Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

Киев қўшинлари Украинага Россиядан бостириб кирган ҳарбий машиналарни тўхтатиб қолди


Ўтган ҳафта Россия Киев ҳукумати ёки Қизил Хоч қўмитаси розилигисиз гуманитар ёрдам карвонини юбориб, Ғарб танқидига учради.
Ўтган ҳафта Россия Киев ҳукумати ёки Қизил Хоч қўмитаси розилигисиз гуманитар ёрдам карвонини юбориб, Ғарб танқидига учради.

Киев расмийлари Россия ҳудудидан зирҳли машиналар Украина чегарасини бузиб ўтганини айтмоқда. Украина хавфсизлик хизматига кўра, мамлакат чегарасини бузиб ўтган ўнлаб ҳарбий машиналар украина чегарачилари томонидан тўхтатиб қолинган. Айни пайтда, душанба куни Москва Украинага гумманитар юк ортилган иккинчи карвонни юбориш ниятини эълон қилди. Бўҳроннинг кескинлашуви Россия ва Украина президентларининг учрашуви арафасида рўй бермоқда.

Украина ҳукумати ўз чегарачилари мамлакат ҳудудига Россиядан ўтган “ўнлаб” зирҳли машиналарга ҳужум қилганини билдирди. Киев расмийларига кўра, ҳарбий машиналар Азов денгизи яиқинидаги чегарани бузиб ўтган.

Украина хавфсизлик хизмати матбуот вакили Леонид Матюхин “ўнлаб танклар ва зирҳли машиналардан иборат колонна” 25 август куни Мариуполь шаҳри яқинида чегарани бузиб ўтганини билдирди.

“Конвой чегарачилар тарафидан тўхтатилди. Жанг давом этмоқда”, деди Матюхин. Расмий бошқа тафсилотларни очиқламади.

Хабарларга кўра, жанглар Россия чегарасидан 10 киломтер берироқда, Азов денгизи бўйидаги Новоазовск шаҳарчаси яқинида рўй бермоқда.

Украина ҳукумати тарафидаги Азов жангчилари гуруҳи қўмондони Семён Семенченко ўзининг Facebook саҳифасида ҳарбий машиналар колоннаси Новоазовск шаҳри томон юра бошлаган пайтда, чегара ортидан артиллерия ҳужуми уюштирилганини билдирди.

Унинг яна билдиришича, 50ка яқин зирҳли машина чегарани кесиб ўтган ва уларнинг 40қа яқини Мариуполь шаҳрига қараб юра бошлаган.

“Рус босқинчилари истилоси рўй бермоқда”, дея ёзди у.

Агентликлар Украина мудофаа вазирлиги расмийсининг “Донецк жангарилари кийимини кийиб олган Россия қўшинлари” Украина шарқида янги фронт очди, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Хабарларга кўра, Новоазовск ва Мариуполь шаҳарларини боғловчи асосий магистраль йўли Украина қўшинлари назоратида қолмоқда.

Ҳозиргача Украина шарқидаги жанглар асосан Донецк ва Луганск шаҳарларида рўй бераётган эди. Россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган бу шаҳарлар Мариупольдан шимолроқда жойлашган.

Вазиятнинг кескинлашуви Минскда Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Петро Порошенко ўртасида бўҳрон юзасидан ўтказилиши кутилаётган учрашув олдидан рўй бермоқда. Музокараларда Европа Комиссияси вакиллари ҳам қатнашади.

Айни пайтда, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Украинага иккинчи гуманитар ёрдам конвойини юборишни режалаштираётганини баён қилди.

25 август кунги матбуот анжуманида Лавров Россия бу ҳақда Украинани хабардор қилгани ва Киев томонидан ҳамкорлик кўрсатилишига умид қилаётганини билдирди.

- Биз Украина Ташқи ишлар вазирлигини яна битта гуманитар конвойни юбориш ниятимиз борлиги ҳақида хабадор қилиб, кеча расмий билдиришнома юбордик. Жўнатишга тайёрланаётган буюмлар ва уларнинг ҳажмига доир батафсил рўйхатни топширдик,- деди Лавров.

Ўтган ҳафта Россия Киев ҳукумати ёки Қизил Хоч қўмитаси розилигисиз Украинага йирик гуманитар ёрдам карвонини юборгани учун Ғарб танқидига учради. Лавров навбатдаги гуманитар ёрдамни мамлкатга киритиш масаласи тезроқ ҳал этилишига умид қилишини билдирди.

Матбуот анжуманида Лавров шунингдек, якшанба куни Донецкда россияпараст айирмачилар, асир олинган украин ҳарбийларини сазойи қилганида таҳқир аломатларини кўрмаганини ҳам таъкидлади.

- Мен бу парад тасвирларини кўрдим ва уларда таҳқир, деб таснифланишга лойиқ бўлган ҳеч нарсани кўрмадим,- деди Россия дипломати.

Донецкда 24 август куни рўй берган ҳодисани кузатган мухбирларга кўра, шаҳар кўчаларидан “парад” қилиб олиб ўтилган асирларга омма “Фашитстлар!” дея бақириб, ахлат ва бўш шишаларни отишган. Сазойи қилинган асирлар эса бошларини ҳам қилиб ўтиб боришган. Асир ҳарбийлар соқоллари олинмаган ва сочлари тўзиган ҳолатда бўлган.

Айирмачилар асир олган украин ҳарбийларининг таҳқирлангани Женева Конвенциясининг бузилиши, дея халқаро ташкилотлар тарафидан қораланмоқда.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Мартин Шафер, 25 август куни эълон қилган баёнотида мазкур ҳодисани “уруш жинояти”, дея қоралади.

Лавров “уруш асирларининг таҳқирланишига доир иш билан ҳуқуқшунослар шуғуллангани маъқул”, дея қўшимча қилди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Украинадаги қуролли можаро оқибатида икки мингдан ошиқ одам ҳалок бўлган, 340 мингга яқин аҳоли ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур этилган.

XS
SM
MD
LG