Линклар

Ўзбекистонда эбола вирусининг тарқалиш хавфи бўйича кучли тиббий назорат ўрнатилган. Қарияларни ўлдириб кетган жиноий гуруҳ ҳақида янги тафсилотлар ошкор қилинди. Таниқли бастакор фонограммада куйлашни ғирромлик деб баҳолади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Қарияларни ўлдириб кетган жиноий гуруҳ ҳақида янги тафсилотлар ошкор қилинди”

Ўзбекистонда ёлғиз пенсионерларни ўлдириб, уларга тегишли мол-мулкни ўғирлаб кетган гуруҳ ўз жиноий мақсадини амалга оширишда вояга етмаган қиздан ҳам фойдаланган (“Ҳуқуқ”, 21 август).

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Азизбек Назаровга кўра, Жамолиддин Қосимов ва унинг қонуний никоҳдан ўтмаган турмуш ўртоғи Наргиза Уразова Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ёлғиз яшовчи 186 нафар кекса ёшдаги аёлларга нисбатан босқинчилик ва бошқа жиноятларни содир этган.

Судланувчилар муқаддам содир этилиб очилмасдан қолиб кетган 20 та қотиллик ишида ҳам айбланган. Жиноятчилар 19 та ҳолатда Уразованинг вояга етмаган қизини ҳам бу ишга жалб этган.

Суриштирув-тергов жараёнида 60 мингдан ортиқ шахснинг ишга алоқадорлиги текширилган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил давомида жиноятлар содир этган Қосимов ва Уразова 2013 йилнинг октябрида қўлга олинган. 2014 йилнинг 27 июнида Уразова 15 йилга, Қосимов умрбод озодликдан маҳрум этилган.

“Тадбиркорларни хайрия тадбирларига мажбурий жалб қилиш тақиқланди”

Жорий йилнинг 12 августида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 227-сонли қарори билан Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорларнинг хайрия шаклидаги маблағларидан фойдаланишга доир низом тасдиқланди.

(“Адолат кўзгуси”, 21 август). Низомга кўра, тадбиркорларни хайрия тадбирларига мажбурий жалб қилиш тақиқланди.

Қайд этилишича, тадбиркорларни хайрия маблағи ўтказишган мажбурлаган давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Эндиликда тадбиркорлардан тушган хайрия маблағлари Молия вазирлиги ахборот тизимида очилган бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларида жамланади.

Хайрия маблағи ўтказган тадбиркор истаган вақтида пулларнинг мақсадли сарфланишини текшириш ҳуқуқига эга.

“Нархни ошириб юбораётганлар энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан бехабарми?”

Тошкент бозорларида маҳсулот мўл-кўл эканига қарамай, бақлажон, помидор, шафтоли, узум каби сабзавот ва меваларнинг нархи юқорилигича қолмоқда (“Новый век”, 21 август).

Масалан, бир килограмм узум Чорсу, Юнусобод ва Олой бозорларида 12 минг сўмгача сотилмоқда. Дастлаб пиёз, кейин эса карам, саримсоқпиёз, картошка, сабзининг нархи ошиши кузатилди.

Айни пайтда творог 7-9 минг, балиқ камида 8 минг, товуқ гўшти камида 12 минг, гўшт 24 минг сўмдан 35 минг сўмгача сотилмоқда.

“Нарху навони ошириб юбораётганлар энг кам ойлик иш ҳақи 107 минг 635 сўм, пенсия ва ёшга доир нафақа 210 минг 525 сўм эканидан бехабарми?” деб ёзади газета.

“Ўзбекистонда эбола вирусининг тарқалиш хавфи борми?”

Айни пайтда Ўзбекистондаги санитария карантин пунктлари ва аэропортларда чел элга чиқаётган ва келаётган фуқаролар устидан кучли тиббий назорат ўрнатилган (“Даракчи”, 21 август).

Бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат санитария эпидемиология назорати маркази вакили Гулшода Собирова маълум қилади. Марказ вакилига кўра, Ўзбекистонга ҳудудига ушбу касаллик кириб келмаган.

Агар касалликка гумон қилинган беморлар аниқланса, улар дарҳол шифохонага ётқизилиб, касаллик ўчоғига қарши чора-тадбирлар амалга оширилади. Беморнинг барча нарсалари там­ғаланади.

“Республикамиз ҳудудида ушбу касаллик фақат эндемик ҳудудлардан кириб келиши мумкин. Шу сабабли касаллик бўйича эпидемик нохуш давлатлардан келган фуқаролар ҳудудий даволаш профилактик муассасалари томонидан 21 кунлик тиббий кузатувга олинади” дейди Г.Собирова.

“Тошкент шаҳар молия бошқармаси раҳбарининг хотини эрини орқа қилиб қарзини тўламаяпти”

Тошкент шаҳар молия бошқармаси раҳбари Нозимжон Собировнинг рафиқаси Бахтиёрхон Собирова эрини орқага қилиб 40,7 миллион сўм қарзини тўламаётир (“Бозор ва истеъмолчи”, 19 август).

Маълум бўлишича, Собирова Андижон шаҳри “Жаҳон савдо комплекси” савдо дўконига эга. Аммо у оғзаки ва ёзма мурожаатларга қарамай, давлатга тўлаши лозим бўлган тўловларни тўламай келмоқда.

“Нақд пул тушуми долзарб бўлган бир паллада наҳотки бугунги кунда Тошкент шаҳар молия бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаётган Н.Собиров бунга бефарқ қараса…” дея савол қўяди газета.

“Наманганда солиқ нозирини калтаклаган ота-бола маҳкамага тортилди”

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшаб келган ота ва унинг икки ўғли туман солиқ инспекцияси нозирини калтаклагани учун маҳкамага тортилди (“Диёнат”, 21 август).

Исми ошкор этилмаган 48 ёшли эркак ва унинг икки ўғли ер солиғини кўп ҳисоблаб юбординг деган даъво билан солиқ нозирини калтаклаган. Суд ҳукмига кўра, судланувчиларга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

“Соғлиқни сақлаш вазири фуқаролар саволларига жавоб беради”

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов фуқароларнинг саволларига жавоб беради (“Ўзбекистон овози”, 21 август).

Вазир газетанинг “Сиртқи қабул соатлари” лойиҳаси доирасида фуқаролар билан мулоқот қилади.

Маълум қилинишича, фуқаролар ўзини қизиқтирган ёки ташвишга солган масалалар бўйича вазирга телефон (8371 233-06-83, 233-44-55) ёки электрон почта (info@uzbekistonovozi.uz) орқали мурожаат қилиши мумкин. Саволлар 30 августга қабул қилинади.

“Таниқли бастакор фонограммада куйлашни ғирромлик деб баҳолади”

Ўзбекистонлик таниқли бастакор Дилором Омонуллаева “Даракчи” газетасига ёзган очиқ хатида санъат бизнесга айланиб кетгани, унда иқтидор эмас, пул етакчилик қилаётганини танқид қилди.

“Кўпчилик хонандалар жонли ижрода қўшиқ куйлолмайди. Техниканинг ривожлангани ижодкорни дангаса қилиб қўйди. Ҳатто тўйларда фонограммага оғзини қимирлатиб, пулини олиб кетяпти. Бу ғирромлик, одамларни алдаш эмасми?.. Чет элда мухлислар фонограммада қўйилган концерт учун пул тўламайди” дейди Д.Омонуллаева.

“Хонандалар ғурурланиб хит қўшиқ ёздим дейишади. Кечирасиз-у, яқин йилларда бирорта хит қўшиқ эшитганим йўқ. Уларнинг қўшиқлари шеъри кундалик сўзлашувдан олинган, мусиқаси ўғирланган, ижроси эса сариқ чақага арзимайди” деб ҳисоблайди бастакор Омонуллаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG