиналар чегарани кесиб ўтмасидан аввал Украина шарқида уришаётган томонлардан гуманитар ёрдам карвонига ҳужум бўлмаслиги ҳақида кафолат берилишини кутаётганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG