Линклар

Ўзбекистонда мустақиллик байрами яқинлашиб келаётгани боис қирғиз-ўзбек чегарасида текширувлар кучайиб, фуқароларнинг сарсон-саргардонлиги кун сайин ортиб бораяпти.

Ўзбекистон ўз фуқароларига қўшни Қирғизстондаги қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш учун махсус маълумотнома ва телеграммалар асосидагина рухсат бериб келмоқда. Қўшни давлатга ўтиш учун йўл азобига қўшиб эндиликда ҳужжат азобини ҳам тортаётган кишилар ҳолидан “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати мухбири Санжар Эралиев хабар олди.

Фамилия ва харфлар муаммоси

Шоирахон Эрматова йигирма йилча олдин Қирғизистондан Андижонга келин бўлиб тушган. Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпган сўнгги тўрт йилдан бери у ота-онасининг уйига минг азоб билан келиб кетади. Икки йил аввал телеграмма тизими киргизилиб, фуқароларни баттар қийнала бошлаганини йиғламсираб айтган Шоирахон билан Қирғизистон ҳудудида - Бурганди қишлоғида учрашдик.

-Ота-онамнинг уйига келмаганимга бир йилу 62 кун бўлди. Қариндошларимни соғиниб, қийналиб кетдим. Ака-укаларим телеграмма жўнатишади, чегарадаги аскарлар битта ҳарфидан хато топишади ёки вергул-нуқтасидан хато чиқади. Йиғлаб, ортимга қайтиб кетаман. Яқинда битта акам тўй қилганди, кела олмадим. Роса алам қилди. Тушуняпсизми? Қийналиб кетдим,- дейди Шоирахон.

Чегара масканидаги текширувда 3-4 соат ушланган қаҳрамонимиз билан унинг қишлоғига пиёда йўл олдик. Туғилиб-ўсган жойи чегарадан унчалик олис эмас экан. Лекин Шоирахон Қирғизистонда кўп юра олмайди. Қонунга кўра, у уч кун ичида Ўзбекистонга қайтиши лозим.

Чегара нарёғига меҳмондорчиликка ўтаётган аёллар эндиликда аввалгидек тугун кўтаришмайди. Ўзларининг ўтиб олгани катта гап. Улар ҳатто фарзандларини ҳам бирга олиб келмайдилар. Сабаби уларнинг фамилиялари бошқа. Чегарадан ўтувчи одам билан телеграмма жўнатган шахснинг фамилияси ва отасининг исми бир хил чиқмаса, ўтишга рухсат йўқ.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, у ёки бу томонга келин бўлиб тушган аёллар ака-укаси ёки опа-синглиси ёзган телеграмма билангина ўтади. Бошқа фамилиядагилар бир эмас, ўнта телеграмма жўнатса ҳам, ҳисобга кирмайди.

Ота уйига келаётган Шоирахон билан гурунглашиб, Момбеков қишлоғига - унинг қизлик пайтидаги уйига ҳам келдик. Қизининг овозини таниган 70 ёшли онахон уйдан ялангоёқ, кўзида ёш билан югуриб чиқди. Она-бола бир-бирини қучоқлашганича, анча йиғлаб туришди.

Кўпдан бери учрашмай, соғинчга тўлган қалблар бир-бирига тўйиб олсин. Биз эса Ўзбекистон билан чегарадош Жалолобод вилоятининг Новкен туманидаги телеграфга борамиз. Бу жой телеграмма олишга ёки жўнатишга келганлар билан тўла.

Маълумотнома ташвиши

Новкендаги телеграфга телеграмма жўнатиш ёки олиш учун кунига камида 40 чоғли одам ташриф буюради. Телеграммага қўшиб яна бир-иккита маълумотнома ҳам юборилиши керак.

Одамлар бир-бирларининг уйларига тўй ёки аза муносабати билангина боришга ҳақли - бошқа пайтда рухсат берилмайди. Бу ҳақда бизга телеграфда одамларга бир ўзи хизмат кўрсатиб ўтирган Гулмира исмли ходима айтиб берди:

Кунига шу аҳвол. Телеграммаларни жўнатаман ва қабул қиламан. Баъзан одамларга раҳмим келади. Сабаби, озмунча пул кетмайди-да. Битта сўзга ёки символга 34 сўм оламиз. Бу дегани – 70 цент. Баъзан Ўзбекистон қўшимча маълумотларни талаб қилиб, битта телеграммани 2-3 марта жўнатишга тўғри келади. Униси ҳам камлик қилгандек, маълумотнома ҳам жўнатилиши керак. Масалан, Ўзбекистонда қариндоши бор одам тўй қилаётган бўлса, маҳалла комитетидан “тўй қилаётгани рост” деган маънода тасдиқнома олиши шарт. Унга қишлоқ ҳукуматининг муҳри босилиши керак. Қолаверса, маҳаллий ҳукуматдан оиласи ҳақида маълумотнома олади ва уни факс орқали Ўзбекистонга жўнатади. Унинг ортидан телеграмма юборилади. Бундай маълумотномалар тиркалмаган телеграмма яроқсиз ҳисобланади. Ўзбекистонга чақирилган қирғизистонлик фуқаро учун ҳам у томондан шунақа ҳужжатлар талаб қилинади. Хуллас, бош оғриқ. Телеграммани-ку жўнатамиз. Лекин телеграмма жўнатилаётган ҳудуддаги факс рақамини топиш катта муаммо. Бизмас, у ёқда туриб, ўзбекистонлик фуқаролар ҳам баъзан факс рақамини топиб бера олмай, овора бўлишади.

Навбат кутган одамлар кўплиги боис бизга шоша-пиша маълумот берган Гулмира яна ўз ишини давом эттира бошлади. Ҳозирда иш қизиб турган бу каби телеграфларни чегараолди ҳудудларида ўнлаб санаш мумкин. Шу боис телеграф ўрнини уяли алоқа эгаллаб олди, деб айтишга ҳозирча эрталик қилади.

Умид депутатларда

Икки йилдан бери қизи ва набираларини кўра олмай юрган новкенлик 50 ёшли Одина Алимбекова Қирғизистон парламенти бу муаммони ҳал қилишда ёрдам беришига умид қилмоқда:

Тўй қилсак ҳам, аза бўлса ҳам телеграмма жўнатиш билан овора бўламиз. Жуда қийин. Ортиқча ташвиш бўляпти. Бу муаммони катталар, депутатлар ҳал қилиб бера олармикин? Иложи бормикин?

Ўзбекистон 1 сентябрь куни мустақиллик байрамини нишонлайди. Шу боис айни дамда қўлида талаб қилинган телеграммаси бўла туриб ҳам чегарадан ўтолмаганлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Айтганча, Қирғизистондан Ўзбекистонга келин булиб тушган, лекин фуқаролик олишга улгурмаган аёлларнинг чегарадан ўтиши унчалик муаммо эмас. Улар Қирғизистон томонидан берилган махсус маълумотнома асосида икки ойда бир ўз ватанига бориб-келиб туради. Агар икки ойдан бир кун кечикса, чегара хизматига жарима тўлайди. Қирғизистонга келин бўлган ўзбекистонликлар ҳам шу имтиёздан фойдаланиб келмоқдалар.

Санжар Эралиев

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG