Линклар

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирганлардан ўқиш пулини 15 сентябргача тўлаш талаб қилинмоқда. Биринчидан, бу санага қадар контрактга илинганлар орасидан пулини тўлолмайдиганларни аниқлаб, ўрнига бошқа талабгорларни олиш лозим. Иккинчидан, пахта теримига қадар контракт асосида ўқийдиган қарийб 70 фоизга яқин талабага буйруқ чиқариш зарурати бор.

Тошкентдаги қатор олий ўқув юртлари ректоратлари тўлов-контракт асосида ўқишга кирган бўлғуси талабалардан контракт пулини 15 сентябргача тўшлашни талаб қилмоқда.

- Сентябрь ойининг ўртасигача контракт пулини тўлаб бўлган бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда, биринчи семестр учун ярим пулини тўлаб турса ҳам бўлади. Шунга қараб буйруқ чиқарамиз, - деди Тошкент, жумладан Тошкент Давлат Шарқшунослик институти маъмурияти вакили.

Аксар олий ўқув юртлари қабулхоналаридан олинган маълумотга кўра, тўлов-контракт асосида ўқишга илинган абитуриентларнинг 95-100 фоизи, одатан ўқиш пулини тўлайди.

- Ҳозир дополнительный контракт деган нарса нарса йўқ бўлиб кетди. Ўтган йили ҳам контрактга илинганларнинг ҳаммаси пулини тўлаб, ўқишга кирган, - деди жумладан Ўзбекистон Миллий университети маъмурияти вакили.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2014/2015 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида битта талабанинг бир йиллик ўқитиш қиймати 5 миллион 50 минг сўмдан 7 миллион 450 минг сўмгача қилиб белгиланган.

Ўтган ўқув йилида энг қиммат контракт миқдори халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналиши бўйича 6 миллион 750 минг сўмни ташкил этган. Бу йилги контракт пулининг миқдори 700 000 сўмга оширилди.

Айрим олий ўқув юртлари ректоратларидан олинган маълумотга кўра, талабларнинг қарийб 85-90 фоизи ўқиш пулини иккига бўлиб тўлайди ва одатан, тўловлар сентябр ойининг бошидаёқ амалга оширилади.

- Ҳаммаси олдиндан котрактга мўлжал олиб, пулининг расчётини қилиб, кейин имтиҳон топишраяптику ҳозир. Энди кўпчилиги нақд тўлайди. Қариндошлари у ёқдан-бу ёқдан юборади, шуни олиб келиб тўлайди. Бир хиллари бор, қишлоқлардан перечисление қилади. Бор, хар хилларидан бор, - деди тўлов тартибини тушунтирган Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг ректорати вакили.

Контракт пулини тўлаш учун ҳар ўқув йили аввалида 15 сентябрга қадар муддат берилади ва талабанинг тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқ ой охирига қадар чиқарилади.

Лекин, сентябрь ойидаёқ аксар олий ўқув юртлари талабалари пахта теримига олиб чиқилиши кузатилади. Айрим олий ўқув юртларидан олинган маълумотга кўра, теримчи-талабалар орасида ҳали талабалиги буйруқ билан тасдиқланмаган абитуриентлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

- Пахта у ўз йўлига, ўқиш ўз йўлига. Кўпчилик талаба сентябрь ойи бошига пулини тўлаб бўлади. Чунки, ҳаммаси олдиндан билиб, тайёрланиб топширадику?! Буйруқ сал кечроқ чиқаверади, буни пахтага аралаштирманг, - дея изоҳлашга уринди Тошкент давлат техника университети ходими.

Ўзбекистон Президенти имзолаган «2014-2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорга мувофиқ бу йил бакалавр йўналишида жами 57 минг 907 нафар талаба қабул қилинади.

Шуларнинг 19 минг 120 нафари давлат гранти ва 38 минг 787 нафари тўлов-контракт асосида таълим олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG