Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:20

Фергюсон шаҳридаги намойишда 2 киши отилди


АҚШнинг Миссури штатидаги Фергюсон шаҳрида ўққа тутилган полиция ходимлари 31 кишини ҳибсга олди. Хабарларга кўра, зўравонлик пайтида икки киши ўқотар қуролдан яраланган, олти киши, жумладан, тўрт нафар полиция ходими тан жароҳати олган. Фергюсондаги намойишлар ўн кун олдин полиция ходими қора танли қуролсиз ўсмирни отиб ўлдирганидан кейин бошланди.

АҚШ полицияси капитани Рон Жонсон сешанбага ўтар кечаси Фергюсон шаҳрида зўравонлик содир этаётган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизадиган газ ва шовқинли гранаталар қўлланилганини айтди.

18 август куни Миссури ҳокими бир неча кун олдин жорий қилинган комендантлик соатини бекор қилди.

Ундан аввал АҚШ Президенти Барак Обама АҚШ Бош прокурори Эрик Холдер 20 август куни Фергюсонга боришини эълон қилган эди.

Агар амалга ошса, бу 18 яшар Майкл Браун отиб ўлдирилганидан бери юқори лавозимли АҚШ маъмурияти расмийсининг Фергюсонга биринчи ташрифи бўлади.

АҚШ президенти Барак Обама зўравонликлар кескинликни кучайтиришини таъкидлаб, одамларни оғир-босиқ бўлишга чақирди.

- Майкл Браун ўлими билан боғлиқ ҳиссиётлар ва ғазабни мен яхши тушунган ҳолда шуни айтмоқчиманки, ғазабга берилиб талон-тарож, қуроллар олиб юриш ва ҳатто, полицияга ҳужум қилиш тартибсизлик ва кескинликни янада кучайтиради. Бу адолат ўрнатилишига путур етказади, - дея баён қилди АҚШ президенти.

9 август куни Сент-Луис шаҳри яқинидаги Фергюсонда 26 ёшли полиция ходими Даррен Вильсон қуролсиз қора танли ўсмир Майкл Браунни отиб ўлдирган.

Маҳаллий полиция маълумотига кўра, Браун ўша атрофдаги дўкондан бир нечта сигара ўғирлаган ва Вильсоннинг таъқибидан қочишга уринган.

Марҳумнинг оила аъзолари эса қора танли Браун куппа-кундузи ирқий асосда оқ танли полиция ходими томонидан отиб ўлдирилганини иддао қилмоқда.

АҚШнинг Аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотига кўра, 1990 йилгача Фергюсоннинг 74 фоиз аҳолиси ирқий келиб чиқишига кўра африкалик қора танли, қолган қисми оқ танли бўлган.

Шаҳар маъмуриятининг аксар ходимлари оқ танли фуқаролардан иборат.

Миссури Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2013 йилда Фергюсонда йўл ҳаракати қоидасини бузган шахсларнинг 86 фоизи, ҳибсга олинганларнинг 93 фоизи қора танли фуқаролар бўлган.

Ҳозир Майкл Браун отиб ўлдирилгани юзасидан ҳам маҳаллий, ҳам федерал ҳуқуқ-тартибот органлари тергов-суриштирув олиб бормоқда.

Ушбу воқеа АҚШда сўнгги ўн йилликлар давомида энг мудҳиш ирқий тартибсизликларга сабаб бўлган воқеа сифатида қайд этилди.

Полиция ходимининг қора танли ўсмир Майкл Браунни отиб ўлдиргани Фергюсон шаҳридан ташқари АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бошланишига туртки бўлди.

XS
SM
MD
LG