Линклар

Украина ҳукумати мамлакат шарқида Россия ҳарбийлари жанговар амалиётларда қатнашаётганини исботловчи далилларни ошкор қилди. Россия ҳаво десантининг Украина ҳудудида асир тушган ўнлаб аскарлари видеотасвирларда ҳарбий машқлар баҳонасида Ростов шаҳрига олиб келингани ва у ерда Украинага киритилаётган ҳарбий техника карвонини қўриқлаб боргани ҳақида айтадилар.

Украина Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, Россия Қуролли кучларига қарашли 98-ҳаво десанти дивизияси, 331-парашют-десант полкининг контракт асосида хизмат қиладиган 10 нафар аскари 24 август куни ҳарбий амалиётлар ўтаётган Донецк вилоятининг Россия чегарасидан 20 километр узоқликда бўлган Зерькальное посёлкасида қўлга олинган.

Қўлга олинган аскарлардан олинган маълумотларга кўра, бу ҳарбийлар бир ҳафта олдин темир йўл эшелони билан Россиянинг Кострома шаҳридан Ростов-Донга юборилган.

Маълумотларга кўра, бу аскар ҳарбий қисмга тактик машғулотлар бошлангани ҳақида хабар берилгандан сўнг, 24 август куни кечқурун улар тревога билан уйғотилган ва радиосукунат режимида Украина ҳудудига кира бошлаган.

Гуруҳ чегарани бузиб кирганидан сўнг, Иловайск шаҳри томон ҳаракатини давом эттирган.

Қўлга олинган россиялик ҳарбийлар берган маълумотга кўра, бу гуруҳ таркибида артиллерия дивизиони, 400 кишига яқин бўлган разведка ва таъминот гуруҳлари, 30 донага яқин десант-жанговар машиналари, “Нона” русумли 18та артиллерия қурилмаси ва 60тага яқин бошқа хил автотранспорт воситалари бўлган.

Марш давомида иккита бронетранспортёр (БТР) гуруҳдан ортда қолиб кетган ва улардан биттаси украина ҳарбийлари томонидан яксон қилинган.

Россия ҳарбийлари взвод командири Михаил Миленко қўл остидаги аскарларни ўз ҳолига ташлаб, ўзи воқеа жойидан қочиб яширинган. Командирсиз қолган аскарлар эса Россия томон қочиб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ украиналик ҳарбийлар уларни қуршовга олганидан сўнг таслим бўлган.

Қўлга олинган аскарлар махсус белгилари бўлмаган Россия ҳарбий кийимларида бўлган. Техникаларнинг танитадиган белгилари эса яшил ранг билан бўяб ташланган ва улар ўрнига юмалоқ оқ белгилар чизилган.

Интернетда асирга тушган россиялик аскарларнинг суратлари ва улар билан ўтказилган савол жавоб акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Бу видеоёзувларда асирга тушган россиялик ҳарбийлар қандай қилиб Ростов-Дон шаҳрига олиб келингани ва Украина ҳудудига кирганлари ҳақида гапирадилар.

Расмий Москва ҳозирча россиялик аскарларнинг қандай қилиб асирга тушиб қолганлиги ҳақида ҳозирча лом-мим демаган.

Бироқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу воқеага муносабат билдирар экан, Россия ҳарбйиларининг Украина шарқидаги жанговар амалиётларда иштирок этаётгани ҳақидаги иддаоларни яна рад этди:

“Мен бу ҳақда эшитмадим, лекин бизнинг бостириб кирганимиз ҳақида дезинформация етарли.... Балким, эртага қайсидир бир хорижий газета сиз айтган бу “янгилик”ни ёзиб чиқар”, деди Сергей Лавров Москвада ўтган матбуот анжуманида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG