Линклар

logo-print

"Исломий давлат" америкалик журналист ўлдирилганини иддао қилди


 Америкалик журналист Жеймс Фоли

Америкалик журналист Жеймс Фоли

Ироқ ва Сурияда халифалик эълон қилган "Исломий Давлат" жанггарилари америкалик журналист Жеймс Фолейнинг гўёки боши танасидан жудо қилингани акс этган видеони тарқатди. Ҳозирда "Америкага мужда" дея номланган бу видеонинг асл ёхуд сохталиги аниқланмоқда.

Мазкур видео 19 август куни кечқурин Youtube видео порталига жойланиб, орадан маълум вақт ўтгач ўчириб ташланди.

Жанггарилар видеодаги шахсни Францянинг AFP агентлиги ва АҚШнинг Global Post компанияси журналисти Жеймс Фолей, деб таништиришди.

Фолей 2012 йил ноябрида Сурияда қуролланган номаълум одамлар томонидан ўғирланганди.

Беш дақиқали видеода қуролланган гуруҳ АҚШ президенти Барак Обама Ироқ шимолидаги "Исломий давлат" позицияларига ҳаво зарбаси беришни буюрганига жавобан журналистни ўлдирганини даъво қилади.

Шунингдек, ушбу видеода Американинг Time журнали мухбири Стивен Сотлофф ҳам гаровдаги асир сифатида кўрсатилади. Жанггарилар Сотлофф тақдири АҚШ Президенти Барак Обаманинг “кейинги қарори”га боғлиқ бўлишини таъкидлайди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Кейтлин Ҳейденнинг маълум қилишича, Оқ уй расмийлари видеони кўришган ва ҳозирда америка разведкаси видеонинг ҳақиқийлигини текширмоқда.

“Агар видео тасвирлари ҳақиқий бўлса, биз бегуноҳ америкалик журналистнинг ваҳшиёна қатл қилинганидан даҳшатдамиз ва унинг оиласи ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, дейди Ҳейден.

Фолей оиласи Facebook тармоғида «Биз ўғлимиз Жеймс билан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ фахрланаяпмиз. У Сурия халқи чекаётган азобларни дунёга етказиш йўлида жонини фидо қилди”, деган ёзувларни жойлади.

Шунингдек, Фолей оиласи жанггарилардан гаровдаги бошқаларнинг ҳаётини сақлашни ўтиниб сўради.

Жорий йил июнь ойи ўрталарида Ироққа ҳужум қилган ИШИД - ҳозирда эса ўзини "Исломий давлат" деб атаган жанггарилар гуруҳи 29 июнь куни бу ҳудудда халифалик эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG