Линклар

Озодликка мактуб ёзган одам бисёр. Бу мактублар орасида ижтимоий аҳамиятга эга ёки кўпчиликка фойдаси тегиши мумкин бўлганлари ҳам борки, уларни OzodMaktub рукни остида пешма-пеш чоп қилиб бормоқдамиз. Бугунги мактубда Ўзбекистон олий ўқув юртлари Магистратура бўлимларига кириш имтиҳонларидаги муаммолар тилга олинган.

*******************************************************

Сизларга маълум қилмоқчи бўлганим ҳолатга эътиборли қараб, тез вақт ичида тўғри ва керакли чора кўрасизлар, деган умиддаман.

Шу ой бошидан Олий ўқув юртларининг Магистратура босқичида ўқишни давом эттириш учун имтиҳонлар бўлмоқда.

Бу жуда яхши албатта, лекин кириш имтиҳонларининг номуносиб қўлларга топширилаётгани одамнинг жаҳлини чиқаради...

Гапимни Тошкент давлат техника университети миқёсида давом эттираман.

Университетимизда айни дамда имтиҳонлар ҳам билим борасида, ҳам "соққа" борасида авжида. Бакалавриатдаги "ўйин"лар етмаганидек, яна магистратура!

Ўзингиз айтинг, ҳали 8-синф ўқув дастури даражасида билими бўлмаган, демократик жамиятни қўя туринг, давлат рамзлари нима эканини, қачон қабул қилинганини билмайдиган "талаба" қанақасига Ўзбекистонда Демократик жамият қуриш асослари ва амалиёти фанидан имтиҳонда 80-90 фоизли натижа кўрсатиши мумкин?

Буниси ҳам майли, бунга чидаш мумкин, инглиз тиличи? Битта ҳарфни ҳам тўғри айта олмаган одам мустақил эссени қандай ёзиши, техник топикни қандай гапириб бериши, унинг таржимонлик маҳорати қандай бўлиши мумкин?!

Яна бунга бизнинг университетга бошқа ўқув юртларидан келган профессионал мутахассислар кўкрак кериб (50 максимал балл) 35-45 балл қўйиб беришади.

Бундан келиб чиқиб, мутахассислик бўйича имтиҳонларни ўзингиз тасаввур қилаверинг!

Яширмайман, мен ҳам шу имтиҳонлар қатнашчисиман!

Энди азизлар, ўтириб, дўппини тиззага олиб бир ўйлаб кўрайлик! Бўлаётган ишларга узоқдан бир назар ташлайлик!

Бизнинг айбимиз 1000-2000 "кўкида" ташламаганимизми ёки қариндошимиз ректор ёки профессор бўлмаганими?

Мен магистратурага кира олмасам муаммо йўқ, иш бор, ишимни бошлайвераман, лекин вақтида ўқиган билимли дўстларимчи?!

Ҳа, бунга бир кўз юмсак, икки кўз юмсак, унда охиригача кўзимиз юмуқ юрар эканда, шунақами?

Кимдир ҳам буларни ОДИЛОНА назорат қилиши керакку?!

Акалар, опалар, дўстлар, биз ўзимиз муаммони ҳал қилмасак, ўзидан ўзи ҳал бўлиб қолмайди-ку?

Ҳурматли Озодлик ходимлари, илтимос, шу муаммони тезроқ кўриб чиқинглар!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG