Линклар

Ўзбекистоннинг Орол денгизи минтақасида жойлашган Мўйноқ шаҳри Fox News телеканали эълон қилган "Дунёнинг энг қўрқинчли жойлари рўйхати"дан жой олган 11 қўрқинчли маскандан бири, деб топилди. Мўйноқ ўтган асрнинг ўрталарида Ер куррасидаги 4 йирик сув хавзасининг бири бўлган Орол денгизи соҳилидаги гавжум порт шаҳри бўлган.

Fox News телеканали Қоралпоғистондаги Мўйноқ шаҳрини дунёнинг энг қўрқинчли 11 шаҳридан бири, деб топди.

“Агар қуёшли денгиз соҳилида дам олишдан зериккан бўлсангиз, дунёнинг қўрқинчли жойларини бориб кўришингиз мумкин", деб ёзди 11 қўрқинчли масканларга таъриф берган Fox News.

Бу масканлар фақат довюрак сайёҳлар учун тавсия қилинди ва дунёнинг 11та қўрқинчли жойлари рўйхатида Мўйноқ еттинчи ўринга қўйилди.

Мўйноқ ўтган асрнинг ўрталарида, Ер куррасидаги тўртта йирик сув хавзасининг бири саналган Орол денгизи соҳилидаги гавжум порт шаҳри бўлган.

Бугунги кунда Орол денгизининг 90 фоизи қуриб, денгиз туби ўрнида пайдо бўлган қумликда занглаб ётган кемалар сочилиб ётибди.

​БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 2010 йилда Мўйноққа сафар қилганида Орол денгизининг қуриётганини Ер курраси юз тутган энг даҳшатли ҳалокатлардан бири, деб айтган эди.

Fox News телеканали таҳлилчиларига кўра, Мўйноқдаги бу манзара Мексиканинг Қўғирчоқлар ороли деб аталувчи Сочимилко ороли ёки Руминияда ер тубидаги “Салина Турда” деб аталувчи туз кони ёки бўлмаса, Париж биқинидаги 6 миллион одам суяги ётган катакомбалар даҳшати олдида ҳеч гап эмас.

Англиянинг Шимолий денгиз соҳилида Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистларнинг эҳтимолий босқинидан мудофаа мақсадида қурилган Маунселл қалъаси ҳам дунёнинг энг даҳшатли масканлари рўйхатидан жой олди.

Бугунги кунда бу қалъа ўтмишнинг ваҳимали шарпаси ўлароқ Англиянинг шимолий денгиз соҳилида қад кўтариб турибди.

Тогодаги тумор бозори эса Fox News канали эълон қилган дунёнинг энг қўрқинчли жойлари рўйхатида олтинчи ўринга қўйилди.

Дунёдаги энг йирик тумор бозори ҳисобланган бу масканда маймунни калласию капча илон суякларидан ясалган туморларни харид қилиш мумкин.

Қибриснинг Вароша шаҳри ҳам дунёнинг энг даҳшатли масканларидан биридир. 1974 йилда Туркия оролга қўшинини киритганидан сўнг бу шаҳар аҳолиси эвакуация қилинди. Бугунги кунда Вароша ўлик шаҳарга айланиб, денгиз соҳилидаги дам олиш масканлари ҳувиллаб қолган.

Хитойнинг Шилин тош ўрмони дунёдаги яна бир даҳшатли жойлардан биридир. Юньнань вилоятидаги бу тош ўрмон 160 квадрат километрлик жойни эгаллаган.

Fox News таҳлилчилари АҚШнинг Техас штатидаги Жэйкоб қудуғини ҳам даҳшатли масканлар рўйхатига киритди. Оғзи тўрт метр бўлган бу қудуққа шўнғиган ғаввослар, одатан сув юзига чиқолмаслиги айтилади.

XS
SM
MD
LG