Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Россия "КамАЗ"лари Украинадан чиқа бошлади


Россиянинг Украинага рухсатсиз кирган гуманитар ёрдам карвони таркибидаги айрим юк машиналар Луганскдан Россияга қайтиб келган. Оқ рангга бўялган Россиянинг 220 та юк машинаси жума куни Украинанинг россияпараст айирмачилар назоратида бўлган Изварина чегара-назорат пунктини кесиб ўтган эди.

Бу Украина ҳукумати ва Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг розилигисиз амалга ошди.

АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркел Россиянинг гуманитар ёрдам карвонини Украина ҳудудига рухсатсиз ўтганини қоралашди.

Ҳар икки давлат раҳбари Россия гуманитар юк карвонининг Украинага Киев ҳукуматини розилигисиз киритилиши провокация ва Украина суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигининг бузилиши эканини қайд этишди.

Оқ уй расмийларига кўра, жаноб Обама жума куни Германия канцлери билан ўтказган телефон мулоқотида Украина шарқидаги вазият июль ойида Боинг учоғи ҳалокатга учраши ҳодисасидан буён ёмонлашишда давом этаётганини таъкидлаган.

Айни пайтда Россиянинг Украинага кирган гуманитар ёрдам карвони таркибидаги юк машиналар Луганскдан Россияга қайта бошлаган.

Оқ рангга бўялган айрим юк машиналари аллақачон Украинадан Россияга қайтиб келган.

Россиянинг 220 та юк машинаси Украинанинг россияпараст айирмачилар назоратида бўлган Изварина чегара назорат путнкитини кесиб ўтган эди.

Украина ҳукумати ва Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг розилигисиз амалга оширилган бу хатти-ҳаракат халқаро ҳамжамиятни жунбушга солди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Россиянинг Украинага гуманитар юк карвонини киритиш борасидаги бир томонлама қарори юзасидан хавотир билдирди.

НАТО ҳам Россиянинг бу амалини қоралаб чиқди. Украина ҳукумати эса Россияни босқинчиликда айблади.

Бунга жавобан Москва Киевни сунъий равишда вақтни чўзаётганликда айблаб, бундан тоқати тоқ бўлганини билдирган.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко юк машиналарининг рухсатсиз ва Халқаро Қизил Хоч вакиллари кузатувисиз мамлакатга кириб бориши Украина-Россия ўртасидаги келишувига зид эканини таъкидлаган.

Украин расмийларига кўра, машиналар карвони Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратидаги чегара ҳудуди орқали ўтган. Украиналик чегарачилар ва божхоначиларнинг юкларни текширишларига тўсқинлик қилинган.

Украина Хавфсизлик хизмати раиси Валентин Наливайченко ёрдам юклари ортилган машиналар карвонининг кириб келганини “Россиянинг Украинага бевосита бостириб кириши”, дея атади.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин ғарбни ҳақиқатни хаспўшлашда айблаб чиқди. Жаноб Чуркин Украина ҳукумати аввалроқ гуманитар юкларни қабул қилиб олишга расман розилик берганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG