Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:06

Шаҳрисабзда уйи бузилишини истамаётганларга куч қўлланмоқда


Шаҳрисабзда бузилаётган уйлар
Шаҳрисабзда бузилаётган уйлар

Шаҳрисабзда ободонлаштириш дастури бўйича бузилаётган 100га яқин уйнинг товон пулидан норози эгаларини милиция ходимлари розилик беришга мажбурлаётганидан шикоят бўлди. Қиш арафасида қуруқ ер берилган оилалар товон пулига уй қуриб бўлмаслиги, ортиқча ҳаражатга эса қурби етмаслигидан нолимоқда.

Шаҳрисабз шаҳрининг Файзулла Хўжаев кўчасидаги 4-уйда истиқомат қилувчи 60 ёшли Аҳмад Абдуллаевнинг иддао қилишича, унинг уйига 20 август куни йигирмадан ортиқ милиция ходими бостириб кирган:

- Эрталаб бир гуруҳ мелиса келди. Болаларимнинг кейин айтишича, улар 23 нафар экан. Менинг қўлимни қайириб уйларни баҳолаш марказига олиб боришди. Уйингизнинг нархи 88 миллион сўм, шундан 7 миллион сўмини ҳокимият олиб қолади, имзо қўйинг, дейишди. Мен рози эмасман, аввал қуриб беришсин, кейин бузишсин, деб имзо қўймай келдим, - дейди Аҳмад Абдуллаев.

Суҳбатдошнинг айтишича, у уйга қайтиб келиб ҳовлисининг деворларини бузилган ҳолда кўрган:

- Мелисалар болаларимни ҳам қўлларини қайиришибди. Мана биттаси қўли оғриб ётибди. Аёлимни нон пишираётган жойидан судраб-судраб ташлабди. Уйимнинг деворларини эса трактор солиб буздирибди, ҳамма ёқ вайрон. Зўравонлик ҳаддидан ошиб кетди, - деди Аҳмад Абдуллаев.

Шаҳрисабзда шаҳарни ободонлаштириш дастури доирасида аҳоли уйларини бузиш жараёни давом этмоқда.

Хусусан, Аҳмад Абдуллаев уйи бузилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилган. Бироқ у ҳокимлик тўлаётган товон пулига рози эмаслигини, 7 хонали уйига берилган товон пули эса бундай уй қуриш учун урпоқ ҳам бўлмаслигини айтади:

- Мен ҳокимга неча бор арз қилиб бордим. "Янгисини қурмай, эскисини бузма!" деган президентимиз, дедим. Мен шу уйимда нон ёпиб тирикчилигимни кўрардим. Энди эса шаҳар чеккасидан ер беришмоқчи. Мен бунга асло рози бўлмайман, - деди Аҳмад Абдуллаев.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир шаҳрисабзлик манбанинг айтишича, кам таъминланган оиалаларнинг аҳволи жудаям оғир:

- Куни кеча трактор билан келиб камбағалларнинг деворларини бузишди. Одамлар қўрққанидан кўчага чиқиб турди. Уларга 10-20 миллион товон пули ваъда қилган экан. Бу пулга улар уйларининг фундаментини ҳам ташлай олмайдику, - дейди суҳбатдош.

Бузилишларнинг сурати ва видеосини олиб Озодликка жўнатган бу шаҳрисабзликка кўра, милиция ходимлари одамларга таҳдид қилмоқда:

- Уйи бузилган одамларга вақтинча боғчадан жой берамиз, дейишди. Лекин боғча одамларнинг кўчларини қабул қилмади. Ҳозир бу одамларнинг кўчи кўчада қолди. Ҳадемай қиш келади, улар қаерда қишни ўтказади, буниси номаълум. Чунки, товон пули билан янги иморат кўтариш мумкин эмас, - деди шаҳрисабзлик манба.

Шаҳрисабз шаҳри ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Абдурасул Сафаров одамларни бузилаётган уйларидан зўрлик билан чиқаришда милиция иштирокини рад этмади:

- Вазирлар Маҳкамасининг 31-қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳрининг генплани ишлаб чиқилган. Бузилишга тушган уйларнинг ҳаммасини нархи чиқарилган, белгиланган жойдан ер берилган. Лекин бу одамлар давлат сиёсатига тўсқинлик қилаяпти. Олти ой олдин ҳаммага огоҳлантириш берилган, ҳамма янги жойдан уй солиб кўчиб чиқаяпти, уй сололмаганларни ижара уй билан таъминлашга ва ижара ҳақини тўлаб туришга ҳам розимиз, - деди шаҳар ҳокими ўринбосари Абдурасул Сафаров.

Жорий йилнинг февраль ойида Шаҳрисабз ҳокимлиги шаҳарни ободонлаштириш мақсадида кўчаларни кенгайтиришни бошлаб юборган эди.

Йўл четидаги аҳоли яшайдиган уйлар ва тадбиркорлик объектларига ҳаво ҳарорати кечалари 0 дан паст бўлиб турган ўша кунларда бульдозер солинган ва бошпанасиз қолган одамларга қариндошлариникида яшаб туриш тавсия қилинган.

XS
SM
MD
LG