Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:06

"Ўзбекистонга қайтсам, боламнинг контракт пулини ким тўлайди?"


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлайдиган Россиядаги қурилишлардан бири.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлайдиган Россиядаги қурилишлардан бири.

Россияда меҳнат қилаётган фарғоналик 57 ёшли Мамараим ака Ўзбекистонга қайтиб кетадиган бўлса, тўртинчи курсда ўқиётган фарзанди контракт пулисиз қолиб кетиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Россияда ишлаб юрган ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожирини турли йўллар билан ўз ватанига қайтариш ҳаракатлари бошлангани Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаётган фарғоналик Мамараим аканинг ҳам тинчини бузди.

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларидан хорижга чиққан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтаришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари бошланганидан хабар топган Мамараим ака Озодликка қўнғироқ қилиб, агар Ўзбекистонга қайтарилса, ўғли дипломсиз қолиб кетиши мумкинлигидан нолиди.

- Ҳудога шукур, Россияни баҳонасида учинчи фарзандим дипломли бўляпти. Мен Россиядан юборган пуллар эвазига икки қизим дипломли бўлди. Учинчиси - ўғлим бу йил тўртинчи курсга ўтди. Яна бир йил контракт пули қолди. Шуни ҳам тўласам, кейин Ўзбекистонга қайтсам бўлади. Ўзбекистонда бўлганимда фарзандларимни ўқитолмасдим, - дейди Мамараим ака.

Озодлик манбаларига кўра, ҳозир Ўзбекистоннинг турли вилоятларида милиция ходимлари уйма-уй юриб, ота-оналардан муҳожирликдаги фарзандларини, қариндошларини қайтаришни талаб қилаяпти.

Фарғоналик Мамараим ака Ўзбекистон ҳукуматининг Россия ва Қозоғистондаги ўзбекистонликларни қайтариш уринишлари Ўзбекистондаги минглаб оилаларни оғир аҳволда қолдириши мумкинлигини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистонда пулингиз бўлмаса, имтиҳон топширолмайсиз. Хуллас, Россияда ишлаб, фарзандларни ўқитяпмиз-да. Мен каби минглаб оилалар бор фарзандини ўқитаётган. Улар қайтиб борса, контракт пулини ким тўлайди? Менинг энди охирги фарзандим қолди. Шу ўғлим ўқишни тугатсин, кейин қайтарман. Ўғлим эсли-ақлли бола. "Дада, мен ўқишни тугатиб, ишга кирсам, сиз ҳеч қанақа иш қилмайсиз, фақат чойхонама- чойхона юриб, дам олиб юрасиз", деб ният қиляпти, - дейди Мамараим ака.

Лекин Мамараим ака ўз фарзандларига ўзи каби Ўзбекистонда иш тополмай, Россияда ишлаб юришни раво кўрмаслигини айтади.

- Иш топилади буларга. Иккита қизим менинг орқамдан диплом олиб, ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. Ўқитувчиларга оз бўлса ҳам иш бор. Ўғлим Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқийди. Бу касбга ҳам Ўзбекистонда иш топилади, деб ўйлайман. Ватандан олисда Россияда ишлаб юришни фарзандларимга раво кўрмайман, - дейди Мамараим ака.

Кузатувчиларга кўра, Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар юбораётган пул-маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизини ташкил этади.

Айнан шу маблағлар ўзбек оилаларини бутунлай хонавайрон бўлишдан асраб турган асосий омил сифатида кўрилади.

XS
SM
MD
LG