Линклар

logo-print

Ўшда ўзбек журналисти ҳужумга учради


Қирғизистонлик шоир ва журналист Даврон Насибхонов (Даврон Ҳотам).

Қирғизистонлик шоир ва журналист Даврон Насибхонов (Даврон Ҳотам).

17 август оқшомида Ўшнинг “Маиший хизмат уйи” мавзеида “Интимақ” телерадиокомпанияси ўзбек бўлими муҳаррири Даврон Насибхонов калтаклаб кетилди. Бу ҳақда Озодликка журналистнинг ўзи маълум қилди.

Унинг айтишича, кеча оқшом соат 20 лар атрофида нон олиб келиш учун уйи яқинидаги дўконга чиққанида ёши 30 лардан ошган қирғиз миллатига мансуб тўрт нафар ширакайф йигит унинг йўлини тўсган. Ўзаро мулоқотни миллий мансубиятга кўра таҳқирдан бошлаган ширакайфлар Даврон Насибхоновдан пул талаб қилишган. Ўз талабига рад жавобини олган йигитлар журналистни калтаклай бошлаганлар.

Калтак зарбидан аъзои бадани қақшаб, боши оғриётган Даврон Насибхонов кечанинг ўзида Ўш шаҳар касалхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган, бироқ шифохонада бўш ўрин бўлмагани туфайли рентген тушиб, биринчи ёрдамни олганидан сўнг уйига қайтишга мажбур бўлган.

Якшанба кунги нохуш ҳодисани касбий фаолияти билан боғламаган журналист миллатчилик хуружи сифатида баҳоланиши мумкин бўлган бу ҳужум юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилмоқчи.

Даврон Ҳотам тахаллуси билан ижод қилиб келаётган 33 ёшли шоир ва журналист Даврон Насибхонов ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашни мақсад қилган “Интимақ” телерадиокомпаниясининг етакчи журналистларидан биридир.

XS
SM
MD
LG