Линклар

Обама ва Меркел Россия юк машиналарининг Украинага киритилишини қоралади


АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркел Россиянинг гуманитар ёрдам карвонини Украина ҳудудига рухсатсиз киритганини қоралади.

Ҳар икки давлат раҳбарлари Россия гуманитар юклари карвонининг Украинага Киев ҳукуматининг розилигисиз киритилиши провокация ва Украина суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигининг бузилиши эканини қайд этишди.

Жаноб Обама жума куни Германия канцлери билан ўтказган телефон мулоқотида Украина шарқидаги вазият июль ойида Боинг учоғи ҳалокатга учраши ҳодисасидан буён ёмонлашишда давом этаётганини таъкидлади.

Қўшма Штатлар Россиядан юк машиналарини зудликда олиб чиқиб кетишни талаб этмоқда.

Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Россиянинг Украинага гуманитар юклари карвонини киритиш борасидаги бир томонлама қарори юзасидан хавотир билдирганди.

Украина ҳукумати Россияни босқинчиликда айблаб чиққан. Россиянинг гуманитар ёрдами ортилган ўнлаб юк машинаси Халқаро Қизил Хоч вакиллари кузатувисиз 22 август куни Украина ҳудудига кириб боргани хабар қилинган эди.

Москва Киевни сунъий равишда вақтни чўзаётганликда айблаб, бундан тоқати тоғ бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG