Линклар

Ўзбекистон ва Хитой 6 млрд долларлик шартнома имзолади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин (ў), 2014 йил 19 августи.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов (ч) ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин (ў), 2014 йил 19 августи.

Ўзбекистон ва Хитой икки давлат раҳбари музокаралари якунларига кўра 6 миллиард долларлик шартномалар имзолади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин таклифига биноан 19 август куни Хитойга жўнаб кетганди.

Сешанба куни Пекиндаги Халқлар йиғини катта залида ўтказилган икки соатли музокаралардан сўнг икки мамлакат раҳбари яқин беш йил ичида Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигининг ривожланиш режасини тасдиқладилар.

Каримов ва Цзиньпин Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг D линиясини қуриш ҳамда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи темир йўл лойиҳасини тезлатишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича келишувга эришдилар.

Шунингдек, улар маданий ҳамда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олдилар.

Музокаралар якунида Каримов ва Цзиньпин Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, музокаралардан сўнг икки давлат ўртасида “техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди”.

Хитой оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида имзоланган 6 миллиард долларлик шартнома савдо-сотиқ, газ қувури ва тозалаш иншоотлари қурилиши каби лойиҳаларни ўз ичига олади.

Бу Ўзбекистон президентининг жорий йил давомида Хитойга қилган иккинчи сафаридир. Ислом Каримов Си Цзиньпин билан шу йил май ойида Шанхай шаҳрида бўлган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитидан ташқари учрашганди.

XS
SM
MD
LG