Линклар

logo-print

"Мана бир йилдирки, Озодлик сайтига кириб шарҳ қолдирмасам-да, барча мақолаларни қолдирмай ўқийман. Бугун шу мактубни ёзишга жазм этдим. Чунки сизларга ишонаман..." деб гап бошлаган муштарий Ўзбекистонда олий маълумотли ёш кадрларнинг аҳволи ҳақидаги аччиқ тажрибасидан туғилган хулосасини баён қилди.

*******************************************************

Мен ўз меҳнатим ва билимим билан юртимизнинг энг нуфузли институтларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Бунинг учун яратганга шукурлар айтаман.

Хуллас, 4 йил ўқиш мобайнида президентимиз, унинг қилаётган буюк ишлари, мулозимларининг амалга ошираётган саъйи ҳаракатлари, юртимизнинг йил сайин ривожланиб бораётгани хақида ажабтовур мақтовлар ва фақат ижобий фактлар билан алдаб қулоғимизга қуйиб қўйишган экан. Мен буни ўқишни битиргач англаб етдим.

Ҳаммаси 4-курсни битириш пайтларидан бошланди. Замдеканимиз (декан муовини - таҳр.) қўлимизга шартнома тутқазиб ишга жойлашиб келинглар, акс ҳолда, диплом иши ҳимоясига қўйилмайсизлар, деди.

Айтишича, биз ўзимиз яшайдиган ҳудуддаги фақат давлат ташкилотларидан бирига ишга жойлашиб, шарномани имзолатиб келишимиз керак экан.

Ваҳоланки, давлат дастури бўйича ОТМнинг (Олий таълим муассасаси - таҳр.) ўзи талабаларни иш билан таминлаши керак. Майли, деб уйимга водийга келдим. Лекин ҳеч қайси ташкилот ҳали дипломини қўлига олмаган талабани ишга ололмаслигини айтди.

ТАНИШ-БИЛИШ билан иш битирдик. Ўқишни тамомлаб, дипломсиз уйга қайтдик. Бюджетда ўқиганлар 3 йил давлат ташкилотида ишласагина дипломи берилар экан. Дипломдан кўчирма беришди, холос. ЧИДАЙМИЗ.

Мен билан шартнома имзолаган ташкилот кўнгилдагидек бўлиб чиқмади. Давлатдан аллақанча миллиард қарзи бор, иш хақи бериш учун фақат кредит олади, ойлик эса 2 ойда атиги 100 минг сўм. У ҳам бўлса 100% пластик.

4 ой зўрға сабр қилдим. ИШИМНИ ЎЗГАРТИРДИМ. Янги ишхонам ҳам давлат ташкилоти бўлиб, ойлик вақтида бериларди. 350 минг сўм 100% пластикда. Аввалгисига қараганда ёмонмас шукур қилдим.

Бўрини еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон, деган мақолни тушуниб етдим. Янги ишхонамдаги барча ҳодимлар порахўр эди. Шу қаторда мижозларимиз ҳам мени шундай ўйларкан. Ҳалоллигим ортидан бир неча бор панд едим.

Ишхонадаги турли баҳоналарни рўкач қилиб, пул йиғишлар одамни ҳайратини оширади. Ақлини шоширади. Қуруқ ойлик билан ойнинг охиригача етиб бориш эҳтимол. Ойликни нақдлаштириш эса 12 %. Ҳалол пешона терингку бу, дейдиган мард йўқ. Барибир пора олишга мажбур бўлади киши.

ИШИМНИ ЎЗГАРТИРДИМ.

Банкда 6 ой иш ўрганиб юрдим ойликсиз. Ҳаммадан барвақт келиб ҳаммадан кеч кетардим. Ўзимни эгаллаган билимларим, меҳнат фаолиятим билан жамоада ўрин топишга ҳаракат қилдим.

Афсуски, КАТТА ТАНИШИ бўлмаган инсон ГАДО экан. ТАНИШ-БИЛИШ билан буйруғим чиқди. Ойлик яхши 800 минг. 100 % пластик, 50% ини банкнинг ўзи нақдлаштириб беради. Бир амаллаб ҳаражатларга улгуряпман. Менинг ютуғим бўйдоқман. Билмадим, агар уйлансам ойликни рўзғорга етказа оламанми?

Ана ёшларга яратилган имконият, ана демократия, ана президентнинг “буюк” ишлари натижаси, ана амалдорларнинг саъйи ҳаракатлари самараси!

Қўлимда дипломим йўқ. Яна бир йилдан кейин оламан. 2 йил давомида 3 та жойда ишладим. Буни ўзим хоҳлаганим йўқ. Мажбурликдан қилдим. Мен ҳам бир жойда “кўкаришни” хоҳлагандим. Банкда ҳам мамлакат бўйлаб чуқур илдиз отган коррупция таъсири яққол сезилади.

ОТМда АЗИЗ УСТОЗЛАРИМИЗ айтган гаплари бутунлай тескари бўлиб чиқди. Агар ҳақиқатни бирор ерда оғиз очиб гапирсам борми, халқ душмани ва ватан хоинига айланаман қоламан. Ҳамма жим. Чунки ДИКТАТОРдан қўрқади.

Энди саволлар қуйилиб келяпти:

Нега давлат тепасидаги ватан бойликларини ўзлаштириб, четга сотиб бойлик орттираётганлар ватарпарвар-у, бу ёқда эртадан кечгача тер тўкиб ҳалол ишлаб меҳнатига яраша ҳақ олмаган, камига дакки эшитган яна қўрққанидан жим юрган оддий халқ биргина ҳақиқатни талаб қилиши билан ватан душмани, диний экстремистга айланиб қолади?

Нега ДИКТАТОР ва унинг мулозимларига саккиз букилиб қуллуқ қилаётганлар ватанпарвар, ватанни жондан севгувчи-ю, улар сиёсатига қарши чиқиш у ёқда турсин, оддий бир фикр билдирган одам ватан душмани бўлиб қолади?

Нима, Россияда оилам, болам-чақам, деб ишлаб юрганлар ватан хоиними?

Ҳаром ейишни хоҳламай ҳалол пул топгани четга кетганлар ватанини севмайдими?

Мен яратган эгамни, халқимни ва юртимни севаман, ўзидан илоҳ ясаб олган ИАК ни эмас. Ва мен, бир нарсага умид қиламан: кун келиб четга умрбод кетганлар катта сармоялар билан қайтади. Ривожланамиз! Бутун туркий халқлар, жумладан Марказий Осиё халқлари бир куни бирлашади!

Ҳозирча жим ишлашда давом этамиз. Ҳар йил меҳнат таътилида хорижда дам олиб келиш, ота-онамни ҳажга юбориш, уйланиш, янги уй солиш, машина олиш, бола-чақа орттириш каби “хомҳаёлларни” 10 йил кейинги келажак учун асраб қўйдим.

Менинг фарзандим бундай тузумда туғилиб ўсишини, боғчадан қорни очиқиб жароҳатлар билан қайтишини, мактабда бойнинг боласи олдида мулзам бўлишини, Институтга 60 баллик илми билан имтиёз асосида ўқишга кириб олган тентак чала солдатларнинг касрига талабаликдан маҳрум бўлишини, идорама-идора иш қидириб, сарсон юришини, уйланиш ва машина олиш учун ҳаром пул топишини, оиласини боқиш учун бечораларни ҳаққини нохақ ейишини асло истамайман.

Ҳурмат билан,

ОЛИЙЖАНОБ

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG