Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Контрабандачилиги тахмин қилинган ўзбекистонликни қирғиз чегарачилари отиб ўлдирди


19 август куни қирғиз-ўзбек чегарасида қирғизистонлик чегарачилар Ўзбекистон фуқаросини отиб қўйди. Қирғизистон Давлат чегара хизматининг маълум қилишича, нохуш ҳодиса Боткен вилоятининг Қадамжой тумани Ўртў Интимақ қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Таркибига Ўртў Интимақ қишлоғи ҳам кирувчи Халмиён қишлоқ ҳукумати раҳбари Камалдин Бегматов сешанба куни содир бўлган нохуш ҳодиса ҳақида Озодликка қуйидагиларни айтди:

- Интимақ деган қишлоғимиз Ўзбекистон билан чегарада жойлашган. Икки ўртада фақат адирлик бор. Ўша чегарадан контрабанда моллари ташилади. Қирғизистон фуқаролари бозорларимиздан юк олиб бориб, чегара етмай, ўзбекистонликларга топширади, у ёғига Ўзбекистон фуқаролари олиб ўтиб кетади. Бугун тунда ҳам 20-30 чоғли ўзбекистонлик йигит юк ташигани келган экан. Шу пайтда бизнинг чегара наряди ўша ерга бориб қолган ва юк ташиганларга рўбарў бўлган. Чегарачиларимиз “тўхта, кимсан?” деб команда берганда, улар қочган. Қочиб бораркан, бизнинг солдатларга тош отишган. Бизнинг солдатлар огоҳлантирувчи ўқлар отган осмонга. Бунга эътибор қилмаганларидан кейин одамларга қарата отишган. Улардан бири Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Оқбилол қишлоғида яшайдиган, 1974 йилда туғилган Йўлчиев Қаҳрамонжон Олимжонович деган бола ўқ тегиб, қазо қилган, - дея ўзидаги маълумотлар билан ўртоқлашди Халмиён қишлоқ ҳукумати раҳбари Камалдин Бегматов.

Унинг айтишича, бу ҳудудларда чегара тўлалигича аниқланган эмас, бироқ Ўзбекистон томони ўз тарафидан зовур қазиб, тикансимларни тортиб қўйган.

“Ўзбекистонлик йигитлар шу тикансимлардан ўтиб келиб, юкларни ташиб кетарди” дер экан Камалдин Бегматов уларнинг қирғиз чегарачилари билан тўқнашуви Қирғизистон ҳудудида содир бўлгани, Қаҳрамонжон ҳам ўша ерда ўқ еганини қўшимча қилди.

Озодлик воқеа жойида бўлган ўзбекистонлик йигитлар билан боғланишга кун бўйи уринди, бироқ бу ҳаракатлар самара бермади. Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимияти расмийлари билан боғланишга муваффақ бўлолмадик.

Озодликнинг Одноклассники.ру ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзини оқбилоллик Юлдузхон деб таништирган фойдаланувчи қирғиз-ўзбек чегарасида Йўлчиев Қаҳрамонжон исмли йигит чегарачилар ўқига учганини тасдиқлади.

- Ростдан ҳам у киши қирғиз чегарачиси томонидан отиб куйилди. Қизилқия постидан тахминан соат 22:00да уйига майитини олиб келишди. 20 август куни тонгда соат 7да таъзия бўлиб ўтди. У билан бирга яна бир бола танасини бўкса кисмидан ўк ялаб ўтган, лекин у қочиб қутлган, - деди Юлдузхон.

Қирғиз чегарачилари билан тўқнашув тафсилотларидан яхши хабардор бўлмаган оқбилолликларнинг айтишича, Оқбилолда ҳамма Облоқул деб чақирадиган Қаҳрамонжондан икки қиз ва бир ўғил қолган.

Ўзбек-қирғиз чегарасида сешанба куни содир бўлган воқеа юзасидан Ўзбекистон томони ҳали бирорта расмий маълумот тарқатгани йўқ.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати томонидан тарқатилган маълумотга кўра эса, 19 август куни Ўзбекистоннинг “Водил-Автодорожний” ўтказиш масканида ўзбек ва қирғиз чегарачилари учрашиб, бу нохуш ҳодисани муҳокама қилганлар.

Учрашув якунига кўра, мазкур воқеа юзасидан ҳар бир томон ўз текширувини ўтказишига қарор қилинган.

Ҳозир ҳодиса жойида тезкор-тергов гуруҳи ишлаётганини маълум қилган Қирғизистон Чегара хизмати ўзбекистонлик йигитлар билан тўқнашув чоғида тан жароҳати олган икки чегарачи айни пайтда касалхонага ётқизилганини ҳам қистириб ўтган.

XS
SM
MD
LG