Линклар

logo-print

Украина ҳарбийлари Иловайск шаҳрининг ярмини ишғол қилди


20 август куни Украина шарқидаги вазият акс этган харита.

20 август куни Украина шарқидаги вазият акс этган харита.

Украина шарқидаги Донецк вилоятида ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида давом этаётган жангларда сўнгги 24 соат ичида тинч аҳолидан 34 киши нобуд бўлди. Ундан аввал Киев расмийлари айирмачилар қароргоҳи ҳисобланган Донецк шаҳри яқинидаги Иловайск шаҳарчасида бўлган отишмаларда тўққиз аскар нобуд бўлганини билдирган эди.

20 август куни Украина расмийлари ҳукумат кучлари Донецк вилоятидаги Иловайск шаҳрининг ярмини назорат қилаётганини билдирди.

Украина расмийларига кўра, Иловайскдаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар миномётдан ўққа тутгани оқибатида тўққиз аскар нобуд бўлган.

Ундан олдин ҳарбийлар шаҳар узра Украина давлат байроғи тикилганини эълон қилинган эди.

Маълумотларга кўра, чоршанба куни Донецк ва Луганск вилоятларида жанглар давом этмоқда.

Айирмачилар ҳукумат кучларига қарши оғир қуролларни ишга солмоқда.

Ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Дмитрий Тимчук Украина ҳарбийлари Шахтёрск ва Красный Луч шаҳарлари атрофида айирмачиларни қуршовга олиш амалиётини олиб бормоқда.

Апрель ойидан бери Украина шарқида ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида давом этаётган жангларда шу кунгача 2000 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

20 август куни Украина ҳукумати мамлакат ҳудудида Россиянинг 14 та телеканали трансляциясини тақиқлади.

Булар қуйидаги телеканаллар: "Биринчи канал", "Дунё тармоғи", "РТР-Планета", "Россия-24", "НТВ-Мир", "ТВ-Центр", "Россия 1", НТВ, ТНТ, "Петербург 5", "Звезда", РЕН-ТВ, Life News, Russia Today, РБК-ТВ телеканалларидир.

УНИАН ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия телеканаллари кўрсатувлари эфирга узатилмаслигини Украинада Ички ишлар вазирлиги назорат қилади.

Айни пайтда Киев расмийлари Халқаро валюта жамғармаси Украина иқтисодиётини изга солиш учун йил охирига қадар 2,2 миллиард доллар қарз беришига умид қилмоқда.

20 август куни Киевда сўзлаган Бош вазири Арсений Яценюк Украина шарқидаги уруш ҳаракатлари мамлакат иқтисодиётини ортга тортаётганини таъкидлади.

- Ҳар дақиқада Украина иқтисодиётига миллионлаб зарар етказилмоқда. Бу бизни иқтисодий жиҳатдан бўғиб қўйиш учун аввалдан режалаб қилинаётган хатти-ҳаракат экани кундек равшан. Донбассни қайта тиклашимиз учун бизга миллиард-миллиард гривна эмас, миллиардлаб доллар керак бўлишини Россия яхши билади, дея баён қилди Украина Бош вазири.

Арсений Яценюкка кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида Украина иқтисодиёти 4,7 фоизга қисқарган, июль ойида саноат ишлаб чиқариши ҳажми 12 фоизга камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG