Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:29

Тожикистон-Қирғизистон сарҳадчилари чегара борасида музокара бошлади


Қирғизистон Дaвлaт чегaрa хизмaти расмийси Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида.
Қирғизистон Дaвлaт чегaрa хизмaти расмийси Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида.

26 август куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тожик-қирғиз чегарасида рўй берган инцидент борасида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.

Ҳужжатда Тожикистон томони Қирғизистон чегарачиларининг тожик-қирғиз чегарасидаги хатти-ҳаракати борасида кескин норозилик билдирган.

Нотада Тожикистон аввал эришилган келишувлар бузилган, деб билиши ва масалаларни куч билан ҳал этишга уриниш қабул қилиб бўлмас ҳолат, деб қабул қилгани ифода қилинган.

Бунга қадар Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 25 август куни содир бўлган инцидент юзасидан Тожикистон томонига норозилик нотасини йўллаган эди.

Бу воқеада тожикистонлик 2 фуқаро нобуд бўлган, 5 нафари яраланган.

Қирғизистон томони даъвосича, тожик сарҳадчиларининг демаркация қилинмаган ҳудудга чегара постини ўрнатишга уриниши отишмага сабаб бўлган.

Норозилик нотасида Қирғизистон чегарада рўй берган воқеадан чуқур ташвиш билдириб, Тожикистонни халқаро қонунчилик принциплари ва нормаларини сўзсиз бажаришга, воқеа юзасидан зудлик билан биргаликда текширув ўтказиш ҳамда айбдор бўлган барча шахсларни жавобгарликка тортишга чақирилган.

Ҳужжатда икки томон ўртасида эришилган барча келишувга зид йўл тутган Тожикистон ҳарбийларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан тушунтириш берилиши талаб қилинган.

Душанбе эълон қилган норозилик нотасида эса келгусида бундай воқеа қайтарилган тақдирда, Тожикистон томони унга қарши чоралар кўриши, шунингдек, ўз фуқаролари ва мамлакат ҳудудини бор куч ва ресурсларни ишга солган ҳолда ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиши таъкидланган.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида рўй берган отишмадан бир кун ўтиб икки давлат расмийлари 26 август куни Бишкекда чегарани демаркация қилиш борасида музокара бошлади.

Қирғизистон чегара хизматининг матбуот котиби Гулмира Бўрибоева 26 август куни Озодликка икки давлатнинг чегара хизматлари расмийлари Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Боткенга туташ вилоятида алоҳида-алоҳида музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

Бишкек музокараларида тожик-қирғиз чегарасининг демаркация қилинмаган 46 фоиз қисми муҳокама этилиши режаланган.

Тожик-қирғиз чегарасида рўй берган аввалги отишмаларда бир неча одам яраланган эди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдираҳман Маматалиев 21 июль куни Интерфакс агентлигига берган интервьюсида 970 километрлик қирғиз-тожик чегарасининг деярли ярми аниқланмаганини айтган.

10 июль куни Тожикистоннинг Ворух эксклави устида чиққан жанжалда бир тожикистонлик ҳалок бўлиб, етти нафари жароҳат олган эди.

Қирғизистон расмийларига кўра, воқеада жароҳат олган бир қирғиз чегарачиси касалхона ётқизилган.

XS
SM
MD
LG