Линклар

Россия ва Украина президентлари Украина шарқидаги бўҳронни муҳокама қилиш учун кеча юзма-юз учрашганлар, бироқ, афтидан, бу учрашувда сезиларли даражада олға силжиш бўлмаган.

Владимир Путин ва Петро Порошенко учрашуви Европа Иттифоқи расмийлари ҳамда Беларусь ва Қозоғистон президентлари билан музокаралар олдидан - 26 август оқшомида Минск шаҳрида бўлиб ўтди.

Порошенко томонлар Украина кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасидаги жанг ҳаракатлари тўхтатилиши бўйича Киев таклифини қўллагани ҳамда бу борадаги “йўл харитаси” қисқа муддатлар ичида ҳозирланажагини билдирган. Ўз навбатида, Путин, агар бу тинчлик жараёни бошланса, Россия буни дастаклаш учун қўлдан келган барча ишларни амалга оширишини қайд этган.

Путин ва Порошенконинг Минскдаги учрашуви қарийб 2 соат давом этган. Бу учрашув бугун ҳам давом этиши мумкинлиги ҳақида тахминлар айтилмоқда.

Киев ва Ғарб Россияни Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаётганликда ва уларни қурол-аслаҳа билан таъминлаётганликда айблаб келади. Москва эса бу айбловларни рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG