Линклар

Эронда 3G Интернет ҳаром мазмунида фатво берилди


Оятуллоҳ Носир Мукаррам Шерозий

Оятуллоҳ Носир Мукаррам Шерозий

Эронда мутаассиб оятуллоҳ Носир Мукаррам Шерозий юқори тезликдаги мобил Интернет алоқасини "шариатга зид" деб қоралади. Эронда йиллар давомида 3G Интернет хизматини тақдим қилиб келган ягона уяли алоқа оператори ёнига бирданига 2 таси қўшилгач, оятуллоҳ шундай баёнот берди.

Оятуллоҳ Носир Мукаррам Шерозий юқори тезликдаги мобил Интернет ва 3G Интернет алоқасини "ноисломий" ҳамда мусулмоннинг "маънавий ва инсоний ҳулқи"ини бузувчи, деб қоралади.

Эрон раҳбариятини мамлакат халқига тезкор Интернет хизматини тақдим этишдан олдин ундаги "салбий таъсирга эга ахборот"ни чекловчи чораларни кўриб қўйишни талаб қилди.

Айни пайтда Шерозий, чекланган бўлса-да, юқори тезликдаги мобил Интернет хизмати тақдим этиларкан ёшлар "аксил-исломий" киноларни кўриш учун маъмуриятга пул беришга ҳозирлиги, натижада коррупция кучайиши мумкинлигини урғулади.

Ўз расмий сайтида чоп қилган баёнотида оятуллоҳ мамлакат раҳбариятини бу борада Эронда Интернет оламини назорат қилувчи бош орган саналган Кибермакон Олий кенгаши билан маслаҳатлашиш шартлигини таъкилади.

"Раҳбариятдагилар бундан фақатгина моддий манфаат қозониш ҳақида ўйлаши керак эмас, балки бу дастурга диний интеллект ҳамда таълим эркинлиги манбаи ўлароқ қарашлари лозим" деб ёзди, жумладан, оятуллоҳ Шерозий.

Шунингдек, у мамлакат Адлия тизими мулозимларини бу "ўта муҳим масала"га бефарқ бўлмасликка чақирди.

Оятуллоҳнинг кескин баёноти Эронда танилган фаол диндорлар гуруҳи томонидан йўллаган мурожаатга жавобан янгради. Фаоллар Шерозийдан мамлакатда 3G Интернет хизматини кўрсатаётган ягона мобил ширкати - Rightel ёнига яна 2 та ширкат қўшилаётгани оқибатларидан хавотирини билдирди.

Етакчи диндорлар хавотирича, "ҳаром"дан тозаланмаган Интернет алоқаси воситасида мамлакат мусулмонлари "аҳлоқсиз кино ва фотолар", "оилавий муҳитни бузадиган материаллар"ни олиши ҳамда "мамлакатга доир ишончли маълумотларнинг сотилишию, жосуслик ривожланиши мумкин".

Оятуллоҳга етакчи диндорлар йўллаган очиқ мактуб ва унга берилган кескин жавоб президент Ҳасан Руҳонийга нисбатан оятуллоҳ этагини тутган диндор раҳбарлар эътирозини янада кучайтирди.

Ҳасан Руҳоний президентликка келганидан буён Интернет тизими устидан йиллар давомида сақланиб келаётган кучли назоратни сусайтириш ва виртуал ахборот маконига кириш имконини эркинлаштиришни ваъда қилмоқда.

Руҳоний айни пайтда Эрондаги Кибермакон Олий кенгаши раиси ҳамдир ва бу кенгашдаги қарор фақат раис эмас, балки кенгашнинг барча аъзолари розилиги билан қабул қилинади. Кенгашнинг бошқа аъзолари эса айнан мутаассиб консерватив диндор етакчилар, жумладан Эрон Адлия тизими раҳбари, Инқилоб поспонлари гвардияси қўмондонларидир.

Мазкур кенгаш 2012 йилда олий раҳнамо Али Ҳоманаийнинг катта тезликдаги Интернет воситасида тарқалаётган зарарли ахборотдан эронликларни ҳимоя қилиш мақсадида чиқарган қарори асосида тузилган.

Лекин шу йил аввалида Ҳасан Руҳоний бу қарорга зид бориб, Интернетга қўрқув манбаи эмас, балки "имконият манбаи" ўлароқ қараш лозимлигини айтган.

Президентнинг: "Биз бунга (Интернетга) бир имконият манбаи сифатида қарашимиз керак. Биз фуқароларимизнинг глобал Интернет тармоғига қўшилиш ҳуқуқини тан олишимиз шарт" деган сўзлари IRNA ахборот агентлиги томонидан чоп этилган эди.

Юқори тезликдаги 3G Интернет алоқасини қоралаши, оятуллоҳ Мукаррам Шерозийнинг виртуал ахборот оламига қарши берган илк баёноти эмас. Бундан аввал у Интернет орқали видео-қўнғироққа қарши чиққан ва буни фойдасидан кўра, зарари кўп бўлган восита, деб қорлаган эди.

Оятуллоҳ Шерозийнинг бир-биридан баҳсли бўлаётган баёнотларига муносабат билдирган Интернет фойдаланувчилари эса унинг расмий сайти шарҳлар бўлимини эътирозларга тўлдирмоқда.

"Интернетни шундоқ ҳам ғалвирдан ўтказиб бераётган бўлсангиз, яна нимани истаяпсиз? Бу нақадар мантиқсиз даъво?" деб савол қолдирди шарҳловчилардан бири.

Яна бири эса: "Интернет бугунги кунда сув ва ҳаводек зарур" деб шарҳ қолдирди.

"Бизнинг қолоқ давлатда ҳамма нарсани фақат салбий томонлари кўринади, холос. Бунақада узумни ҳам ҳаром, деб эълон қилинг, чунки ундан шароб қилинадику!" деб эътироз билдирди оятуллоҳ Носир Мукаррам Шерозий расмий саҳифасида шарҳ қолдириш имконига эга бўлган яна бир муштарий.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG