Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

Рамзан Қодиров қўл телефони йўқолгач, мингга яқин одам сўроқ қилинди


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қўл телефони йўқолгач, 1000га яқин одамни полиция сўроқ қилди. “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази сўроқ қилинганлар орасида вояга етмаганлар борлигини хабар қилди. Лекин президент матбуот хизмати Қодировнинг мобил телефони йўқолганини инкор қилмоқда.

16 август куни Чеченистоннинг Шали туманидаги “Шира-Юрт” архитектура-этнография музейи очилишида иштирок этган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мобил телефонини йўқотиб қўйгани тўғрисидаги хабар душанба куни “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти сайтида пайдо бўлди.

Хабарда айтилишича, республиканинг турли чеккаларидан келган мингга яқин иштирокчига микрофон орқали ҳукумат раҳбари ўз телефонини йўқотиб қўйгани тўғрисида маълум қилинган:

“Тадбирга келган меҳмонлар бирма-бир Қодировнинг телефонини кўрганми-йўқми, деб сўраб чиқилди. Натижа бўлмади. Шундан кейин меҳмонлар уйма-уй тарқаб кетди, маъмурият раҳбарлари эса байрам ташкилотчиларидан барча иштирокчилар ва таклиф этилганларнинг исм-шарифини аниқлай бошлади”, дейилди хабарда.

“Мемориал”га кўра, шанбадан якшанбага ўтар кечаси туман маъмурияти ходимлари ва полиция мингга яқин одамни бирма-бир чақиртирган. Жумладан, сафида вояга етмаган чеченистонликлардан сўроқ пайтида маросимда қаерда тургани, телефон ёки “бошқа эгасиз буюм” топгани-топмагани тўғрисида саволлар берилган.

“Кўплари фақат эрталаб уйга қайтиб кела олди”, деб ёзди телефон топилган-топилмагани ҳанузгача номаълум қолаётганини хабар қилган ташкилот.

Озодликнинг Шимолий Кавказдаги мухбирлари бу хабар ортидан 16 август куни бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган давлат мулозимларидан баъзилари билан боғланишга муваффақ бўлди.

Исмини сир сақлаган бу мулозимлар маросим чоғида президент Қодиров қўриқчилари уларни тинтигани ва президентга тегишли буюмни ахтарганига гувоҳ бўлганини айтдилар.

Айни пайтда, Рамзан Қодировнинг матбуот хизмати раҳбари Альви Каримов Чеченистон президенти ўз қўл телефонини йўқотганини муттасил инкор қилмоқда:

“Ҳаммаси ёлғон. Рамзан Аҳметовичда иккита телефони бор, иккаласи ҳам унинг иш столи устида турибди”, деди матбуот маркази расмийси “Интерфакс” агентлигига.

"Мемориал" ташкилоти Шимолий Кавказдаги вазиятни мунтазам равишда кузатаётган ва чуқур таҳлил қилиб келаётган ташкилотлардан биридир.

Бу ташкилотнинг минтақадаги фаоллари президент Рамзан Қодиров махсус хизматларининг муттасил боисими ва таъқиблари остида қолмоқда.

Жумладан, Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид далилларни тўплаш билан шуғулланган ва 2009 йилда ўлиги қўшни республикадан топилган фаол Наталья Эстемирова Чеченистон президенти Рамзан Қодиров таҳдидига учрагани қайд этилган эди.

XS
SM
MD
LG