Линклар

Россиянинг Пенза вилояти ўзбеклар жамоаси 21 август куни Ўзбекистон Мустақиллиги байрамини нишонлади. Ўзбекистондан борган эстрада хонандаси Наврўз Собиров бу ердаги 25 минг кишилик ўзбеклар жамоасини байрам билан табриклаб, концерт берди.

Пенза ўзбеклари маҳаллий ҳокимият ёрдамида Ўзбекистон Мустақиллиги кунини нишонлади. 21 август куни бўлиб ўтган тадбирда 200 зиёд меҳмон йиғилди.

Концерт дастуридаги қизиқчилар, полвонлар ва қўшиқчилар чиқишларини оила-аъзолари билан томоша қилгани Пензада истиқомат қилаётган кўплаб ўзбекистонликлар борди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистондан борган ўзбек эстрадаси юлдузларидан бири Навруз Собиров концерт дастури билан иштирок этди.

Байрамни ташкиллаштирган Пенза вилоят ўзбеклар жамоаси раҳбари Сатимбой Бердиев Озодлик билан суҳбатда вилоятда 25 минг ўзбекистонлик борлиги, улардан 600 нафаригина доимий яшашини гапиради.

- Тадбир Мустақиллик байрамига бағишланди ва дастур тўлиқ жамоамиз вакиллари томонидан тайёрланди. Хивадан таниқли ўзбек эстрадаси юлдузи Навруз Собировни таклиф этдик. Таъкидлаб ўтиши жоизки, охирги пайтларда биз маҳаллий ҳукумат вакиллари билан барча муаммоларни ечимини биргаликда излаяпмиз. Шу сабабли ҳам ҳамюртларимизга полиция, ФМС ва бошқа идоралар ходимлари муносабати ижобий тарафга ўзгарган. Куни кеча бўлиб ўтган тадбиримизга эса Пенза вилояти ФМС бошқармаси вакиллари, ҳукумат аъзолари келди, - дейди айнан шундай тадбирлар россияликларда ўзбек маданияти тўғрисида ижобий тасаввур ҳосил қилиши гапирган Сатимбой Бердиев.

Пенза вилояти ўзбеклар жамоаси раҳбари минтақада истиқомат қилаётган ўзбекларнинг аксари қурилиш ишларида, оз қисми савдо, бозор ва бошқа соҳаларда меҳнат қилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG